“Ё Америка, ё депортация” ёхуд ҳалол ва тўғри ишлаётган ноқонуний иммигрант тақдири нима бўлади?

Барак Обама АҚШ президенти этиб сайлангач, ўзининг либерал ислоҳотларидан бири сифатида иммиграция сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқишни ваъда қилганди. Бироқ АҚШ Конгресси қуйи палатасида республикачилар кўпчилик ўринга эга бўлгач,  бундай ислоҳотларни амалга ошириш нияти пучга чиқди.

Бироқ, Обама маъмурияти яна бир уриниб кўрмоқчи. Бу гал Обама маъмурияти “287 (g)” дастурини ёпишни режалаштирмоқда. Бу дастур штатлар ва шаҳарлар ҳокимиятига федераль ҳукуматга тааллуқли бир қатор вазифаларни, яъни ноқонуний мигрантларни аниқлаш ва қўлга олиш каби юмушларни амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Гап шундаки, аксарият ноқонуний иммигрантлар ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар Обаманинг президент этиб сайланишидан кўп нарсага умид қилишаётган эди. Аввало, улар бу “ҳужжатсиз шахслар”га ўз ҳуқуқий мақомини қонунийлаштириш учун йўл очади, деб ният қилишаётган эди. Аммо мазкур умид рўёбга чиқмади, балки вазият бутунлай ёмонлашди. Чунки Обама президентлиги даврида ноқонуний иммигрантларни депортация қилиш анча жадаллашди. Хусусан, 2011 йилда уларнинг сони 400 минг нафардан ошгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Иммиграция ислоҳотлари бир жойда қотиб қолавергач, Обама маъмурияти ноқонуний иммигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишда ўз тартибларини ўзгартирадиган бўлди. Шундай қилиб, АҚШда ноқонуний иммигрантлар жамият учун хавфли бўлса, яъни жиноятчилик, безорилик билан шуғуллансагина мамлакатдан депортация қилиш йўлидан бормоқчи. Айни пайтда иммиграция хизмати ходимлари депортация қилишдан аввал шахснинг хулқи, неча йил Америкада яшагани, фарзандлари бор-йўқлигига ҳам катта эътибор қаратишади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки,  “287 (g)” дастури АҚШда шу даражада кенг тарқалганки, у 60 минг нафардан ортиқ маҳаллий иммиграция агентларини қамраб олган. Улар Федераль иммиграция-божхона хизмати билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келишаётган эди.  Чунончи, маҳаллий агентликлар шубҳаланган барча иммигрантларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш, улар орасидан ноқонуний иммигрантларни топиш ва натижада, депортацияга ҳужжатларини расмийлаштириш билан шуғулланишарди.

Бугун Америка жамиятида турли жиноятларни содир этганлиги учун шубҳа остига олиниб, депортация қилинаётганини кўпчилик, айниқса, эртаю кеч тиним билмай ишлаётган ва қонунга итоаткор ноқонуний иммигрантлар, умуман, мамлакат учун яхши иш эканлигини қайд этишмоқда. Айни пайтда бир қатор иммиграция соҳасида тадқиқот олиб борадиган экспертлар “287 (g)” дастури фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради, деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, дастур гарчи ноқонуний бўлса-да, ҳалол ишлаётган, Америка жамиятига фойда келтираётган иммигрантлар орасида қўрқувнинг ортишига, пировардида, уларнинг панада, яширин иш олиб боришига турки бермоқда. Оқибатда, жиноий тўдалар ёки қинғир ишга қўл ураётганларни кўриб туришса-да, ўзи ва яқинлари тақдиридан ҳавотир олиб, маҳаллий полиция билан ҳамкорликка жазм эта олишмаяпти.

Аммо “287 (g)” дастури агентларига кўра, улар бошқа иммиграция хизмати вакиллари каби турли рейдларни амалга оширмайди, балки жиноят содир этгани учун шубҳа остига олиниб, ҳисбга олинган шахсларнинг иммиграция мақомини аниқлаштиради, холос.

