Ўқимай қўйдикми ё ўқишга китоб йўқми?

Машҳур адиб Дени Дидро “Одамлар китоб ўқимай қўйсалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”, деб таъкидлаган эди. Гарчи бу фикр бир неча аср муқаддам айтилган бўлса-да, бугун ҳам ўзининг аҳамиятини, маъносини йўқотгани йўқ.

Албатта, кундалик турмушимизда интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг роли тобора ошиб бораётган бир шароитда ҳам китоб мутолааси долзарб бўлиб қолмоқда. Афсуски, бугун нафақат ёшларни, балки катта авлод вакиллари ҳам бу маънавий машғулот билан мунтазам шуғулланаяпти, дейишдан йироқмиз…

Сир эмаски, бугун илгаригидек фақат том-том асарлар чиқариш билан иш битмайди. Ноқулайроқ бўлса ҳам, ўзимизга бир саволни бериб кўрайлик: кенг китобхонлар, айниқса, ҳозирги ёшлар бу асарларни ўқияптими?

Тўғрисини айтадиган бўлсак, ёшлар бугун ахборот ва маълумотларни асосан Интернет орқали оляпти, дунёни телевидение, компьютер орқали танияпти. Ота-онаси, ўқитувчилари минг тарғиб-ташвиқ қилмасин, бугунги ёшлар “Ўткан кунлар”, “Уруш ва тинчлик” каби мумтоз романларни ёппасига ўқияпти, деб айта оламизми?

Бугун ёшлар, ҳақиқатан ҳам, китоб мутолаасидан йироқлашмоқдами? Бунга фақат интернет ёки оммавий ахборот воситалари сабабчими? Умуман, ёшларнинг китобга яқинлаштириш учун нималар қилинмоғи лозим? “Ватандош” мазкур саволга жавоб излаб, бу борада адабиёт, бизнес вакиллари, оддий китобхонлар билдирган фикр-мулоҳазалар билан қизиқиб кўрди. Эслатиб ўтамиз, ушбу фикрлар турли нашрларга ва ҳар хил вақтда берилган бўлса-да, масалага атрофлича боқишга ёрдам беради.

 

Эркин АЪЗАМ, ёзувчи:
Бир пайтлар бадиий китоблар ўртача 40-50 минг нусхада чиққан бўлса, эндиликда уларнинг адади 5 минг нусхадан ошмайди. Ҳолбуки мамлакатимиз аҳолиси 30 миллионга яқинлашиб қолди. Ҳар олти минг кишига биттадан китоб тўғри келяпти.
Шунингдек, яна бир жиҳат бор: ҳар қанақа бестселлар асарнинг бир йил ичида ҳақиқий китобхонларга тарқалишига ишонмайман. 50-60 минг нусхадаги асар тўрт-беш йилда тарқалиб, ўз мухлисини топади. Бугун кўпчилик тезгина қўлга киритиладиган моддий неъматнинг ортидан қувмоқда. Аммо китоб мутолаасидан моддий эмас, маънавий озуқа олади одам. Бу эса бугун ёки эртага эмас, йиллар давомида ўз самарасини кўрсатиши шубҳасиз.
Жамол КАМОЛ, шоир:

Бугунги кунда китоб нашр этишнинг ахволи яхши эмас. Ўзимдан мисол, яқинда Шекспирнинг “Сонетлар” китобини “Vector Press” нашриётида 1000 нусхада чоп эттирдим. Нашр учун ўз хисобимдан 2 миллион сўм тўладим. Дўконга 2 минг сўмдан баҳолаб топширдим. Бундан ортиғини харидорнинг чўнтаги кўтармайди. Мен бундан фойда кўрмайман, балки моддий зарар кўраман. Чунки 2 миллиондан банк хизмати учун 10 фоиз, солиқ учун 13 фоиз кесиб олинади. Ҳисоблаб қаранг. Сарфлаган 2 миллион пулим қарийб 1 ярим миллион бўлиб ўзимга қайтади, ярим миллион зиён кўряпман. Ким чидайди бунга? Давлат физкултура ва спортни ўз қаноти остига олганидек, китобни ҳам ўз қанотига олиши керак.
Бунинг учун биринчи галда китобни солиқдан озод қилиш керак. Сандиқ ясаган устадан солиқ олинмайди. Аммо китоб ёзган ёзувчига солиқ солинади.

