7 мартнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.


 

Энди навбат ажралиб чиқишгами?

Ливия миллий ўтиш ҳукумати раҳбари Мустафо Абдул Жалил мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш учун ҳарбий куч ишлатишга тайёрлигини билдирди. У бу ҳақда Шарқий Ливиядаги қабилалар, сиёсий ва ҳарбий етакчилари кенгаши томонидан Киренаикига мухторият бериш кераклигини талаб қилганидан сўнг маълум қилди.
“Биз Ливияни бўлишга тайёр эмасмиз”, деб қайд этар экан миллий ўтиш ҳукумати раҳбари Шарқий Ливия аҳолисини бундай иғволарга учмасликка чақирган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ғарб мамлакатларининг ҳарбий аралашувидан сўнг ҳукуматлар ағдарилиши натижасида мана шундай ажралиб чиқиш ҳолатлари кўп учрайди. Буни Ироқ мисолида ҳам кўриш мумкин.


 

Кашандалар, огоҳ бўлинг!

Тамакининг зарари ҳақидаги огоҳлантириш сигарета қутисининг ҳар бир томонида 40 фоизини эгаллаши керак. Шу йил 7 апрелдан кучга кирадиган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг талаби шундай. Мазкур қонунга кўра, алкоголь маҳсулотининг идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Шунингдек, тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) тамаки маҳсулоти қутиси (ўрови) олд томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини ва орқа томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши лозим.
Тамаки маҳсулоти қутисида (ўровида) инсон соғлиғига етказиладиган зарарни камайтириб кўрсатувчи, тамаки маҳсулотининг хусусияти ҳақида зарарсиз маҳсулот сифатида ёки тамаки маҳсулотининг бошқа намуналарига қараганда зарари камроқ эканлиги тўғрисида ёлғон таассурот уйғотадиган ахборот жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.


 

Франция иммигрантларга эшигини ёпади

Франция президенти Николя Саркози иммигрантлар сонини икки баравар қисқартиришга ваъда бермоқда. Французлар етакчисининг айтишича, бугунги кунда мамлакатга жуда кўплаб иммигрантлар ташриф буюришмоқда. Бироқ, улар француз жамиятига интеграциялашишни кўп ҳам хоҳлашмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида бўладиган сайловда иштирок этадиган Николя Саркози жамиятни қийнаб турган бир қанча масалалар юзасидан ўз ташаббусларини илгари сурмоқда. Иммигрантлар сонини кескин қисқартириш шулар жумласидандир.

“Менимча, келгуси беш йил ичида иммиграция билан боғлиқни вазиятни яхшилашимиз мумкин. Бунинг учун ҳар йили қабул қилинаётган 180 минг нафар иммигрантлар сонини 100 мингтага туширишимиз керак”, деб қайд этди. Унинг фикрича, иммигрантлар учун ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини янада қаттиқлаштириш, 10 йил давомида Францияда яшаган ҳамда бу вақт ичида бор-йўғи 5 йил ишлаган хорижликлар нафақасини қисқартириш лозим.


 

Депутатлар қўғирчоқлар билан шуғулланишмоқчи

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни илгари суришмоқда. Партия вакилларига кўра, “ҳанузгача миллий бозорларимизда урф-одатларимиз ва миллий менталитетимизга мос бўлмаган “аксил-ўйинчоқлар”, яъни болаларнинг руҳияти ва маънавий-аҳлоқий дунёқарашига, тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи болалар ўйинчоқларининг пайдо бўлиш ҳоллари қайд этилаётир”. Уларнинг фикрича, болалар руҳиятига салбий таъсир этувчи ана шундай ҳолатларни қонун йўли билан тартибга солиш лозим. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бундай нормалар халқаро ҳуқуқ соҳасида мавжуд ва кўпчилик чет мамлакатлар амалиётида шундай қонунлар анча олдин қабул қилиниб, ҳозирда самарали қўлланилмоқда.


 

10 поғона тепага

ФИФА терма жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси катта кўтирилишга эришди.

Стадион.ўз сайтининг ёзишича, Жаҳон чемпионатининг Осиё минтақаси учун муҳим бўлган ФИФА рейтингида Ўзбекистон терма жамоаси Япония терма жамоаси устидан қозонилган ғалабадан кейин нақд 10 поғона юқорилашга эришди ва 67 поғонадан жой олди.
Бу Осиёдаги бешинчи кўрсаткич саналади. Унга кўра Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаш босқичининг 3-саватчасидан ўрин оладиган бўлди.
Қуйида биринчи ўнталик мамлакатлар рейтинг билан танишиш мумкин:
1 (1). Испания – 1561
2(3). Голландия – 1379
3(2). Германия – 1332
4(4). Уругвай – 1289
5(7). Бразилия – 1157
6(5). Англия – 1121
7(6). Португалия – 1106
8 (11). Аргентина – 1102
9(8). Италия – 1062
10(9). Хорватия – 1049

SHARE