Жорж Крол: “Биз демократия ташқаридан жорий қилинмаслиги лозим, деб ҳисоблаймиз”

19 февраль куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганинига 20 йил тўлди. Гарчи АҚШ Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган давлатлардан бўлса-да, ўзаро алоқалар бирда яхшиланиб, бирда сустлашиб қолди.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасида алоқалар кўлами, айниқса, янада кенгайди. Ҳар йили Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида маслаҳатлашувлар ўтказиб келинмоқда. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш, жумладан, халқаро терроризмга қарши курашиш, наркотрафикни бартараф этиш, давлат чегараларини қўриқлаш масалаларида ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Томонлар турли дастурлар доирасида мутахассислар учун ўқув тренинглари ташкил этиш орқали мазкур йўналишда мунтазам равишда тажриба алмашиб келмоқда.
Ўзбекистон гуманитар ва ноҳарбий юкларни ташишда амалий ёрдам кўрсатиш, электр энергияси, озиқ-овқат, қурилиш материаллари билан таъминлаш, транспорт коммуникациялари барпо этиш орқали Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклашда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, 2010 йилда Афғонистонга узатилаётган электр энергияси ҳажми олти баробар ошди. Ўзбекистонлик мутахассислар стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлини барпо этди.

Қуйида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жорж Кролнинг “Новости Узбекистана” газетасига берган интервьюсини ҳавола этамиз.

