Бир асрлик ҳақиқат

Ўзбек давлатчилиги тарихида жадидларнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Зотан, уларнинг пировард мақсади халқни маърифатли қилиш, дунёда ривожланган давлат тажрибаларидан унумли фойдаланиш ва шу орқали озодликка эришиш бўлган. Бундан бир асар муқаддам жадид уламоларимиз айтган фикрлар, ёзган мақолалар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қуйида ўзбек жадидларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1913 йил 30 июлда “Самарқанд” газетасида чоп этилган мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз. Негаки, унда кўтарилган айрим масалалар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Эслатиб ўтамиз, ушбу мақоладаги айрим сўз ва жумлалар бугун истеъмолдан чиққани учун уларни муқобили билан қўллашга ҳаракат қилдик.

Миллатлар қандай тараққий этарлар?

Миллатлар тараққийига бир неча сабаблар бўлуб, туб сабаби олимлар билан бойларнинг ватанпарварлиги ва ғайратларидур. Тараққий қилғон ва ё энди тараққий қилгувчи миллатлар аҳволига диққат қилинса, мазкур икки тоифа кишиларнинг ўз миллатларига сўз ва маблағ ила хизмат этганлари аён бўлади.

Ҳар миллатнинг олимлари, аҳли қалами, мутафаккири ўз миллатининг равнақи учун йўл кўрсатур, йиғилиш ўтказиб, миллат ахлоқининг ислоҳи учун масжидларда панд ва насиҳат берур, мактаб ва мадрасаларда дунё ва охиратда керак илм ва фан, таълим берарлар, китоб ва газет билан одамларни баҳс ва мунозарага чорлайдилар.

Тараққий қилгувчи миллатларнинг олимлари замондин бохабар бўлиб, ўз миллатининг равнақи учун саъй этар, миллатни келажагига маблағ ила, ғайрат ила ҳисса қўшмоқни миллат бойларига таклиф этар, ташвиқ ва тарғиб этар. Хулоса, ҳар миллатнинг олимлари, аҳли қалами миллат учун сўзлар, ёзар ва миллий ва замоний тараққиётни илгари сурарлар.

Замона бойлари ўз миллатларини замонавий ривожи йўлинда оқча сарф этарлар, масалан, янги усулда замонавий мактаблар бино этиб, замонивий мутахассис одам тайёрламоқ учун ҳаракат этарлар.
Ҳукуматнинг ўрта ва олий мактабларида ўқийдургон ўз миллат болаларига ёрдам кўрсатурлар. Ва бечора ҳамжинсларини диний ва дунёвий мактабларига беруб, ўз харажатлари ила ўқутадурлар.

Рус, армани, яҳудий ва бошқа Русиядаги ватандошларимизнинг бойлари доимо ўз миллатлари учун катта хайр ва эҳсонлар қиладурлар, инчунин, Қафқоз, Қирим, Қозондаки мусулмон биродарларимизни бойлари, ула¬моси ва аҳли қалами, соҳиби фикри ўз биродарларира мол, оқча, қалам ва илм ила кўп ёрдам қиладурлар.

Аммо бизни Туркистонда бу ишлардин сўйламоққа ҳануз навбат келган йўқ. Ҳар ким ўз нафъи ва ўз шахсий иши ила саргардон, умумий ёинки диний ва миллий ишларнинг равнақи учун, миллатни замона одамларидек тараққий этмоғи учун, халойиқни ислоҳ ахлоқи учун ғам тортувчи ва ҳаракат этгувчи йўқдир.

Бир карра диққат қилиб, маҳалла-куй ва қишлоқ халқларига қаралсун. Авомлик, беилмлик нақадар кўпайган. Биз мусулмонмиз. Мусулмонликга илм лозим, амал лозим. Ўқумоқ керак, нима учун бошқа миллатларда юза бир нафар бесавод йўқ экан, биза юза бир нафар саводлик йўқ?

Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосига тобеъ экан, бизни уламо билъакс авомга тобеъдур? Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттиз йил сўнгра яна ёмонроқ булур, мусулмонлик, илм ва одоб билан тугайди. Миллат ахлоқи, фазл ва ҳунар ила боқий қолур.

Бугун ислоҳи мактаб-мадраса, яъни ислоҳи миллатга қўшиш қилинмаса раби аср сўнгра диёнат барбод бўлур ва анинг жавоби масъулияти бугунгиларга қолур, бу масъулиятдин қутулмоқ учун миллатни диний илм ва дунёвий илм-фанлар ўқумоқ учун тарғиб қилмоқ керакдур.

Диний илм ва фанларнинг ўрни мактаб ва мадрасадур. Дунёвий фанларни ўрни ҳукумат мактабларидур, иккисига ўқумоқ учун маблағ лозимки, ул оқча бойларнинг юртпарварлигидан чиқса керак. Бугун замонни ислоҳот ва тараққиётга ҳисса қўшган бошқарур. Миллатга ёрдам этмоқ учун, ислоҳи мактаб ва мударрис учун, русий мактабларига ола тайёрламоқ учун, деҳқон ва санъаткорларни ривож бермоқ учун “ҳамийяти хайрия”, “нашри маориф”, қироатхоналар, фундлар, куружуклар, жаридалар, мажаллалар, нашриётлар керакдур. Миллатлар тараққийси шул ила бўлур ва бу ишларга оқча керакдур, оқча бойларда ва афродда!

SHARE