9 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Террорчи қўлга олинди

Афғонистоннинг Бадахшон музофотида Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолларидан бири ҳисбга олинган. Халқаро коалиция кучлари ҳамда маҳаллий полиция вакиллари ҳамкорлигида уюштирилган махсус амалиёт чоғида 7 нафар ҳарбий жангари йўқ қилинган ва яна саккиз нафари ҳибсга олинган. Ҳибсга олинган жангарилар орасида ҳудҳушлик (суицид) орқали террорчилик ҳужумларини ташкил этувчи шахс бўлган. Унинг исми ҳозирча хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор қилинмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, 26 март куни халқаро кучлар вакиллари ҳамда афғон хавфсизлик хизмати ходимлари Фарёб музофотида махсус амалиёт ўтказиб, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Афғонистондаги етакчиси Маҳдум Нусратни йўқ қилганлиги ҳақида расмий хабарлар тарқатилган эди.


 

 

Тошкентда беш юлдузли меҳмонхона қурилади

Ўзбекистон пойтхатида дунёга машҳур “Hyatt” бренди остида янги меҳмонхона очилади. “РИА Новости” агентлигининг хабар қилишича, “Hyatt International” компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 2012-2013 йилларда 113 миллион АҚШ долларилик меҳмонхона қуриш бўйича келишув битимини имзолаган. Битимга мувофиқ, томонлар 294 хонали ушбу меҳмонхонани шаҳар марказида қуришни режалаштирмоқда.
2013 йилнинг сўнгида фойдаланишга топширилиши кутилаётган беш юлдузли меҳмонхонани қуришга давлат бюджетидан 71 миллион, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 42 миллион сўм йўналтирилади.
“Hyatt International” компанияси, ўз навбатида, меҳмонхонани лоийҳалаштириш, қуриш, жиҳозлаш, бошқариш, шунингдек, “Hyatt Regency” савдо белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим қилади.


 

 

Афғонлар АҚШ ҳарбийларини назорат қилади

Афғонистон ҳукумати ва АҚШ ўзаро келишувга эришди. Унга кўра, америкалик ҳарбийлар томонидан амалга ошириладиган тунги ҳарбий рейдларга афғон ҳарбийлари раҳбарлик қилади. ББСнинг хабар қилишича, АҚШ ҳарбийлари фақатгина ёрдамчи куч вазифасини бажаради, холос. Америкалик ҳарбийларнинг қайд этишича, тунги рейдлар жангариларни йўқ қилишда муҳим аҳамиятга эга эди.
Бироқ сўнгги бундай тунги рейдлар кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳаётига зомин бўлаётгани туфайли АҚШ ҳарбийларига нисбатан эътирозларнинг кўпайишига олиб келди. Ҳозирча ушбу шартнома 2014 йилда, яъни халқаро кучлар чиқиб кетиши арафасида кучга кириши қайд этилмоқда.


 

 

Ўзбекистонда ЮНЕСКО муҳофазасидаги объектлар кўпаяди

Ўзбекистон ҳукумати 36 тарихий объектни ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича иш олиб бормоқда. Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Равшан Мансуровга кўра, бундайн объектлар сирасидан Оқ Остона бобо, Дилкушо, Мир Саид Баҳром мақбаралари, Баҳоуддин Нақшбандий, Чор-Бакр, Шайх Мухтор Вали, Ҳаким ат-Термизий, Работи Малик мажмуалари, Жарқўрғон ва Вобкент миноралари, Қирқиз саройи, Хонди сув омбори ва бошқалар жой олган.
Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар Ўзбекистоннинг 4 тарихий-маданий объекти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.


 

 

“Гугуша” илк альбомини АҚШда тақдим қилади

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми”, “Меҳр нури” сингари жамғармалар ташаббускори, Гулнора Каримова ўзининг “GOOGOOSHA” деб номланган янги альбомини яратган. Унда қўшиқларнинг барчаси инглиз тилида куйланган. Муаллиф ўз расмий твиттерида бу ҳақда ахборот бериб ўтади.
Сайёд.ўзнинг ёзишича, 2012 йил июн ойида АҚШда расмий тақдимоти бўлиб ўтиши кутилаётган «GOOGOOSHA» деб номланган дебют альбоми устида у машҳур россиялик продьюсер ва бастакор Максим Фадеев билан ҳамкорликда иш олиб борган.

 

SHARE