– Ҳурматли элчи жаноблари, аввало, интервью беришга розилик берганингиз учун ташаккур билдирамиз. Биринчи саволим шундай: сўнгги йилларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар бирмунча ривожланди. Ўтган йилнинг ўзида АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг ташрифидан ташқари, мамлакатимизга кўплаб, чунончи, АҚШ Конгрессининг сенатор Линдсей Грехем бошчилигидаги делегацияси ташриф буюрди. Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида жорий йилда ҳам Ўзбекистонга яна бир қатор юқори мартабали амалдорлар ташрифи кўзда тутилаётганини айтиб ўтган эдингиз. Бу ташрифлар фақатгина глобал ва минтақавий хавфсизлик масалаларига бағишланадими?
– АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ҳукумати билан глобал ва минтақавий хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни Тошкентда ҳам, Вашингтонда ҳам мунтазам муҳокама қилиб келади. Шуни алоҳида қайд этишим керакки, глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш иккала мамлакат ҳукуматларини ҳам ўйлантириб келадиган масалалардан ҳисобланади. АҚШ дипломатларининг Тошкентга уюштираётган ташрифлари айнан мана шу масалага бағишланган дейишдан йироқман. Улар ҳукуматлар даражасида турли масалалар муҳокамасига қаратилгандир. Чунончи, савдо, тараққиёт, атроф муҳит ва инсон ҳуқуқи масалалари шулар жумласидандир. Яқин кунларда мана шу масалаларни муҳокама қилиш учун юксак мартабали амалдорлар ташриф буюриши кутилмоқда.
– Ҳар бир мамлакатнинг дўсту душмани бор. Кўпчилик АҚШ томонидан демократия масаласида тақдим қиладиган ёрдам ғаразсиз эмас, деган фикрни илгари суришади. Умуман, бутун дунёда демократия бўлишидан АҚШнинг манфаатдорлиги нимада?
– Қўшма Штатлар ўз бошқариш тизимини ёки демократия йўлини бутун дунёда қарор топтиришни ният қилмаган. Биз тарих синовидан ўтган шун нарсага ишонамизки, демократия, эркин сайланган ва халқ олдида масъул бўлган ҳукумат балки қисқа муддатда мукаммал ва самарали бошқарув шакли эмасдир, аммо йиллар ўтиб бу бошқарувнинг энг барқарор шакли бўлиб қолаверади. Биз демократияни дунёда барқарорлик омили сифатида қўллаб-қувватлаймиз. Шу билан бир қаторда, биз демократия мамлакатнинг, жамиятнинг ичидан чиқиши керак, яъни ташқаридан жорий қилинмаслиги лозим, деб ҳисоблаймиз.
– Охирги йилларда катта авлод вакилларининг “совуқ уруш” ҳақида қарашлари анча ўзгарди. Яхшиям бугунги ёшлар уни қарийб билишмайди. АҚШ фуқароларида қандай жараён кечмоқда? Ўша даврни эслайдиганлар, айни пайтда ёшлар биз ҳақимизда қандай фикрда?
– Менимча, мамлакатларимизда “совуқ уруш”ни бошидан ўтказмаган ёш авлод ўша вақтда яшаган одамларнинг менталитетини тушунишмайди. Буни учун мисол келтириш учун узоққа бориш шарт эмас, чунки менинг ўзим ўша авлод вакиллариданман. Биз бугунги ёшлар ўша даврдаги муаммоларни кўрмасдан яшаётганидан хурсанд бўлишимиз керак. Менимча, ёшларимиз ўша даврни ўрганишса, билишса фойдадан холи бўлмасди. Негаки, бу ўша даврдаги муаммолар такрорланмаслигининг олдини олиш учун ҳам керак. Қолаверса, ҳар бир авлод ўз муаммосига эга, ҳар бир киши ўзи суянадиган ғояни излайди. Мен бугунги авлод бағрикенглик ва тинчликка хизмат қиладиган ғояни танлашига ишонаман.
– Элчи жаноблари! Биз нафақат бошқа-бошқа қитъада, балки мутлақо бошқа-бошқа дунёда яшаймиз. Аммо шундай воқеалар содир бўладики, яшаш жойи, миллати, эътиқодидан қатъи назар барча одамлар ҳаётига дахлдордир. Аммо уларнинг аксарияти аянчли ҳодисалардир. Қувончли воқеалар ҳақида ҳам сўз юритишни истардим. АҚШ элчихонаси томонидан ҳамкорлик муносабатларининг ўрнатилганлигининг юбилейи муносабати билан қандай тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган?
– Бизда бу юбилейни нишонлаш учун асослар етарли. Зеро, турли таълим ва маданий дастурлар доирасида АҚШда бўлган минглаб битирувчиларимиз бор. Бу Ўзбекистон ёшларининг профессионаллигини ошириш ҳамда халқларимиз ўртасида ўзаро тушунишни шакллантиришда айни муддаодир. Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўтган йигирма йил давомида минглаб ўзбекистонликларга виза тақдим қилинди. Америкада анчагина кенг ўзбек диаспораси бор. Уларнинг сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Шу маънода, биз мана шундай ижобий руҳдаги ҳамкорлик тадбирларини янада кўпайтириш ва мустаҳкамлаш йўлидан борамиз. Буларни турли давра суҳбатлари, семинарлар, қабуллар ҳамда бошқа маданий тадбирларни ўтказиш орқали амалга оширамиз.
– Сўнгсўз ўрнида. Сиз дипломатлик фаолиятингиз давомида биринчи марта ҳақиқий Осиёга дуч келдингиз. Бир неча маротаба Бухоро, Самарқанд, Андижон, Фарғонада бўлганингизни айтган эдингиз. Сизнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларингиз анча бойиган бўлса керак. Ўзбекча гапира бошладингиз. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси билан ҳамкорликдаги ишларда ўз инъикосини топса керак?
– Биз ҳам, Вашингтондаги ҳамкасбларимиз ҳам ягона мақсад йўлида, яъни икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро позиция ва маданиятларимизни илгари суриш борасида фаолият олиб борамиз. Мен Вашингтонга борганимда Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Илҳом Неъматов билан учрашишга ҳаракат қиламан. Бу учрашувларда фикр, тажриба аламашамиз, фаолиятимизни муқояса қиламиз. Айни пайтда элчихоналарнинг вазифаларидан бири икки давлат ҳукуматларининг йиллик маслаҳатлашувларга тайёргарлик кўришда ўз ифодасини топади. Бизнинг мақсадимиз умумий: Афғонистон ва Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, одам ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш, ижтимоий, иқтисодий, савдо ва маданий алоқаларни ривожлантиришдир.

SHARE