23 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Жаҳон банки: Хитойда инқироз бошланади

“The Wall Street Journal” газетасининг ёзишича, агар Хитой кенг миқёсли иқтисодий ислоҳотлар ўтказмаса, чунончи, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтирмаса, жиддий иқтисодий таназзул дуч келиши мумкин, деб ёзади. Бундай хулосага Жаҳон банки экспертлари келишган. Экспертлар Хитойда давлатнинг иқтисодиётдаги улуши ҳаддан ташқари ортиб, бу мамлакатнинг изчил ривожига салбий таъсир кўрсатишини қайд этишмоқда. Шунинг учун улар Хитой ҳукуматига рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат компанияларини хусусийлаштиришни тавсия қилган.


 

 

58,5 мингга долларга тушди

“Нью-Йорк — Рига — Тошкент” йўналишида Ўзбекистонга учиб келган самарқандлик У. Ҳасанов ёнидаги 58,5 минг АҚШ доллари билан бирга, қиймати 2,7 млн. сўмлик 10 дона уяли телефон, 2 дона ноутбук ва битта электрон планшетни божхона баённомасида кўрсатмасдан ҳамда божхона ходимининг оғзаки сўроғи пайтида маълум қилмасдан олиб киришга уринган пайтда ушлаб қолинган.


 

 

Чегаралар аниқлаштирилади

Тожикистон ва Ўзбекистон икки давлат чегара чизиғини белгилаш бўйича шартнома лойиҳасини муҳокама қилишга келишиб олишди. Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, ҳозирги кунгача икки мамлакат чегараларининг 84 фоизи аниқ белгиланган бўлиб, 2002 йилда бу борада тегишли шартнома имзоланиб, икки давлат парламенти томонидан ратификация қилинган.


 

 

Ҳали умид бор

2012 йилги Лондон Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш учун Ўзбекистон олимпия терма жамоаси навбатдаги учрашувда Бирлашган Араб Амирликлари футболчиларини қандай ҳисобда бўлса-да, мағлуб этиши керак бўлади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ушбу мусобақага бориш имконияти қолмаган Ироқ олимпия терма жамоасига 2:1 ҳисобида мағлуб бўлган эди. БАА эса, ўз навбатида, Австралияни 1:0 ҳисобида енгган эди.


 

 

Қўшиқчилар тартибга чақирилди

22 февраль куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Миллий эстрада санъати: шоир, бастакор ва хонанда ҳамкорлиги давр талаби” мавзуидаги давра суҳбати ўтказган. Унда таниқли санъаткорлар Озодбек Назарбеков, Ғуломжон Ёқубов, Зулайҳо Бойхонова, Ҳосила Раҳимовалар билан бирга, Манзура, Акбар, Ҳусан, Мадина Мумтоз, Зиёда, Фаррух Комилов, “Уммон” гуруҳи, Ёдгор Мирзажонов, Амира Алибекова, Тамила, Рухшона, Сирожиддин, Отабек Муталхўжаев сингари ёш хонандалар таклиф қилинган. Унда ёш хонандаларнинг тахаллусидан тортиб қўшиқлари матнларигача танқид қилинган. Айни пайтда сайёд.ўз сайтида ёзилишича, бу тадбирда бир гуруҳ “устоз” шоир ва мутасаддилар фақат ёш ижодкорларни танқид қилишдан нарига ўтмаган.

 

SHARE