8 мартнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.


 

Эронга ҳужум қилмасликка рози бўлди

АҚШ Исроилга энг замонавий ҳарбий техникалар билан ёрдам кўрсатади. Бунинг эвазига Исроил Эронга ҳарбий зарбалар беришни кейинроққа кечиктириши талаб қилинади. “Agence France-Presse” хабарига қараганда, бундай қарорга яқинда Исроил бош вазири Биньямин Натанияҳунинг Вашингтонга уюштирган расмий ташрифи доирасида келишилган. Бу ҳарбий технологиялар Исроилга Эрон ҳаво кенгликларини назорат қилишда қўл келиши мумкин. Айни чоғда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш аъзоси, яъни Хитой, Франция, Буюк Британия, АҚШ, Россия ва Германия Теҳронга ядровий қурол бўйича мулоқотларни қайта тиклашга чақирган. Эслатиб ўтамиз, Эроннинг тинчлик йўлидаги ядро дастури Ғарб давлатларида катта эътироз туғдирмоқда. Шу боис Европа Иттифоқи ва АҚШ ушбу мамлакатга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилган.


 

Facebook ишламайди қолди

Кеча энг йирик ижтимоий тармоқ Facebook бир қанча мамлакатларда ишламай қолди. Ижтимоий тармоқнинг асосий ва ички саҳифалари юкланмади, шунингдек, сайтнинг мобиль версияси ҳам ишламади. Facebook бир муддат Ўзбекистон ҳам фаолият юритмади.
Facebook компаниясининг матбуот учун тарқатган хабарида келтирилишича, бундай ҳолатга сайтда юзага келган техник муаммо сабаб бўлган. Лекин айнан қандай техник муаммо эканлиги аниқлаштирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Facebookнинг 800 миллион нафардан ортиқ аъзоси бўлиб, уларнинг сони Ўзбекистонда 128 680 нафар кишини ташкил қилади.


 

Пахта нархи ошиши мумкин

The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, дунёда пахта етиштириш бўйича етакчи мамлакатлардан бўлган Ҳиндистон жорий йилдан пахта экспортини тўхтатади. Ҳозирча ҳукумат бундай қарорга келишига нима сабаб бўлгани ҳақида маълумот бергани йўқ. Экспертларнинг фикрича, ички эҳтиёжларни қондириш ҳамда хомашё базани тўлиқ таъминлаш истаги ҳукуматни бундай қарорга ундаган бўлиши мумкин. Ҳиндистон пахтаси асосан Хитой, Покистон, Бангладеш ва Таиландга экспорт қилинган.

Соҳа мутахассисларининг қайд этишича, бу дунё бозорида пахта нархининг кескин ошишига олиб келиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, пахта экспорти билан шуғулландиган мамлакатлар кам бўлиб, уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бор.


 

Янги “iPad”

Дунёга машҳур брендлардан бўлган Apple компанияси “iPad” планшет компьютерининг янги авлодини намойиш қилди. Тўрт ядроли A5X-процессор, 2048 х 1536 ҳажмли “Ретина” дисплей, 5 мегапикселли орткамера, 1080p HD-video, овоз ёрдамида матн териш қурилмасига эга мазкур планшет ахборот-коммуникация технологиялари ишқибозларида катта қизиқиш уйғотди. Унинг батереяси ҳам 10 соат давомида ишлаш қувватига эга.
Тақдимотчилар ушбу планшет компьютерни “янги iPad” деб номлашгани, айниқса, кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ҳозирча унинг бозор нархи қўшимча имкониятлари билан 500 доллардан 829 долларгача баҳоланмоқда. У 16 март куни дунёнинг 10 мамлакатида сотувга чиқарилади.


 

Россия кулгу қироли Тошкентда концерт беради

Россия халқ артисти, машҳур сатирист-юморист Евгений Петросян шу йилнинг 6 апрель куни Тошкентдаги “Истиқлол” (собиқ “Халқ дўстлиги”) санъат саройида ўз концертини тақдим этади. “Камалов.ўз” томонидан уюштирилаётган мазкур концерт учун чиптани 60 мингдан 160 минг сўмгача топиш мумкин.

SHARE