Аммо шундай бўлса-да, АҚШ ҳуқуқ-тартибот органларида “287 (g)” дастурини танқид қилувчилар анчагина топилади. Хусусан, Миллий хавфсизлик вазирлиги бош инспекторининг сўзларига қараганда, маҳаллий агентлар, яъни “287 (g)” дастури бўйича иш олиб борадиган ходимлар етарли касб тайёргарлигига эга эмас. Негаки, кўп ҳолатларда улар ноқонуний иммигрантларни этник жиҳатига қараб аниқлашади. Масалан, испан тилида сўзлашувчи жамоалар ҳар доим шубҳа остида бўлишади.

Юқорида қайд этилганидек, Обама маъмурияти “287 (g)” дастурини ёпиш ниятида. Аммо бу жамиятда иммиграция ислоҳотлари бўйича қизғин музокараларга сабаб бўлаётир. Бунга барча — либераллардан тортиб, консерваторларгача, прагматик бизнесменлар ҳам ўз нуқтаи назарларини билдиришмоқда.

Ҳуқуқшунослар, ўз навбатида, иммиграция сиёсатида инсонпарварлик ғоялари устун бўлиши лозимлигини қайд этишаётир. Уларнинг фикрича, мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси, қолаверса, жамиятдаги ахлоқидан келиб чиқиб, ноқонуний иммигрантларга ўз ҳуқуқий мақомларини қонунийлаштириш имкони яратилиши керак. Ҳуқуқшунослар ноқонуний иммигрантлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим, деб ҳисоблашади. Чунки ҳайдовчилик гувоҳномаси, қолаверса, мажбурий суғурта АҚШ иқтисодиёти учун айни муддао бўлиши билан бир қаторда, иммигрантларнинг жамиятга интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ноқонуний иммигрантлар банкларда ўз ҳисоб рақамларини очиш, шунингдек, ўз бизнесини йўлга қўйиш учун кредит олиш имконига эга бўлиши керак. Чунки шундоқ ҳам инқироздан кейин азият чекаётган АҚШ иқтисодиёти учун бу сув ва ҳаводек зарурдир.

Айни чоғда масалага анча амалий нуқтаи назардан қарайдиганлар, яъни прагматиклар фикрича, Америкадаги бир қатор саноат тармоқлари ривожини иммигрантлар фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Хусусан, “Форбс” журналининг ёзишича, агар мамлакатда ноқонуний иммигрантларни депортация қилиш бўйича мана шундай қаттиқ сиёсат қўлланилар экан, айрим тармоқлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги мутлақо иш кучисиз қолиб кетиши мумкин. Энг ёмони, гарчи бундай тармоқларда етарлича меҳнат шароитлари яратилган эса-да, аксарият америкаликлар у ерларда ишлашни ўзига эп кўришмайди. Шунинг учун иқтисодчилар иммигрантлар АҚШ иқтисодий тараққиётининг асосий омилларидан бири бўлиб қолишини уқтиришмоқда.

Яна бир масала. Аксарият таҳлилчилар АҚШда иммиграция иқтидорли ёшлар учун жуда ҳам юмшоқ ва содда бўлиши керак, деган фикрда.  Истеъдодли ёшларга олий ўқув юртини тамомлаганидан сўнг АҚШда қолиш учун имконият яратиб берилиши керак. Чунки Америкада турли кашфиётларни, бизнес ғояларни илгари сурадиган ва ҳаётга татбиқ қиладиганлар орасида иммигрантлар кўпчиликни ташкил қилади. Чунончи, АҚШдаги энг муваффақиятли 500 та компанияларнинг қирқ фоизи айнан иммигрантлар ёки уларнинг оила аъзолари томонидан ташкил этилган. Уларнинг даромади 4 триллион АҚШ долларидан ошиб, 10 миллион нафардан зиёд кишини иш билан банд қилган.

Хулоса қилиб айтганда, АҚШда ноқонуний бўлса-да, меҳнат қилаётганлар, аввало, ҳалол ва тўғри йўлдан юришса, бас, депортация қилиниш эҳтимоли камайиб бораверади.

SHARE