Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Илҳом Неъматовнинг “Ватандош” газетасига берган интервьюси

  Жорий йилнинг 19 февраль куни АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига йигирма йил тўлди. Шу боис “Ватандош” газетаси ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари ҳамда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари хусусида Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

_______________________________________

Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Илҳом Неъматовнинг “Ватандош” газетасига берган интервьюси

— Ҳурматли Элчи жаноблари, аввало, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлиги муносабати билан интервью беришга розилик берганлигингиз учун олдиндан ташаккур билдирмоқчиман. Вақтингиз тиғиз эканлигини ҳисобга олиб, бирданига саволларга ўтмоқчиман. Сиз ушбу тарихий воқеанинг, яъни икки мамлакат ўртасида ўрнатилган дипломатик алоқаларнинг йигирма йиллиги аҳамиятини қандай баҳолаган бўлар эдингиз? Бугун ўзбек дипломатиясининг АҚШдаги қайси вазифаларини устувор, деб атаган бўлар эдингиз?

— Бундан роппа-роса йигирма йил муқаддам АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилиб, Америка дунёда биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олди. 1992 йили Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик алоқаларни ўрнатиш бўйича ҳужжат имзоланди. Бу, албатта, ёш мустақил Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида муҳим оламшумул, тарихий, сиёсий воқеа бўлди. Албатта, бу ҳужжат бизнинг кейинги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги алоқаларимизни ривожлантириш учун катта бир асос бўлиб хизмат қилди.

— Кўплаб америкалик юқори мартабали шахслар ўз чиқишларида АҚШнинг Ўзбекистонда ўта долзарб манфаатлари бор, деб қайд этишмоқда. Буни қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?

— Албатта, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга жуда катта аҳамият беради ва қизиқиш билдиради. Бунинг сабаблари нимада? Бунга кўп омиллар, яъни сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва тарихий омиллар мавжуд. Авваламбор, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда эгаллаб турган роли ва салоҳиятидир. Иккинчидан, Ўзбекистоннинг маданий салоҳиятидир. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг худо берган табиий бойликларидир. Мана шу иқтисодий ва сиёсий факторлар, албатта, АҚШ давлатининг Ўзбекистонга катта қизиқиш билдиришига асосий сабаб бўлади. Яна битта асосий сабаб: Ўзбекистон географик жиҳатдан жуда муҳим жойда, яъни Ғарб ва Шарқ манфаатлари кесишган жойда жойлашганидир. Мана шу ҳам Ўзбекистонга бўлган муносабатнинг асосий омилларидан ҳисобланади.

— Кўпчилик кузатувчилар 2010 ва 2011 йилларда икки мамлакат дипломатик алоқаларида ўта сермазмун ва самарали бўлганлигини қайд этишмоқда. Турли даражадаги 50 дан ортиқ ташриф ва учрашувлар уюштирилди. Ўтган учрашувларда имзоланган қайси ҳужжатларни алоҳида қайд этган бўлар эдингиз?

— Кейинги йиллардаги Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларига назар соладиган бўлсак, ўзаро алоқалар ҳар томонлама фаоллашди. Биринчидан, АҚШ Давлат котиби сўнгги йилларда икки марта Ўзбекистонга расмий ташриф билан бориб, мамлакатимиз раҳбари Ислом Абдуғаниевич Каримов билан жуда мазмунли суҳбатлар ўтказди. Уларда икки томонлама алоқалар, Марказий Осиёдаги вазият, албатта, Афғонистон масаласи кўриб чиқилди. АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга 2010 йилда уюштирган ташрифи чоғида муҳим бир ҳужжат — илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Албатта, бу ҳужжат биз учун жуда муҳим. Чунки АҚШ ва Ўзбекистоннинг бу соҳадаги салоҳияти жуда катта.

— Минтақадаги энг долзарб масалалардан бири — Афғонистон муаммосидир. Ушбу мамлакатнинг келажаги ҳақида турли хил фикрлар мавжуд. Бу масалада сизнинг фикрингиз қандай? Афғонистонда узоқ муддатли хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш, мамлакатни қайта тиклаш ишларига Ўзбекистон халқаро ҳамжамият билан бирга қандай ҳисса қўшиши мумкин?

— Энди Афғонистон ҳақида гапирганда, мен бир нарсани айтиб ўтишим керак, Афғонистон Ўзбекистон учун жуда муҳим давлат. Бу ерда иккита омилни ҳисобга олишимиз керак. Биринчиси, бу хавфсизлик масалаларидир. Чунки биз Афғонистон билан 160 километрдан ортиқ умумий чегарага эгамиз. Иккинчиси, иқтисодий масалалардир. Биласиз, Ўзбекистон тўғридан-тўғри океанларга ёки портларга чиқиш имконига эмас. Шунинг учун Афғонистонда тинчлик бўладиган бўлса, ушбу мамлакат Ўзбекистон учун портларга чиқишга энг яқин йўл вазифасини бажаради. Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ривожланиб, кейинги пайтларда мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти борган сари ошиб бормоқда. Афғонистон биз жуда муҳим транзит йўл ҳисобланади. Шунинг учун Ўзбекистон Афғонистондаги тинчликни сақлашга жуда катта қизиқиш билдиради.

— Ҳурматли элчи жаноблари! Таълим, фан ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболларини қандай баҳолайсиз?

