9 мартнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Генераллар қочқини

Сўнгги маълумотларга қараганда, Сурия миллий армиясининг икки генерали ва бир полковник унвонидаги ҳарбийлари ўз қисмларини ташлаб, Туркияга қочиб ўтишган. Ушбу ҳарбийлар номи ҳақида маълумотлар йўқ. Бу воқеа Туркия билан чегарада амалга оширилаётган ҳарбий ҳаракатлар давомида содир бўлган. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Суриядан чет элга қочиб ўтиш ҳолатлари учраб турибди. Хусусан, биргина Туркиянинг ўзида 12 минг нафардан ортиқ қочқинлар борлиги айтилади.
Ғарб мамлакатларининг масалага бир томонлама қараётгани, қолаверса, Сурия ҳукуматининг исёнчиларга нисбатан ҳаддан ташқари қаттиқ муносабатда бўлаётган мамлакатдаги вазиятнинг кескин бўлиб қолишига сабаб бўлаётир. Тасдиқланмаган хабарларга кўра, сўнгги бир йил давомида ўзаро тўқнашувлар давомида 7 минг нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган.


 

 

Аёллар анча орқада

Халқаро хотир-қизлар куни муносабати билан Social Watch халқаро ташкилоти аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги кўрсаткичлари бўйича дунё мамлакатлари рейтингини тақдим этди (The 2012 Gender Equity Index). 154 та давлат ўрганилган мазкур тадқиқотда Ўзбекистон 106-ўринни эгаллагани қайд этилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, гендер тенглик индекси ҳар йили тузилиб, у у ёки бу мамлакталарда аёллар ва эркакларнинг таълим олиш, иқтисодий ҳамда фуқаролик ҳуқуқларини рўёбга чиқариш имкониятлари ўрганилади. Бунда аёлларнинг маълумоти, даромади, иш билан бандлиги муҳим ўрин эгаллайди.
У 100 баллик рейтинг асосида баҳоланиб, ҳозирча ҳеч бир давлат бу кўрсаткичга етгани йўқ. Унга фақат Шимолий Европа мамлакатлари яқинроқ – Норвегия 89, Финляндия 88, Швеция 87, Дания 84, шунингдек, Янги Зеландия 82, Мўғулистон 81 ва Испания 81 баллик кўрсаткичга эга. Ўзбек аёлларида ушбу кўрсаткич 57 баллни ташкил этади.


 

 

“Good Bye, Facebook”

Тожикистондаги бир қатор журналистлар ташкилоти яқинда ҳукумат томонидан кириш имконияти ёпиб қўйилган айрим сайтларни, чунончи, Facebook ижтимоий тармоғини, tjknews.com, maxala.org, centrasia.ru и zvezda.ru сингари ахборот сайтлари қайта очишни талаб қилишди. Бундай мурожаат Тожикистон журналистлар уюшмаси, Мустақил ОАВ миллий ассоциацияси, Тожикистон медиа альянси ҳамда бир қатор бошқа ташкилотлар биргаликда баёнот берган.


 

 

Гулнора Каримова рус гўзалларини кийинтирди

Россияда 2012 йилнинг энг гўзал хоними — “Мисс России — 2012” аниқланди. Уни 18 ёшли смоленсклик талаба Елизавета Голованова қўлга киритди.
Эътиборли жиҳати, танлов саҳнаси GULI тўпламига кирувчи замонавий либослар намойиши учун ўзига хос подиумга айланди. Ўн беш нафар энг гўзал қиз, шу жумладан, танлов ғолибаси 18 ёшли талаба Елизавета Голованова ҳам дизайнер Гулнора Каримованинг кечки базм либосларини ажойиб тарзда намойиш этишди. Қизларнинг гўзал либослардаги саҳна юришига Антон Макарскийнинг “Belle” романтик композицияси ҳам жўр бўлди.
Гулнора Каримова твиттерда “GULI” бренди остидаги кийимлар танлов иштирокчиларига ярашганидан хурсандлигини қайд этган.


 

 

Жаҳон чемпионати — 2014” йўлида навбатдаги босқич

Малайзия пойхати Куала-Лумпурда Жаҳон чемпионатининг сўнгги саралаш босқичига қуръа ташланди. Осиё қитъасидан навбатдаги турга чиққан барча терма жамоалар ўзларининг кейинги рақиблари ҳақида билиб олдилар.

Ўзбекистон футбол федерацияси сайтининг ёзишича, Ўзбекистон терма жамоаси “А” гуруҳидан жой олди. Терма жамоамиз Жанубий Корея, Эрон, Қатар, Ливан терма жамоалари билан куч синашади. “В” гуруҳида: Австралия, Ироқ, Иордания, Уммон, Япония. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 сўнгги саралаш босқичини 3 июнь куни Тошкентда Эронга қарши ўйин билан бошлайди. Қуйида 4-саралаш босқичи тақвими билан танишиб олишингиз мумкин.

ТУР               САНА                                                 ЎЙИН
1-тур    3 июнь, 2012 йил                             Ўзбекистон – Эрон
1-тур    3 июнь, 2012 йил                            Ливан – Қатар
2-тур    8 июнь, 2012 йил                            Қатар – Жанубий Корея
2-тур    8 июнь, 2012 йил                           Ливан – Ўзбекистон
3-тур    12 июнь, 2012 йил                         Жанубий Корея – Ливан
3-тур    12 июнь, 2012 йил                         Эрон – Қатар
4-тур    11 сентябрь, 2012 йил                 Ўзбекистон – Жанубий Корея
4-тур    11 сентябрь, 2012 йил                 Ливан – Эрон
5-тур    16 октябрь, 2012 йил                   Эрон – Жанубий Корея
5-тур    16 октябрь, 2012 йил                   Қатар – Ўзбекистон
6-тур    14 ноябрь, 2012 йил                      Эрон – Ўзбекистон
6-тур    14 ноябрь, 2012 йил                     Қатар – Ливан
7-тур    26 март, 2013 йил                          Жанубий Корея – Қатар
7-тур    26 март, 2013 йил                         Ўзбекистон – Ливан
8-тур    4 июнь, 2013 йил                            Ливан – Жанубий Корея
8-тур    4 июнь, 2013 йил                            Қатар – Эрон
9-тур    11 июнь, 2013 йил                          Жанубий Корея – Ўзбекистон
9-тур    11 июнь, 2013 йил                          Эрон – Ливан
10-тур    18 июнь, 2013 йил                      Жанубий Корея – Эрон
10-тур    18 июнь, 2013 йил                     Ўзбекистон – Қатар

SHARE