АҚШ иммиграциясиз тараққий эта оладими?

Ўтган ҳафта Америка Конгресси вакиллар палатаси қўмитаси аъзолари олдида чиқиш қилган АҚШ федерал резерв тизими бошлиғи Бен Бернанке мамлакат иқтисодиёти ҳақида ахборот бериб, вазият ҳали ижобий тарафга тўлиқ ўзгарди, дейишдан йироқ эканлигини айтиб ўтди. У, айниқса, ҳозирги кунда мамлакатда ишсизликнинг юқори бўлиб қолаётгани ходимларнинг малакаси тушиб кетишига, чет эллардан профессионал кадрларни жалб қилиш сусайишига олиб келаётганини қайд этди. АҚШ ғазначисининг айтишича, вазият шу таҳлитда давом этса, давлатнинг истиқболдаги тараққиёти хавф остида қолади.

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда АҚШда ишсизлик билан боғлиқ вазиятнинг беқарор бўлиб тургани, қолаверса, мамлакатда иқтисодиётининг қарийб турғун ҳолатда эканлиги жамиятда ҳукуматнинг иммиграция сиёсатига қаршиларнинг кўпайишига олиб келяпти. Шу боисдан ҳам ҳозирги кунда мамлакат президентлигига ўз номзодини аниқлаш бўйича республикачилар партияси томонидан ўтказилаётган кокусларда асосий номзодлар иммиграцияга қарши қатъий чоралар кўришини маълум қилишмоқда. Қолаверса, кейинги пайтда АҚШ иммиграция хизмати томонидан чет эл фуқароларига нисбатан муносабатнинг ҳаддан ташқари қаттиқлашаётгани юксак салоҳиятли кадрларнинг ушбу мамлакатга бўлган қизиқишини тушириб юбормоқда.

Кўпчилик экспертлар АҚШнинг ҳозирги иммиграция сиёсати нафақат мамлакат иқтисодиётига, балки унинг глобал миқёсда инновациявий рақобат олиб боришига ҳам жиддий зиён етказишини таъкидлашмоқда. Негаки, мамлакатдаги энг самарали компаниялар ва молия муассасаларининг ярмини иммигрантлар очган. Қолаверса, бундай компаниялар топ-менежерларининг 76 фоизи ҳам айнан чет эллик кадрлардир. Масалан, 2005 йилда савдо билан шуғулланадиган компанияларнинг бозор қиймати 500 миллиард доллардан ошар, камида чорак миллион киши ушбу тармоқда меҳнат билан банд эди. Ҳатто чет элликлар очган кичик бизнес субъектлари ҳам ўз рақобатчиларидан кўра америкаликларга кўпроқ маош тўларди.

Бундан ташқари, иммигрантлар томонидан очилган PayPal компанияси электрон тижоратнинг хавфсиз ва ишончли бўлишини таъминлаган бўлса, Chegg Inc. сингари компаниялар қарз ботқоғига ботган талабаларни қўллаб-қувватлашда ўрнак бўлмоқда. Шундай бўлса-да, чет эллик кадрлар учун виза масаласи энг мушкул масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ҳозирда йилига 140 минг нафардан ортиқ кишига ишлаш ҳуқуқини берувчи “грин-карта”лар берилаётган бўлса, яна халқаро миқёсда кадр ёллаш бўйича қоғозбозликни ўз бўйнига оладиган ва бу борада тажрибага эга бўлган йирик компанияларгина хорижликларни мамлакатга чорламоқда. Уларнинг сони ҳам 50-60 минг нафардан ошмайди. Чунки ишлаш ҳуқуқини берувчи  “H1-B” визасини олиш ҳаммага ҳам эмас. Шу билан бир қаторда, АҚШ 500 мингдан бир миллион долларгача инвестиция киритган чет эллик ҳам “EB-5” визаси асосида  мамлакатга келишаётир.  Экспертлар хорижликни чўнтагида пулига қараб чақириш яхши оқибатларга олиб келмаслигидан огоҳлантиради.

Бироқ, виза тизимини ана шу тамойиллардан келиб ўзгартириш масаласини кўпчилик қўллаб-қувватламаяпти. Боиси кўпчилик бундай виза бериш тартиби америкаликлардан ишни тортиб олмоқда, деб ҳисоблайди. Хусусан, сенатор Жим ДеМинт кўплаб штатлар жамоатчиликнинг босими остида нафақат ноқонуний иммиграцияга қарши курашни кучайтирмоқда, балки қонуний асосда ишлаши мумкин бўлган юқори малакали кадрларга виза бериш учун турли тўсиқларни “ўйлаб топиши”га тўғри келаяпти. Америка ишчилари келажаги учун коалициясининг қайд этишича, “Мамлакатда миллионлаб ишсиз бўла туриб, ҳукумат ҳар йили минглаб кишини четдан жалб қилаётир”. Албатта, уларнинг бу борадаги жой куйдиришларини тушунса бўлади. Аммо уларнинг бундай қарашлари АҚШ келажаги учун тўғри йўл, деб бўлмайди.

Чет эллик юқори малакали кадрлар, тадбиркорларни АҚШда яшаб ишлаётган ноқонуний иммигрантлар билан чалкаштириш нотўғри. Негаки, ноқонуний иммигрантлар сони қонуний иммигрантлар сонидан кўпдир.

Шу боис Барак Обама маъмурияти салоҳиятли ноқонуний иммигрантларни, яъни олий маълумотли, қўлидан иш келадиган, ўз хусусий фирмасига асос солган чет элликларни депортация қилгандан кўра уларга кўпроқ шароит бериш АҚШ келажаги ва бугунги иқтисодиёти учун айни муддао, деб ҳисоблайди. Бу, айниқса, Обаманинг “DREAM Act” деб номланган қонун лойиҳасида ўз ифодасини топган.

Демография масалалари билан шуғулланадиган олимларнинг айтишича, агар АҚШ аҳолиси бугунги кундаги каби кўпайишда давом этса, 2050 йилга бориб қарийб 440 миллион кишига етади. Эътиборли жиҳати, бу даврда 120 миллион нафар АҚШ аҳолиси айнан иммигрантлар билан бевосита боғлиқдир.

Хитойнинг стратегик тадқиқотлар институти олимларининг ўрганишича, АҚШ томонидан узоқ йиллар давомида олиб борилган кадрлар сиёсатини “қароқчилик” билан баҳолаш мумкин. Негаки, аксарият ривожланаётган мамлакатлар ўз фуқаросининг бошланғич, ўрта ва олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун жуда катта харажат қилади. АҚШга магистратура ёки бошқа таълим дастурлари бўйича ўқишга келган малакали ва иқтидорли ёшлар эса яхшигина маош ваъда қилингач, ушбу мамлакатда қолиб, ўз билим ва салоҳиятини АҚШ тараққиётига сарфлайди. Буни халқимизнинг “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” мақоли билан ҳам қиёслаш мумкин.

Қолаверса, АҚШнинг бошланғич ва ўрта таълим тизими ўз самарадорлиги бўйича дунёда қуйи ўринларда туради. Шу боис ушбу таълим муассасалари олий ўқув юртларини иқтидорли талабалар билан таъминлашга қодир эмас. Демакки, АҚШ раҳбарияти барибир чет эллик мутахассислар учун виза тартибини осонлаштиришдан бошқа йўли йўқ.

SHARE