1 мартнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

НАТО юкларига йўл очиқ

“The Wall Street Journal” газетасининг ёзишича, АҚШ ҳарбий маъмурияти Афғонистондан ўз контингентини олиб чиқиб кетиш бўйича Марказий Осиё давлатларининг аксарияти, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳам розилигини олган. Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ чет эл оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳарбий юкларни ўз ҳудудидан олиб чиқишга розилик бермаганлиги ҳақида ахборотлар пайдо бўлган эди. АҚШнинг Афғонистонда 46 минг ҳарбий техника, шунингдек, 100 минг контейнер юки бўлиб, унинг қиймати 49 миллиард долларни ташкил қилади.


 

 

Турк сериаллари яна қайтиши мумкин

Кейинги ҳафтадан Ўзбекистон телевидениесида турк сериаллари намойиши қайта тикланади. Регнум.ру сайтининг ёзишича, бу масалада Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Тошкентдаги Туркия маданият маркази ўртасида келишувга эришилган. Ўзбек телеканалларида турк сериаллари намойиши тўхтатилишига Туркия маданият маркази томонидан кўрсатилаётган сериалларга тўлов талаб қилгани сабаб бўлган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 22 февралидан ўзбек телеканалларида намойиш этилаётган “Келин”, “Муҳаббат симфонияси”, “Ажралсак-да биргамиз” турк сериаллари тўсатдан тўхтатилган эди. Бу ҳолатга турли сабаблар важ қилиб кўрсатилган эди. Ушбу воқеа кенг жамоатчилик томонидан турлича кутиб олинди. Хусусан, интернетдаги ижтимоий тармоқларда бу масала кенг муҳокама қилинди.


 

 

Шимолий Корея атомга даъвогарлик қилмайдиган бўлди

Пхеньян АҚШ томонидан тақдим қилинадиган озиқ-овқат ёрдам эвазига ўзининг ядровий дастурини тўхтатиб туришини маълум қилди. Буни эвазига Америка томонидан Шимолий Кореяга 240 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари берилади. “Шимолий Корея баллистик ракета ва ядро синовларига мораторий қўяди, Йонбендаги ядро ишноотида олиб бораётган ишларни тўхтатади”, деди АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон. Бу келишувларнинг назоратини БМТ инспекторлари олиб боради.


 

 

Суратсиз чекилади

АҚШ олий суди тамаки компанияларини сигарет қутиларида огоҳлантириш суратларини жойлаштириш мажбуриятидан халос этди. Судья Ричард Леонга кўра, бу АҚШ конституциясининг биринчи тузатишига, яъни сўз эркинлигига зиддир. Конгресс томонидан 2009 йилда қабул қилинган қонунга биноан, сигарет қутиларида “чекиш зарарли” ёки “чекиш болалар соғлиғига зиён” каби тўққизта иборани ишлатиши ҳамда чекишнинг оғир оқибатлари ҳақида суратлар билан қадоқланиши кераклиги белгилаб қўйилган эди. Судьяга кўра, бу эҳтиёт чоралари кашандалар чекишнинг зарари ҳақида етарли даражада огоҳлантириш бермайди ва айни пайтда тижоратчиларга нимани ёзиш кераклигини уқтиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.


 

 

Озодбек Назарбековдан икки ҳафталик концерт

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков шу йилнинг 6-20 апрель кунлари ўзининг анъанавий концертини тақдим этади. Озодбек Назарбеков бу йилги “апрель концерти”да “Хуш келдингиз” деб номланиб, унда янги шоулар, қўшиқларни ўз мухлислари эҳтиборига ҳавола этишни ният қилмоқда. Озодбек Назарбековнинг концертлари анча мухлисбоп бўлиб, концерт учун билетларни кассадан топиш бирмунча мушкул. Шунинг учун кўп ҳолатларда мухлислар олибсотар чиптафурушлар билан муроса қилишга мажбур бўлишмоқда.

SHARE