«Ватандош» Миржалол Қосимовни танлади

Ўзбекистон футбол федерацияси оммавий ахборот воситалари берган овозга кўра, март ойининг энг яхши мураббийини аниқлади.

Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтининг ёзишича, март ойида Вадим Абрамов Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан учта халқаро ўйинда иштирок этиб, шуларнинг 2тасида имкониятни бой берди. Бунинг натижасида даставвал олимпиядага тўғридан-тўғри йўлланма олиш имкони йўққа чиққан бўлса, кейинчалик минтақавий плей-офф ҳам муваффақиятсиз якун топди. Оқибатда овоз бериш жараёнида иштирок этган 9та ОАВнинг ҳеч бири Вадим Абрамов номини зикр этмади.

Бу ҳолат Ўзбекистон Олий лигаси ва Осиё чемпионлар лигасида ўзини кўрсатган уч нафар мураббий – Игорь Криушенко, Миржалол Қосимов ва Рўзиқул Бердиевга қўл келди. Овоз бериш жараёнида иштирок этган 9та ОАВнинг 7таси айнан мана шу трио номини турли пағоналарда кўрсатиб ўтган.

Энг яхши мураббий бўлиш учун «Шўртан» устози Игорь Криушенко ва «Бунёдкор» бош мураббийи Миржалол Қосимов жиддий рақобатни вужудга келтиришди. Овоз бериш якунига кўра ҳар икки мутахассис бир ҳилда – 17тадан очко жамғаришга муваффақ бўлишди. Фарқли томони, ОАВ Миржалол Қосимовни 4 марта биринчи ўринда кўрсатган, Игорь Криушенко эса икки марта биринчи ўринда қайд этилган. Фақатгина шу туфайли Миржалол Қосимов март ойининг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ватандош” газетаси март ойининг энг яхши ҳакамлари жуфтлигини қуйидаги тартибда кўрсатган эди:
1. Миржалол Қосимов — «Бунёдкор» бош мураббийи
2. Рўзиқул Бердиев — «Шўртан» бош мураббийи
3. Игорь Криушенко — “Насаф” бош мураббийи

Ўзбекистон футбол федерацияси, шунингдек, март ойининг энг яхши футболчисини ҳам аниқлади.

Россия Премьер-лигасида Маҳачқалъанинг «Анжи» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Аҳмедов янги бош мураббий – голландиялик Гуус Хиддинк ташрифидан кейин ҳам асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўймади. Март ойида «Анжи» Премьер-лиганинг 5та тури доирасида Москванинг «Динамо», «Спартак» ва «Локомотив», Краснодарнинг «Кубань», Қозоннинг «Рубин» клубларига қарши кураш олиб борди. Одил Аҳмедов уларнинг барчасида 90 дақиқа ҳаракат қилиб, 2та сариқ карточкага лойиқ кўрилди ва «Кубань»га қарши ўйинда Россия Премьер-лигасидаги ўзининг дастлабки голини киритишга муваффақ бўлди. Айнан шу жиҳатлар инобатга олиниб, Одил Аҳмедов март ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. Овоз бериш жараёнида иштирок этган 9та ОАВнинг 7таси Аҳмедовни 1-ўринда қайд этди. Бунинг натижасида футболчи энг яқин таъқибчиси Камолиддин мурзоевни 14 очко ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

“Ватандош” газетаси март ойининг энг яхши футболчиларини қуйидаги тартибда берган эди:
1. Одилжон Аҳмедов
2. Игорь Таран
3. Носир Отақўзиев

SHARE