Инқироз-2. Бу гал талабалар сабабчими?

2008 йилда бошланиб, ҳали-ҳануз оқибатлари дунё ҳамжамиятига катта ташвиш туғдираётган  жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг юзага келишига АҚШ ипотека бозорида пайдо бўлган “кўпик”лар сабаб бўлгани бугун ҳеч кимга сир эмас.  Зотан, шунинг учун ҳам дунё мамлакатларида истиқболда  бундай инқирозларнинг олдини олиш мақсадида турли чоралар кўрилиб, молия бозорлари тартибга солинмоқда.

Гарчи ипотека бозори бугунги кунда тўлиқ тикланган бўлмаса-да, лекин молия бозорининг бир қатор тармоқлари борки, ҳозир  уларда боқиманда қарзларнинг кўпайиб бораётгани келажакда жуда катта муаммоларни келтириб чиқариши айтилмоқда. Шулардан бири талабалар учун бериладиган кредитлардир. Айрим экспертларнинг фикрича, таълим кредитлари 2008-2009 йиллардагидан кўра ҳам кучлироқ салбий таъсирга эга бўлиши мумкин.

Хўш, аслида ҳам шундайми?

Сир эмаски, бугун кўпчилик муваффақиятларга эришишда олий таълимнинг аҳамиятини ниҳоятда юксак, деб билади. Хусусан, Меҳнат статистикаси бюроси маълумотларига қараганда, АҚШда 68,1 фоиз ўрта таълим битирувчилари олий таълимга интилар экан. Шунинг учун ҳам АҚШда олий маълумотли бўлиш учун талабалар кредити энг оммабоп молиявий хизмат турларидан ҳисобланади.

“Форбс” журнали маълумотларига кўра, 2010 йилда талабалар учун кредитлар миқдори 25,250 долларга кўпайди. Натижада ўша йили биринчи марта АҚШда талабалар учун ажратилган йиллик кредитлар миқдори 100 миллиард  доллардан ошиб кетди. Пировардида, талабалар учун йўналтирилган кредитлар миқдори 1 триллионлик маррани босиб ўтди.

Сўнгги эллик ичида АҚШ олий таълим тизимида инфляция йилига 6-9 фоизни ташкил қилиб, бу одатдаги инфляция кўрсаткичларидан икки баробарга кўплиги экспертларда шубҳаларнинг кўпайишига олиб келди.

Олий маълумотли бўлишнинг борган сари қимматлашиб бораётгани, қолаверса, коллеж ва университет битирувчиларига меҳнат бозорида талабнинг турғун бўлиб қолаётгани талабаларнинг кредитларни қайтариш имкониятини тушириб юбормоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, амалдаги қонунчиликда талабаларга ажратилган кредитлар банкротлик туфайли ҳисобдан чиқарилиши, яъни воз кечиш кўзда тутилмайди. Гарчи фуқаронинг молиявий аҳволи қай даражада ёмон бўлмасин, у ўқиш учун олган кредитларини тўлашда давом этиши керак.

Айрим битирувчиларда таълим кредитлари миқдори 100 минг доллардан ошиб, бу бўйича ойма-ой тўлов амалга оширилганда, ипотека кредитлари сингари 20 йил давомида ҳам тўлиқ қопланмаслиги мумкин.

Иқтисодчилар фикрича, мазкур қарзнинг кенгайиши нафақат тўхтатиб қолинмоқда, балки у йилдан-йилга юксалиб бормоқда. Яқинда ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатдики, 50 фоиз банкротлик масалалари бўйича адвокатлар сўнгги пайтларда ўз мижозларида таълим кредитлари билан боғлиқ муаммолар ўсаётганини қайд этишган. Ваҳоланки, 2005 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 25 фоизи ана шундай муаммолар борлигини қайд этишганди.

Ҳуқуқшуносларнинг қайд этишича, ушбу муаммоларни ҳал этишнинг ҳозирча энг мақбул йўли таълим кредитларидан банкротлик орқали воз кечишдир. Айримлар бу солиқ тўловчилар учун жабр бўлишини айтиб, 2008 йилги инқироз АҚШ солиқ тўловчиларига жуда қимматга тушганлигини эътироф қилишаётир. Баъзилар эса умуман таълим кредитларини давлат назоратига олишни таклиф қилмоқда. Аммо бу масалани яқин келажакда ҳал қилиш мутлақо имконсиз.

Яна бир гуруҳ иқтисодчилар эса олий таълим олиш учун ажратиладиган кредитларни 2008 йилдаги ипотека кредитлари билан чалкастирмасликка ундашмоқда. Уларнинг фикрича, талабаларнинг қарзи 1 триллиондан ошган бўлса-да, бу 2008 йилда шаклланган 13,5 триллион доллар олдида миридек гап.

SHARE