— Таълим соҳасидаги ҳамкорлик биз учун ниҳоятда муҳим. Ўзингиз биласиз, мустақилликнинг, ривожланишнинг асосий мезони, бу — юксак салоҳиятли кадрлардир. Мамлакатимизда кадрлар тайёрлашга Президентимиз томонидан жуда катта аҳамият берилмоқда. Бунинг учун махсус дастур ишлаб чиқилган. Унга асосан, жуда кўп ёшлар чет давлатларга, жумладан, Америка Қўшма Штатларига келиб, нуфузли олий ўқув юртларида ўқиб, таълим олиб қайтишди. Улар бугун мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳаларида ишлашмоқда. Яқинда биз жуда катта халқаро анжуман ўтказдик. Унда жуда кўп давлатлардан 270 дан ортиқ университетлар профессорлари, ректорлари, расмий кишилар иштирок этишди. Америкадан, мен сизга айтишим керак, 30 га яқин университетлар раҳбарлари иштирокида делегация иштирок этиб, Ўзбекистон билан таълим соҳасида қандай ҳамкорлик олиб бориш ҳақида музокаралар ўтказилди. Мен ўйлайманки, мана шу конференция натижасида Ўзбекистон ва АҚШнинг бу соҳадаги ҳамкорлиги янада ривожланиб боради.

— Ҳозирги пайтда АҚШда 100 минглаб ҳамюртларимиз истиқомат қилади. Бундан ярим аср муқаддам Америка — Туркистон ассоциацияси ташкил этилди. Қолаверса, Бухоро яҳудийларидан иборат анчагина йирик ўзбек диаспораси истиқомат қилади. Элчихона Америкадаги ҳамюртларимизни қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар олиб бормоқда?

— Албатта, АҚШдаги ҳамюртларимиз билан ишлаш бизнинг асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Сиз тўғри айтдингиз, дунёдаги жараёнларни ҳисобга оладиган бўлсак, миграция табиий ҳолатдир. Биз Америка — Туркистон жамияти билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Ва Ўзбекистондан келган ҳамюртларимизнинг маданий ҳаётлари ва Америкадаги жараёнлардаги иштироки бўйича изчил ҳамкорлик қиламиз. Ҳар йили жуда кўп маданий тадбирлар ўтказамиз. Жумладан, Америка — Туркистон жамияти билан ҳамкорликда Наврўз байрамини ўтказиб келамиз. Нафақат Нью-Йоркда, балки Сиэтлда, Филадельфияда, Чикагода бўлиб ўтган Наврўз тадбирларида иштирок этдик. Бу йил ҳам шуни мўлжаллаб турибмиз: Сиэтлда, Чикагода, Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган Наврўз байрамларига элчихона яқиндан ёрдам бериб, бирга ўтказишни режалаштираяпмиз. Бу, албатта, нимага ёрдам беради? Бир нарсани билиш керакки, бу, аввало, Ўзбекистон маданиятини, тарихини сақлаш, уни Америкада тарқатишга ёрдам беради. Иккинчи томондан, бу маданий соҳада алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

— Шу ўринда ўзингиз, оилангиз, мана шундай юксак лавозимга эришишгача бўлган фаолиятингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

— Мен 1989 йили, яъни бундан 23 йил муқаддам дипломатия соҳасида ўз фаолиятимни бошлаганман. Жуда хурсандман. Чунки 1992 йилдан бери Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида турли вазифаларда ишлаб келаман. Хабарингиз бор, бизнинг биринчи энг катта элчихоналаримиздан бири Германияда очилган. 1992-1993 йилларда у ерда ишладик. Ундан кейин Тошкентга қайтиб бориб, Ташқи ишлар вазирлигида хизмат қилдик. 1997-1999 йилларда Ҳиндистонда элчи бўлиб ишладик. Мен бундан жуда хурсандман. Чунки Ўзбекистон ва Ҳиндистон алоқалари тарихан чуқур илдизга эга. Хабарингиз бор, Бобурийлардан бошлаб икки давлат ўртасида алоқалар жуда ривожланган. Қолаверса, Ҳиндистон минтақада катта салоҳиятга эга бўлган давлат. Ундан кейин Тошкентга келиб, ташқи ишлар вазири ўринбосари вазифасида ишладик, ана ундан кейин давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан Москвада элчи бўлиб фаолият юритдик. Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимида ишлаб турибмиз. Бу ердаги асосий вазифамиз, албатта, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришдир. Оилам ҳақида гапирадиган бўлсак, тўрт нафар фарзандим бор. Уларнинг кўпи Тошкентда яшашади. Бу ерда бир нафар фарзандим ва икки набирам бор. Ҳаммалари ҳар хил соҳаларда ишлаб юришибди.

— “Vatandosh” газетасига тилакларингиз.

— Авваламбор, “Ватандош” газетасини бир йиллик байрами билан табриклайман. Бу жуда катта иш. Чунки “Ватандош” орқали бизнинг Ўзбекистон тарихини, маданиятини, юртимизда юз бераётган жуда кўплаб яхши ўзгаришларни Америка халқига, жамиятига тарқатасизлар. Бу жуда катта сиёсий аҳамиятга эга. Биз, албатта, “Ватандош” газетаси билан яқиндан алоқада бўлиб, Ўзбекистон ҳақида, мамлакатимизда юз бераётган ижобий ютуқларни газета орқали ёритиш мақсадида кейинги йилларда ҳамкорликни кучайтирамиз. Чунки Ўзбекистон ўз йўлидаги барча қийинчиликларга қарамасдан, ўтган 20 йил давомида иқтисодиётда, маданиятда жуда катта ютуқларни қўлга киритди. Мана шу ютуқларни газета орқали тарқатиш биз учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга.

— “Vatandosh” газетаси қимматли вақтингизни аямасдан интервью берганингиз учун ташаккур билдиради. Иш-фаолиятингизда омад тилайди.

SHARE