Телефон рақамлар ўзгарадиган бўлди

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги буйруғи билан 100-109 билан бошланадиган барча телефон рақамлари ўзгартирилади. Gazeta.uz сайтининг ёзишича, мамлакатда фаолият олиб бораётган мобиль алоқа операторлари Тошкент бўйича ўз рақамларини яқин кунларда алмаштиришини маълум қилди. Уларга кўра, 100, 101, 102, 103, 104, 105, 106, 107, 108, 109 билан бошланадиган абонент рақамлари ўзгаради.

Хусусан, “Билайн” компаниясининг +99890 коди билан бошланадиган 105, 106, 108 рақамлари 805, 806, 808 га ўзгартирилади. “МТС — Ўзбекистон” компаниясининг +99897 коди билан бошланадиган 100, 101, 102, 103, 104, 107 рақамли абонентлари эса танишларига ўз рақамлари тегишинча 800, 801, 802, 803, 804 ва 807 ўзгаришини айтиб қўйишлари керак бўлади.

“Перфектум Мобайл” компаниясининг 109 билан бошланадиган номерлари эса 809га алмаштирилади. Ҳозирча ушбу рақамларга қачондан бошлаб қўнғироқ қилиш мумкинлиги номаълум. Бу ўзгаришлар ҳақида ахборотлар СМС орқали етказилиши кутилмоқда.

Айни пайтда шаҳарлараро ёки халқаро қўнғироқларни амалга ошириш учун амалдаги “8” ва “8-10” рақамлари ўрнига истиқболда “0” ва “00” рақамлари ишлатилиши айтилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ўзгаришларнинг сабаби миллий алоқа тизимини халқаро стандартларга уйғунлаштириш билан бевосита боғлиқдир.

SHARE