Тошкентда доимий пропискадан ўтишнинг янги тартиблари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарор қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага кириш тартибини белгиловчи низом тасдиқланди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўтган йилнинг 15 сентябрида “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, унга мувофиқ, пойтахтда ва Тошкент вилоятида доимий пропискадан ўтиши мумкин бўлган 12 тоифадаги фуқаролар рўйхати кўзда тутилган.

Тошкент пропискаси – 12 тоифа кишилар учун

Хусусан, унда қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) — хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга; васийлик ва ҳомийликдаги шахслар — васий (ҳомий) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига; эр (хотин) — хотини (эри) доимий прописка қилинган уй-жой майдонига, башарти камида бир йил биргаликда яшаётган бўлса; Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар — улар Тошкент вилоятида бошқа манзил бўйича доимий прописка қилиниш масаласи юзасидан мурожаат этган тақдирда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) — мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга; давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, шунингдек уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) — мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга доимий пропискага қўйиладиган бўлди.

Кейинчалик Президентнинг фармони билан Тошкент шаҳри ва вилояти ҳокимликлари ҳузуридаги доимий пропискага қўйиш билан шуғулланган махсус комиссиялар фаолияти тугатилди. Эндиликда, низомга кўра, доимий пропискага қўйиш билан ички ишлар органлари иш олиб боради.

Доимий прописка югур-югури уч кун

Доимий пропискани олиш учун фуқаролар, қонунда кўрсатилган ўз тоифаларидан келиб чиқиб, тегишли ҳужжатларни Тошкент шаҳри ва вилояти ички ишлар идораларининг туман ёки шаҳар бўлимлари Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига топшириши керак бўлади.

Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими уч иш куни давомида тақдим қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини текшириб, агар улар Рўйхатдаги тоифаларга мувофиқ бўлса, доимий пропискани рўйхатга олади.
Тақдим қилинган ҳужжатларнинг нотўғри ёки унда келтирилган ахборотларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги, шунингдек, Тошкент шаҳри ва вилоятида дооимий прописка олиш асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳолати аниқланган тақдирда ички ишлар бошқармаси пропискани бекор қилиб, ҳужжатларни тергов идораларига юборади.

Уйлиларга доимий прописка нақд

Низомнинг биринчи бандида қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган, шунингдек, уни мерос қилиб ёки суд қарори билан олган фуқаролар — хусусий мулк қилиб олинган уй-жойга доимий пропискага қўйилади.
Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорида давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари раҳбарлари юқори малакали мутахассисларни доимий пропискага қўйишни сўраб асоссиз илтимоснома юборса ёки ушбу шахслар ишдан бўшатилган, бошқа ишга ўтган ва пенсияга чиққан тақдирда ички ишлар органларига хабар бермаса, шахсан жавобгарликка тортилиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий прописка қилинган шахслар ишдан бўшатилган, бошқа ишга ўтган ва пенсияга чиққан тақдирда иш берувчи икки кун муддат ичида ходимнинг охирги доимий прописка манзили бўйича Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимини огоҳлантиради. Ушбу маълумот асосида шахснинг доимий пропискаси, доимий пропискани олишга бошқа асос бўлмаса, эски манзилига ўтказиш учун чиқарилади. Тошкент шаҳри ва вилоятидан доимий пропискадан чиқиб кетишдан бўйин товланган ҳолатда доимий прописка бекор қилинади.

Қарорда юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассисларни ишга таклиф қилаётганда тегишли орган ёки ташкилот раҳбарларига ушбу ходимлар учун хизмат уйларини тақдим қилиш амалиётини кенг жорий қилиш тавсия қилинган.

Вақтинчалик прописка учун рухсат олинмайди, шунчаки рўйхатдан ўтилади

Янги тартибга кўра, эндиликда вақтинчалик яшаш бўйича рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатлар Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига эмас, балки келиб жойлашган ҳудуддаги милиция таянч пунктига ҳужжатлар топширилади.
Фуқаролар Тошкент шаҳри ва вилоятида вақтинчалик яшаш учун доимий пропискадан чиқармасдан 5 кундан 6 ой муддатгача рўйхатга қўйилади.

Низомга биноан, рўйхатга ўтиш уй-жой харид қилиш, шунингдек, доимий иш жойи ва пойтахт ҳудудида ижтимоий ҳимоя ёрдамларини олиш ҳуқуқини бермайди. Яъни вақтинчалик яшаш манзили бўйича пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олинмайди.

Вақтинчалик рўйхатдан ўтиш орқали фуқаро ана шу муддатга ишлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳолатда ушбу муддат олти ойдан ошмаслиги керак.

Тошкент шаҳри ва вилоятига ташриф буюрган фуқаролар беш кун муддатгача рўйхатдан ўтмасдан яшашлари мумкин. Пойтахтдаги ёки Тошкент вилоятидаги меҳмонхоналар, шифохоналар, санаториялар, дам олиш уйлари ва бошқа шунга ўхшаш муассасаларга келган фуқароларни рўйхатга олиш ушбу ташкилотлар маъмурияти зиммасига юкланади.

Милиция таянч пункти инспектори вақтинчалик фуқаронинг аризасини ўрганиб, расмийлаштириб, шунингдек, рўйхатга олиши биланоқ, яъши ўша куни келиб жойлашган манзилида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқлайдиган махсус варақани беради.

Эслатиб ўтамиз, қарорга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда бир ой ичида амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, ҳозирча Тошкент шаҳрида мазкур қарор ижроси бўйича доимий рўйхатга олиш ишлари бошланмаган.