24 февралнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Вазир бобосининг юртига келди

Исроил маърифат вазири Гидеон Саар Ўзбекистонга ташриф буюрди. Исроил — Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабати билан уюштирилган мазкур ташриф давомида вазир Ўзбекистон халқ таълими, олий таълим вазирлари ва бошқа расмий шахслар билан учрашган. У, шунингдек, яҳудийлар мактабига ташриф буюриб, Ўзбекистондаги яҳудийлар жамияти вакиллари билан учрашди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Гидеон Саарни Ўзбекистон билан боғлайдиган қариндошлик ришталари ҳам бор. Хусусан, унинг бобоси Йонатан Софиев Бухоро хонлиги руслар томонидан босиб олингач, мамлакатдан чиқиб кетган. Софиевлар оиласи ўз вақтида Бухородаги йирик тадбиркорлардан бири бўлиб, Бухоро амири Амир Олимхонга кредит бериб туришган.


 

 

Тўйдан олдин ноғора чалишди

Ўфф.ўз сайтининг ёзишича, БАА олимпия терма жамоаси Австралия устидан кичик ҳисобда ғалаба қозонганидан сўнг, Амирликдаги оммавий ахборот воситалари гуруҳдаги вазиятни ҳисоб-китиоб қилишда хатога йўл қўйиб, Лондон Олимпиадаси сари йўлланмани муддатидан олдин қўлга киритганлари ҳақида бутун мамлакатга жар солиб юборишди. Ушбу хабардан сўнг Абу Даби, Дубай, Шаржа ва бошқа шаҳарларда одамлар ушбу “тарихий ғалаба”ни оммавий тарзда нишонлашга киришиб кетишди. Орадан бир неча соат ўтганидан сўнггина, ОАВ хатони тушуниб етиб, ўз хабарига тузатиш киритиб ўтди ҳамда тўғридан-тўғри йўлланма тақдири 14 март куни Тошкентда ҳал бўлиши ҳақида маълумот берди.


 

 

Сурия инқирозини Кофи Аннан ҳал қилади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Араб давлатлари лигаси Сурия инқирозини ҳал қилиш учун БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннанни мазкур икки ташкилотнинг махсус элчиси сифатида йўллаш ҳақида қарор қабул қилишди. Кофи Анан Сурияда ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш чораларини кўради. Экспертлар БМТнинг собиқ бош котиби бу борада муваффақиятга эришиши, чунончи, томонлар ўртасида тарафларни мулоқот столига жалб қилиши мумкинлигини айтишмоқда.


 

 

Ўзбекча “Burger King” патентланди

“BLOSSOM OSIRIUS” масъулияти чекланган жамияти бутун дунёда машҳур “Burger King” савдо белгисини Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идорасида патентдан ўтказди. “Burger King” бренди остида тамаддихоналар, қаҳвахоналар, кафетерийлар, мотеллар, пансионлар, ошхона жиҳозларини ижарага бериш, ресторанлар, ўзига ўзи хизмат қилиш ресторанлари, ишлаб чиқаришдаги ва ўқув муассасаларидаги ошхоналар, барлар хизмати, кемпинглар хизмати, таомлар тайёрлаш ва уларни уйга етказиб бериш бўйича хизматлар очилиши мумкин.


 

 

Жиззахлик бобо Гулсанамнинг қўлини олди

Тошкентда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, ҳушовоз хонанда Гулсанам Мамазоитованинг концерти бўлиб ўтмоқда. Концертда бўлган мухлисларнинг айтишича, концерт дастури, ҳақиқатда, чиройли ва яхши ташкил қилинган. Концерт меҳмони сифатида Отабек Муҳаммадзоҳид куйлаган. Эътиборли жиҳати, сайёд.ўз сайтининг ёзишича, Гулсанамнинг концертига нафақат ёшлар, балки кекса ёшдаги “фанат”лар ҳам киришган. Хусусан, жиззахлик отахон хонанданинг ашаддий мухлиси эканлигини айтиб, концерт тугагунча зални гир айланиб ҳамма ерда ўтириб, қўриқчилар билан талашиб, , Гулсанам билан учрашади ва  уни дуо қилади.

 

SHARE