Қайси диндагилар кўпроқ иммиграцияга мойил?

Иммиграциянинг диний омилларига бағишланган таҳлиллар шуни кўрсатадики, одамларнинг бошқа мамлакатларда қўним топишида диннинг аҳамияти ниҳоятда катта экан. Дин ҳар бир давлатнинг иммиграция сиёсатида жуда муҳим бўлиб, чет элликлар ўз эътиқоди билан ташриф буюради. Бу ушбу мамлакатларда миллий ва диний ранг-барангликни таъминлаши билан бир қаторда, давлатларнинг бу борадаги сиёсатини ўзгартиришга ҳам туртки бермоқда. “Pew” тадқиқот маркази мутахассиси Филип Коннорнинг қайд этишича, иммиграция жамиятни ўзгартириб юбормоқда. У диний маконга ҳам бутунлай бошқа қиёфага киритмоқда. Негаки, бир пайтлар АҚШ аҳолисининг катта қисми фақат протестантлардан иборат бўлган бўлса, бугун улар мамлакат аҳолисининг бор-йўғи ярмини ташкил этади. Бу, албатта, АҚШ жамиятидаги қарашлар, фикрлар ўзгаришига ҳам таъсир кўрсатади.
АҚШ “Pew” тадқиқот маркази яқинда ўтказган ўрганишларга кўра, христианлар ва буддистлар Америкадаги иммигрантларнинг энг кўпини ташкил қилар экан.
Дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини ташкил қиладиган христианлар АҚШ аҳолисининг сал кам ярмини ташкил қилади. Христиан мигрантлари оқими асосан Лотин Америкасидандир. Уларнинг сони бугунги кунда 43 миллиони ташкил қилади.
Ўз навбатида, Россия иммигрантлар энг кўп ташриф буюрадиган иккинчи мамлакат ҳисобланади. У ерда 12 миллион иммигрант истиқомат қилади. Ундан кейинги ўринларни Германия 10 миллион, Саудия Арабистони ва Канада 7 миллион иммигрантлар билан эгаллаб турибди.
Умуман, тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, христианлар мусулмонларга нисбатан иммиграцияга анча мойил халқ ҳисобланади. The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Европа Иттифоқида яшаётган иммигрантларнинг 53 фоизи, яъни 26 миллион нафари айнан христианлардир. Мусулмонларнинг сони 13 миллион атрофида бўлиб, улар иммигрантларнинг 27 фоизини ташкил этади.
Умуман, дунё бўйича христианлардан кейин иммиграция бўйича мусулмонлар иккичи ўринда туради. Чунончи, дунё иммигрантларининг 27 фоизи ёки 60 миллион нафари ушбу дин вакилларидир. Уларнинг аксарияти Ҳиндистон, Покистон, Индонезия ва Филиппиндан бўлиб, асосан, Саудия Арабистонида ишлашади.
Оммавий равишда иммигрантларни қабул қилаётган мамлакатлар Форс қўлтиғидаги давлатлар бўлиб, “Pew” тадқиқот маркази ўрганишларига қараганда, бу ерда 2 миллион нафардан зиёд христианлар, шунингдек, 1,4 миллион Ҳинду ва ярим миллион буддист иммигрантлар ишлаб, яшашади.
Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, яҳудийлар гарчи дунё аҳолисининг бир фоиздан кам қисмини ташкил қилса-да, жаҳондаги жами иммигрантларнинг 2 фоизи яҳудийлардан иборатдир. Исроилда туғилган ҳар тўрт яҳудийнинг бири бошқа жойда ишлаш учун иммигрант бўлиб чиқиб кетган.

SHARE