Ажабо, китоб ёзиш сандиқ ясашдан осонроқ эканми? Китоб – маънавий неъмат. Уни давлaт хазинасига пул туширадиган моддий неъматга тенглаштириш инсофдан эмас.

Ҳамма даврда адабиёт ва санъат моддий мададга мухтож бўлган. Уни бозор гирдобига ташлаб қўйиш таназзулга маҳкум этиш деган гап.
Дилафрўз ЭСИРГАПОВА, Самарқанд вилояти:

Гарчи ҳазм қилиш оғир бўлса-да, бу борада ёши катталарга, ота-оналарга баъзи эътирозларимни айтиб ўтмоқчиман.
Яқинда бир курсдошимга туғилган кунида отаси кейинги русумдаги уяли телефон ва қимматбаҳо кийим совға қилди. У ҳадяларини бизга кўрсатиб, роса мақтанди. Очиғи, унга ҳавасимиз келди, аммо…
Менинг кўнглим оғриди. Йўқ, ҳасаддан эмас. Ўша курсдошимнинг уйида ўзбек адибларининг бирорта ҳам китоби йўқ. Чунки отаси ҳам, онаси ҳам китоб ўқишмайди.

Уяли телефон ўрнига бирорта яхши асар совға қилишса, ўша қиз ўқимайди, дейсизми? Ўқийди.

Бизда эса аксинча, китоб эмас, балки компьютер, телевизор, радио ва бошқа буюмлар совға қилиш одатга айланган. Ваҳоланки, ҳозирда китоблар ҳам шунақа чиройли, гўзал чоп этилаяптики, уларни бемалол совға сифатида ҳам топшириш мумкин.

 

Абдулла АЪЗАМ, блоггер:

Бир одам умрида нечта китоб ўқиши мумкин? Гап сонда эмас, гап — китоб ўқишдай саодат ўрнига умр нималарга сафрланаётганида. Китоб саодат топиш учун ўқилмайди. Унутмаслик керакки, китоб ўқишнинг ўзи олий саодат.
Саводхонлик ҳар хил бўлиши маълум. Саводсизлик ҳам шундай: алифбе ўқимаган — оддий саводсиз, она тили дарслигини ўқимаган — саводсиз саводсиз, бадиий асар ўқимаган — маданий саводсиз, Конституцияни ўқимаган — ҳуқуқий саводсиз ва ҳоказо.
Умр ҳар даврининг ўз китоблари бор. Савод энди чиққан пайтда ўқиладиган китоблар бор — ўқимаган болалик кемтик, умр шомида ўқиладиган китоблар бор — ўқимаган кексалик зулмат…
Одам сафиюллоҳ Китоб билан ҳаётга йўлланган. Муҳаммад алайҳиссалом ўқиш-ёзишни билмаганлар, аммо у зотга Китоб нозил қилинган. Демак, Китобсиз одам комил эмас!

…«Китобнинг даври ўтди». Бўлмағур гап. Китоблар телевизор экранига термилганча умрини совураётган одамларни истеҳзо билан кузатиб туришибди.

 

Маҳмуд ЖАББОРОВ, тадбиркор, Тошкент:

Мен қаердадир яхши китоб чиққанини эшитсам, қандай бўлмасин, уни топишга ҳаракат қиламан. Бу билан демоқчиманки, яхши китоблар, яхши таржималар кам. Миллий адабиётимизда жуда катта тушкунлик бор, яхши асарлар қарийб йўқ. Балки адашаётгандирман, лекин адиблар ҳақиқий, ҳаёт ва муҳаббат, инсонийлик ҳақида яхши асарлар ёзишса, ҳеч иккиланмасдан ўқиб чиққан бўлар эдим.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керак, тарихий китобларни нашр қилиш, умуман, яқин тарих ҳақида бир мафкурадан холи, факт ва ўша даврдаги замондошлар хотирасига таяниб ёзилган асарларни кўпайтириш керак.

 

Стив ЖОБС, Apple раҳбари (марҳум):

“Амазон” томонидан янги электрон китоблар яратилаётганидан хабарим бор. Аммо мен бу бозорда фаолият олиб истамайман. Гап “Амазон” тайёрлаган нечоғли зўр ёки ёмон эканлигида эмас, балки бугун одамлар китоб ўқишдан тўхташди. Ўтган йили қирқ фоиз америкаликлар бор-йўғи биттадан китоб ўқишган экан. Ҳарчанд китоб ўқиш яхши амал бўлса-да, одамлар ундан узоқлашмоқда.

SHARE