5 мартнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Собиқ президент Россиянинг янги президенти бўлди

Якшанба куни Россия Федерациясида президентлик сайлови бўлиб ўтди. Бу галги сайловлар мамлакатда ижтимоий вазият анча жиддий, аҳолининг сиёсий фаоллиги авж олган бир шароитда ўтди. Сўнгги маълумотларга кўра, Россиянинг собиқ президенти Владимир Путин 64 фоизга яқин, Геннадий Зюганов 17 фоиздан зиёд, Михаил Прохоров 8 фоизга яқин, Владимир Жириновский 6 фоиздан ошиқ ҳамда Сергей Миронов 4 фоизга яқин овоз олган. Кеча, шунингдек, Россиянинг Тошкентдаги элчихонасида 5485-сонли сайлов участкаси ишлаб турди, у ерда Ўзбекистонда доимий ёки вақтинчалик яшовчи Россия фуқаролари президентлик сайловларида овоз бериш имкониятига эга бўлди. Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларда, шу жумладан 19, 25 ва 26 февраль кунлари Олмалиқ, Андижон, Зарафшон, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Чирчиқ шаҳарларидаги сайловларда 2 949 нафар Россия фуқароси қатнашди. Сайловчиларнинг 77 нафари В. Жириновский, 249 нафари Г. Зюганов, 43 нафари С. Миронов, 177 нафари М. Прохоров, 2386 нафари В. Путин учун овоз берган. 22 та сайлов бюллетени эса тан олинмаган.
Кеча сайловдан сўнг ўз сайловчилари олдида нутқ сўзлаган Путин кўзига ёш олган.


 

 

“Эронга зарба беришнинг мавриди эмас”

АҚШ Эрон ядро иншоотларига ҳаводан зарба беришга ҳали вақтли эканлигини айтиб, Исроил ҳукуматини бу борада шошилмасликка чақирган. Бу ҳақда АҚШ президенти Барак Обама АҚШ ва Исроил жамоатчилигининг йиллик учрашувида айтиб ўтган. “Исроилнинг, АҚШнинг хавфсизлиги учун, курраи заминдаги тинчлик ва хавфсизлик учун бугунги кунда куч ишлатишнинг мавриди эмас. Ҳозирча Эронга таъсир қилишни кучайтириш учун вақт ҳам, ресурс ҳам бор”, деб қайд қилган АҚШ раҳбари. Ўз навбатида, Исроил президенти Шимон Перес “Тинчлик биз учун энг муҳим масала. Лекин бизни куч ишлатишга мажбур қилишмоқда, ишонинг, биз, албатта, ғалаба қозонамиз”. АҚШлик экспертларнинг фикрича, Исроил томонидан Эронга нисбатан қилинаётган таҳдидлар дунёда нефть нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин.


 

 

Қуёш йўл кўрсатади

Тошкент шаҳар давлат автоназорат бошқармаси қуëш нуридан электр токини оладиган мўъжаз тизимларни шаҳар кўчаларига ўрнатади. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг муқобил энергия манбаларига бағишланган давра суҳбатида айтиб ўтилди. Ушбу тизимлар орқали йўл белгилари шаҳар электр тармоғидан мустақил ҳолда ишлайди. Шуни алоҳида айтиш керакки, Ўзбекистонда бир йилда 300 қуëшли кун бўлиб, бу қуëшдан энергия олиш учун жуда қулай. Лекин бу имкониятдан мамлакатда деярли фойдаланилмаëтгани экспертлар томонидан қайд этилганди. Ўзбекистонда электр-энергиясини олишда 97 фоиз нефть ва газдан фойдаланилади.


 

 

Русларни доғда қолдирмоқчи эди

Россия ички ишлар вазирлиги сайтининг хабар қилишича, Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан катта миқдорда пул талаб қилган Ўзбекистонлик фирибгарлик айби билан ҳибсга олинган. Маълумотларга қараганда, у 2 миллион евро эвазига маҳаллий бизнесменлардан бирининг муаммосини ҳал қилиб бермоқчи бўлган. Спиртли ичимликлар ишлаб чиқарадиган компания раҳбари ҳуқуқий ёрдам сўраб ҳамюртимизга мурожаат қилган. Компанияга келаётган текширишлар сабабини билиб бериши ва ушбу муаммони ҳал қилиш учун 29 яшар Ўзбекистон фуқароси 2 миллион евро миқдорида маблағ сўраган. Бизнесмен ушбу масалада полицияга мурожаат қилган. Тезкор амалиёт чоғида “фирибгар”ни Москвадаги ресторанлар биридан 40 миллион рубль “мукофот” пулини олаётганида қўлга олишган.


 

 

Жаҳонгир Отажоновдан жонли концерт

Ўзбекистонда ўз қўшиқлари билан минглаб мухлислар кўнглидан жой олган Жаҳонгир Отажонов 2012 йил 11-13 май кунлари “Истиқлол” санъат саройида концерт беради. “Шов-шув” сайтининг ёзишича, Жаҳонгир Отажонов ўтган йилги концерти билан “жонли ижро юлдузи”га айланган эди. Хонанданинг энг катта ютуғи фонограммага ўз ижодида барҳам бергани бўлди. Айни пайтда у концертга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Салкам 6 ойдан бери репетиция қилинаётган дастур бу йил ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлиши мумкин. “Отам ўгитлари” деб номланмиш ушбу концерт фақат янги тароналардан иборат. Энг қизиғи, ҳали реклама бошланмасидан чипталарга қизиқиш кун сайин ортиб боряпти. “Истиқлол” кассасига чипта излаб келган қўшиқ ихлосмандлари афишалар ичида Отажоновнинг концертига кўзи тушар экан, бошқа концертларга тушиш фикрини ўзгартириб, 11-13 май кунлари учун чипта харид қилмоқда. Концертга ҳали икки ойдан кўпроқ вақт бўлса-да, мухлислар ҳозирдан чипта олишга чоғланган.

SHARE