Элчихонада дипломатик алоқаларнинг 20 йиллиги нишонланди

Яқинда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 20 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Аввал хабар берганимиздек, бу йил АҚШ — Ўзбекистон дипломатик муносабатларининг 20 йиллиги нишонланмоқда.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Неъматовнинг айтишича, Қўшма Штатлар Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг Ўзбекистонни тан олган илк давлатлар қаторига киради. Муносабатлар бирда яхши, бир ёмон бўлишига қарамай АҚШ республиканинг энг муҳим ҳамкорларидан ҳисобланади.

Ўзаро муносабатлар икки мамлакат ўртасида имзоланган Стретегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация, Илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим сингари 60дан зиёд ҳужжатлар асосида изчил олиб борилмоқда. Таълим соҳаси икки давлат муносабатларидаги муваффақиятли йўналишлардан.

Туркистон-Америка жамияти раиси Абдулла Хўжанинг айтишича, ўзаро алоқалар ривожидан нафақат икки давлат, балки Америкада яшаётган ўзбеклар ҳам манфаатдор. Зеро, бугун АҚШда юз мингдан ортиқ ўзбеклар истиқомат қилади.

АҚШ — Ўзбекистон муносабатларининг ривожланишида Бухоро яҳудийлари жамиятининг ҳам ҳиссаси бор, дейди АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси президенти Борис Кандов. “Америкада яшаётган Бухоро яҳудийлари АҚШ — Ўзбекистон алоқаларининг камол топишига нафақат гувоҳ бўлган, балки уларни бугунги даражага чиқариш учун кўп ҳаракат қилди. Оқ уй, Конгресс, Давлат департаментидаги учрашувларда Ўзбекистоннинг АҚШ учун муҳимлигини ҳамиша таъкидлаб келамиз”, деб қайд этиб ўтди у, жумладан.

Жон Хопкинс университети Халқаро алоқалар факультети раҳбари Фредерик Старнинг айтишича, бугунги кунда муносабатларни янада ривожлантиришда мавжуд салоҳиятдан етарли даражада фойдаланилмаяпти. “Ҳамкорлик талаб қиладиган, ўзаро манфаатли, баъзида биз билмаган кўплаб соҳалар борки, ушбу йўналишларда муносабатларни янада кучайтириш мумкин”, деб қайд этди у.

Ўзбекистон элчиси Илҳом Неъматов меҳмонларни ушбу сана билан табриклаб, икки давлатнинг шу кунгача АҚШ ва Ўзбекистонда хизмат қилган элчиларини ёдга олди, алоқалар ривожига ҳисса қўшган арбоблар ва дипломатларга миллий зартўн ҳадя этди.

Кечада асосан америкалик қизлардан иборат “Ипак йўли рақс” гуруҳи меҳмонларга ўзбек рақсларидан даста ҳадя қилишди.

SHARE