Америкада ўзбек адабиёти ўрганилмоқда

Х асрдан кейин барча замонлар учун буюк олим сифатида эътироф этилган Беруний бундан салкам минг йил аввал ер куррасининг ғарбий  қисмида материк бўлиши мумкинлигини башорат қилган эди.

Бу материк ҳозирги жаҳон цивилизациясида катта рол ўйнаётган Америка эди, албатта.

Аммо шарқ мутаффакири, буюк олим Беруний замонлар келиб ана шу қитъа халқлари, ўзининг ватандошлари билан турли йўналишларида алоқалар ўрнатишини, олимлари эса, бу кўҳна шарқ юртларининг бадиий адабиётини ўрганишга махсус тадқиқотлар бағишлашини хаёлига келтирганмикан?

Биз буни билмаймиз, лекин, шундай фикрлар, мабодо, олим хаёлидан ўтган бўлса, у орзу қилган замонлар келди.

Америка Қўшма Штатларининг қатор адабиётшуос олимлари ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб ўзбек адабиёти ҳақида салмоқли тадқиқотлар ярата бошладилар, кўплаб мақола ва китоблар эълон қилдилар.

Шуниси эътиборлики, собиқ иттифоқ парчалангандан сўнг, мустақиллик даврига келиб, Ўзбекистонда олис Америкадаги ана шундай олимларининг тадқиқотларини махсус ўрганадиган, уларга жиддий баҳо бера оладиган янги олимлар авлоди етишиб чиқди.

Инглиз тилини билиш, манбаларни оригиналда ўрганиш ҳамда тадқиқ этилаётган муаммоларга, сиёсий ёки мафкуравий эмас, умумбашарий мезонлар асосида холис баҳо бера олиш мутахассислар олдида кўндаланг бўлган асосий талаблар эдики, мустақиллик ана шундай хусусиятли ёш олимларни тарбиялаш масаласига катта эътибор қаратди.

Ёш олима филология фанлари номзоди Зулхумор Мирзаева қаламига мансуб “ХХ аср ўзбек адабиётининг Америкада ўрганилиши” номли монография ана шундай тадқиқотлардан бири бўлиб, бугунги Ўзбекистоннинг мазкур масалага доир салоҳиятидан ёрқин тасаввур беради.

Инглиз тилини деярли мукаммал билиш, АҚШнинг қатор шаҳарларида бўлиш, Колумбия, Индиана, Гарвард каби Марказий Осиёни ўрганувчи қатор обрўли университет кутубхоналарида ишлаш, бу мамлакатдаги ўзбек адабиёти билан шуғулланувчи қатор олимлар билан шахсан танишув ва улар билан илмий алоқа ўрнатиш ушбу “ХХ аср ўзбек адабиётининг Америкада ўрганилиши” китобининг яратилиши учун асос бўлган.

Китоб яқиндагина нашр этилган бўлса-да, у деярли ўн йиллик меҳнат самарасидир. Зулхумор Мирзаева бундан олти етти йил аввал жадид адабиётининг (1900 – 1920) Америкада ўрганилиши ҳақида махсус номзодлик диссертациясини ёқлади. Сўнг, докторлик ишини, умуман, Америкада ХХ аср давомида ўзбек адабиётининг ўрганилиши мавзусига бағишлади.

“ХХ аср ўзбек адабиётининг Америкада ўрганилиши” монографияси ана шу изланишларнинг самараси сифатида майдонга келди.

Китобда ёш ўзбек олимаси, хориждаги, хусусан, АҚШдаги Э. Олворт, Э. Наби, Ж. Соупер, Э. Лаззерини, Х. Мурфи, А. Холид, Р. Мария, Л. Шон, О. Ахмед, Р. Харрел каби мутахассисларнинг ўзбек адабиёти ҳақидаги ишларини тадқиқ этади, уларга холис баҳо беришга ҳаракат қилади, ўрни-ўрнида уларнинг айримлари билан жиддий мунозарага ҳам киришади.

З. Мирзаеванинг Беҳбудий, Қодирий, Фитрат, Чўлпон асарлари юзасидан хорижлик олимлари билан айрим тортишувлари, адабиётшуносларни ҳам, адабиёт ихлосмандларини ҳам бефарқ қолдирмайди.

Китобдан олиманинг, шунингдек инглиз-ўзбек таржималарига доир қатор айрим тадқиқотлари, ҳозирги севимли ёш ўзбек адиби Улуғбек Ҳамдам қаламига мансуб “Мувозанат” романининг Америкадаги талқинига бағишланган мақола, шунингдек, муаллиманинг Колумбия университети фахрий профессори Эдворт Олворт ва Мичиган университети тадқиқотчиси Рейчал Харрел билан ўзбек адабиёти масалаларига доир суҳбатлари ҳам ўрин олган.

  Хуллас, бугунги Ўзбекистон адабиётшунослиги изланишларида ёш олима Зулхумор Мирзаеванинг ҳам ўз ўрни бор.

Толибжон АБРОЛОВ

 

 

 

 

 

 

SHARE