“Жамшид Мухторовни гаров эвазига озод қилиб бўлмайди”

Маълумки, АҚШ Федерал тергов бюроси Чикагода ўзбекистонлик Жамшид Мухторовни террорчилик гуруҳларига аъзоликда айблаб қўлга олган эди. У тегишли хорижий террорчиларга моддий ёрдам кўрсатиш ва бундай кўмакни кўрсатишга ҳаракат қилганликда айбланмоқда. Суд терговчилар томонидан унинг компьютери ва Blackberry телефонини текшириб кўриш учун уйини тинтув қилишга санкция ҳамда Мухторов ишлатиб келган иккита электрон почтани текширишга рухсат берган эди.

“The Denver Post” газетаси маълумотларига қараганда, Жамшид Мухторовнинг телефонидан жиҳодга оид, чунончи, 2001 йил 11 сентябрдаги террорчилик ҳужумига оид 9 та видео-ролик борлиги аниқланган. Шу билан бир қаторда, Жамшид Мухторов ўзини инсон ҳуқуқи фаоли сифатида нотўғри ахборот бериш, қалбаки ҳужжатлар асосида сиёсий бошпана олган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Суд уни гаров эвазига озодликка чиқаришни рад қилган эди. Федерал айбловчиларнинг фикрича, Жамшид Мухторовни озодликка чиқариш жамият учун хавфлидир.

Қолаверса, суд ҳужжатларида қайд этилишича, прокурор ҳимояланувчи тарафнинг террорчиларга ёрдам кўрсатишга шахсан ҳаракат қилганлиги исботлаб берилмади, деган эътирози нотўғри эканлигини айтган. “Чунки айбланувчи ўз сўзи билан Исломий Жиҳод Иттифоқи экстремистик ташкилоти аъзоси билан мулоқот қилганини қайд этган”, дейилади прокурор қайдномасида.

Прокурор Грег Ҳолловей айни чоғда Жамшид Мухторовнинг ўтмишда “инсон ҳуқуқи фаол” бўлганлигини шубҳа остига олган. Унинг судга бу борада топширган ҳужжатларини яхшилаб текшириб кўриш керак, деган у, жумладан. У буни сўнгги пайтларда интернет сайтларида Мухторовнинг ўтмиши билан боғлиқ материалларни мисол тариқасида келтириб ўтган.

Умуман, прокуратура Жамшид Мухторов диний экстремистик йўлга кирганлиги ҳамда куч ишлатишга мойиллигини қайд этган. Чунончи, прокуратуранинг ўз гувоҳига таяниб айтишича, айбланувчи ўз турмуш ўртоғини мунтазам дўппослаб турган.

SHARE