“Суперсешанба” синоатлари

Хабарингиз бор, кеча АҚШда республикачилар партиясидан 2012 йил президент сайловида иштирок этиш учун номзодларни аниқлаш бўйича партиянинг ички сайловлари бўлиб ўтди.  2012 йилги “суперсешанба” АҚШнинг 10 штатида, яъни Огайо, Жоржия, Массачусетс, Теннисси, Вермонт, Виржиния, Оклахома, Айдаҳо, Шимолий Дакота ва Аляскада бўлиб ўтди. Одатда “суперсешанба”да штатлар сони ҳар сайлов мавсумида ўзгариши мумкин. Мисол учун, 2008 йилда бу тадбир 24 штатда ўтказилган эди.
Маълумки, республикачилар номзоди сайлов йилининг ёз мавсумида, одатда, августда бўлиб ўтадиган партия миллий қурултойида жойлардан сайланган вакиллар, яъни делегатлар сонига қараб танланади.
Шунинг учун штатлар миқёсида ўтказиладиган бирламчи сайловларда ким қанчалик кўп овоз йиға олса, унинг партия қурултойида овоз олиш имконияти ортади. Умуман, қурултойда кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун номзод 1144 та делегат овозини йиғиши лозим бўлади. Ана шунча миқдор овоз тўплашда “суперсешанба”нинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Чунки бу куни номзодлар 400 та овоз учун кураш олиб боради.
Масаланинг яна бир мушкул жиҳати шундаки, республикачилар партиясидан номзод кўрсатишда бирламчи сайловларда йиғилган делегатлардан ташқари “суперделегат”лар ҳам бор. Улар айрим штатларда бўлиб ўтган бирламчи сайловлар натижаларидан қатъи назар овоз бериши мумкин. “Суперделегат”лар партияда узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган, партия ривожи учун меҳнати сингган шахслар ҳисобланади. Одатда бундай делегатлар партиянинг Конгрессдаги аъзолари ва бошқа юқори тоифали шахслардан иборат бўлади.
“Суперсешанба”нинг тарихи 1980 йилларда пайдо бўлган бўлиб, бунга кўпчиликнинг праймериз натижаларига имкон қадар кўпроқ таъсир кўрсатиш хоҳиши билан боғлиқдир.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, амалдаги президент номзодини илгари суриш учун праймеризлардан ўтиши талаб қилинмайди. Унинг номзодини партия миллий қурултойида тасдиқлаш шунчаки расмиятчиликдан бошқа нарса эмас.

Юқори қайд этилганидек, мамлакат президентлиги учун номзод штатлар бўйича сайланган вакиллар ҳамда “суперделегат”лар томонидан тасдиқланади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳар бир штат маълум миқдорда вакил, яъни делегат кўрсатиш ҳуқуқига эга. Бунда ушбу штат аҳолисининг у ёки бу партияга бўлган муносабатидан келиб чиқиб, вакиллар миқдори белгиланади. Мисол учун, охирги президентлик сайловида кўп овоз берган штатга кўпроқ вакиллик ўринлари ажратилиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар бир штат бўйича вакиллар сони Республикачилар ёки Демократлар партиясида ҳар хил бўлиши мумкин. Анъанага кўра, праймериз жараёнлари сайлов йилининг январь ойида Айова штатидан бошланади. Шу ўринда номзодларни аниқлаш икки усул, яъни праймериз ва кокус орқали сайланишини айтиш жоиз.

Хўш, праймериз ва кокуснинг қандай фарқи бор?

Праймериз

Айрим штатларда президентликка номзод праймериз орқали аниқланади. Бунда барча рўйхатдан ўтган сайловчилар номзодларни аниқлашда иштирок этиши мумкин. Умумий сайловларда каби яширин овоз берилади. АҚШда праймеризнинг иккита тури мавжуд: очиқ ва ёпиқ. Ёпиқ праймеризларда сайловчилар ўзлари рўйхатдан ўтган партия номзодларидан бирига овоз бериш ҳуқуқига эга. Масалан, республикачи сифатида рўйхатдан ўтган сайловчи Республикачилар праймеризида иштирок этган. Очиқ праймеризларда  эса сайловчиларга иккала партия номзодларига овоз бериши мумкин. Лекин у фақат битта праймеризда қатнашиши мумкин. Кўпгина штатларда ёпиқ праймериз ўтказилади.

Айни пайтда праймериз сайловлари сайлов бюллетенларида кимнинг исми қайд этилиши билан ҳам фарқланади. Яъни баъзи штатлар айнан номзоднинг исмини кўрсатса, айрим штатларда номзодни сайлаш учун делегатлар номи киритилади.

Кокус

Партиянинг рўйхатдан ўтган барча сайловчилари учун очиқ бўлган оддий учрашув ҳисобланиб, унда партия миллий қурултойи учун делегатлар сайланади. Кокус бошланганда иштирокчилар, яъни сайловчилар қайси номзодни қўллаб-қувватлашига қараб, гуруҳларга бўлинишади. Кимга овоз беришни ҳал қилмаганлар эса ўз гуруҳини тузишиб, бошқа номзодлардан бўладиган “хушомад”ларга ҳозирлик кўришади.
Учрашувда ҳар бир гуруҳ сайловчиларига ўз номзодини қўллаб-қувватлаб нутқ сўзлаши ҳамда бошқаларни даъват қилиши мумкин. Кокуснинг охирида партия ташкилотчилари ҳар бир номзоднинг сайловчиларини ҳисоблаб чиқади.

“Суперсешанба”га қадар Республикачилар партиясидан номзодлар орасида Митт Ромни 373 та, Рик Санторум 176, Ньют Гингрич 89 та, Рон Пол 49 та делегатга эга эди.

SHARE