2 мартнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Пентагон Эрон билан урушга ҳозирлик кўрмоқда

АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони Нортон Шварц унинг қўл остидаги ходимлари Эронга қарши ҳарбий амалиёт ўтказиш учун махсус режа ишлаб чиққанлигини Bloomberg ахборот агентлигига маълум қилган. Агентликнинг ўз манбаларига таяниб ахборот беришича, АҚШ ҳарбийлари Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси базасига, мудофаа вазирлиги иншоотларига, шунингдек, ушбу мамлакат хавфсизлик хизмати бош қароргоҳига ҳаво зарбаларини беришни режалаштирмоқда. Қолаверса, Пентагон ёқилғи таъминоти билан шуғулланувчи самолётларини, агар зарурат туғилса, Эрон ядро объектларига зарба беришга йўналтирилган Исроил қирувчи учоқлари учун тақдим этиши мумкин.


 

 

Кичик ҳаж амали бошланди

Кеча “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг чартер рейси билан Саудия Арабистонида Умра амалини бажариш учун 225 кишидан иборат ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Жиддага етиб борди. Эслатиб ўтамиз, бу йил муқаддас қадамжоларни 4 минг нафар юртдошимиз зиёрат қилади. Зиёратчиларни жўнатиш ва кутиб олиш учун Диний ишлар қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари бошқармаси, бошқа идора ва ташкилотларнинг ходимлари жалб этилган. Маккадаги меҳмонхона Макка мачитидан 400 метр масофада жойлашган бўлиб, зиёратчиларимизга хизмат кўрсатиш учун 6 та хизматчи, 20 та шифокор ва 2 та ошпаздан иборат ишчи гуруҳ юборилди.


 

 

Жамшид Мухторовнинг ҳимоясини ўйлаб шундай қилинган

Ўзбекистонлик Жамшиж Мухторов эҳтиёт чораси сифатида махсус тураржойда сақланишининг сабаблари аниқлашди. Эслатиб ўтамиз, у умумий ахлоқ тузатиш қамоқхонасида эмас, балки махсус тураржойда сақланаётган эди. Бунга у билан бирга қамоқхонада сақланаётганларнинг кўпчилиги уни 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига жалб этилган террорист сифатида қабул қилиши мумкинлиги сабаб бўлган. Шунинг учун унинг ҳимоясини кўзлаб алоҳида жойда сақлашга кўрсатма берилган. Маълумки, Жамшид Мухторов тегишли хорижий террорчиларга моддий ёрдам кўрсатиш ва бундай кўмакни кўрсатишга ҳаракат қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Ахлоқ тузатиш колонияси нозири Жонни Чавес “Менинг тажрибам шуни кўрсатдики, маҳбуслар ҳар қандай терроризмда айбланган шахсни 11 сентябрь воқеаларига айбдор ҳисоблаши ва унга зиён етказиши мумкин”, деб ёзган. Жамшид Мухторов ҳозирги кунда махсус тураржойда жойлаштирилган бўлиб, унинг барча хатти-ҳаракатлари назорат остига олинган. Чавеснинг ёзишича, Мухторов махсус тураржойда сақланиши кучли назорат билан эмас, балки унинг ҳимоясини ўйлаб қилинган чорадир.


 

 

Европа бюджет тизимини қаттиқлаштирмоқда

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар раҳбарлари Брюсселда янги бюджет пактини имзолашди. Уни фақат Буюк Британия ва Чехия имзолашдан бош тортди. Маълумки, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларда давом этаётган иқтисодий таназзул мана шундай кескин чораларни кўришга мажбур қилмоқда. Янги ҳужжатга кўра, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларда бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,5 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзлари эса ЯИМга нисбатан 60 фоиздан ортиқ бўлмаслиги лозим.


 

 

Шоҳжаҳон Жўраевдан яна бир севги таронаси

Ўзбекистон ёш эстрада юлдузларидан бири, ўзининг соҳир овози билан минглаб каттаю кичиклар кўнглидан жой олган Шоҳжаҳон Жўраев ўзининг “Севаман” қўшиғига олган клипининг тақдимоти бўлди. Истеъдодли ёш шоир Зоҳид Олов қаламига мансуб шеър қўшиқнинг мазмунли чиқишида муҳим омил бўлган. Ушбу қўшиқ клипини интернетда томоша қилиш мумкин.

SHARE