12 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Оташ-кесим эълон қилинди

 

Бугун Сурияда қуролли тўқнашувларни тўхтатиш бўйича оташ-кесим бошланди. БМТ ва Араб давлатлари лигаси махсус вакили Кофи Аннаннинг саъй-ҳаракатлари билан Сурияда давлат ва қўзғолончи гуруҳлар ўртасида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга келишилган. ББСнинг хабар беришича, ҳозирча ҳарбий тўқнашувлар содир бўлаётган ҳудудларда тинчлик ҳукмронлик қилмоқда.
Сурияда ҳам “Араб баҳори”ни амалга оширишни ният қилишган кучлар сўнгги бир йил давомида ҳарбий ҳаракатларни олиб бормоқда. БМТ маълумотларига қараганда, ўтган давр мобайнида 9 минг нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган. Айни Сурия ҳукумати қурбонлар сони 4 минг кишига етмаслигини таъкидлаб келади.
Кўпчилик оташ-кесим бирон натижа беришини шубҳа остига олишмоқда.


 

 

ОТБ Ўзбекистонда ўсиш пасайишини қайд этди

 

Жорий йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 8 фоизни, келаси йилда эса 7,9 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда Осиё тараққиёт банки тадқиқотида сўз боради.

Ўздейли.ўз сайтининг ёзишича, бундан олдин ОТБ 2012 йили Ўзбекистонда иқтисодиёт ўсиши 8,4 фоиз бўлишини прогноз қилганди. Молий муассасаси тадқиқотига кўра, саноат ва хизматлар сектори Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишининг асосий омили ҳисобланади.


 

 

Мультфильмни кўришга ҳалақит берманг

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси радио ва телевидениеда жойлаштирилаётган рекламаларни “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилишини ўрганиб чиқди. Қўмита сайтида ёзилишича, Навоий вилоятининг “Navoiy” телекомпанияси томонидан авиакассалар хизматларини реклама қилишда “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 13 моддаси (Нотўғри реклама) бузилганлиги аниқланган, яъни, рекламада “Москвадан Ўзбекистон Республикасининг барча йўналишлари бўйича энг паст нархлардаги авиачипталар” сўзлари ишлатилган бўлиб, республиканинг барча йўналишлари бўйича сотилаётган авиачипталар нархлари ҳамда барча республиканинг вилоятларида авиахизматлар мавжудлиги таҳлил қилинганда, рекламда тарқатилган ахборот ўз тасдиғини топмади.
Шу билан бир қаторда, қўмита томонидан асосий эътиборни болаларга мўлжалланган (ўн тўрт ёшгача) кўрсатувларда рекламаларни тарқатилишига йўл қўймаслик ҳолатларига (реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига зид) қаратган. Масалан, Наманган вилоятининг “Наманган” телеканалида тарқатилаётган рекламалар ўрганилганда, “Музлик даври” мультфилми намойиш этилаётган вақтида икки маротаба узиш орқали реклама тарқатилишига сабаб бўлган. Шу муносабат билан, “Наманган” телевидениесига реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузишни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берилган.


 

 

Нью-Йоркда тақдимот ўтказилди

Нью-Йоркда ўтказилган давра суҳбатида “Меҳр нури” жамғармасининг “1000 та никоҳ тўйи ва 1000 та суннат тўйи” хайрия лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда АҚШ олий ўқув юртларининг экспертлари ва олимлари, жамоатчилик ва БМТ ҳузурида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ҳамда Нью-Йоркдаги бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашган тадбирда “Меҳр нури” жамғармаси томонидан амалга оширилаётган “1000 та никоҳ тўйи ва 1000 та суннат тўйи” лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.


 

 

Ишда Facebookка кириш жиноят эмас

Сан-Франсиско суди иш вақтида ижтимоий тармоқлардан ва электрон почтадан фойдаланиш федераль жиноят ҳисобланмаслигини кўзда тутувчи қарор чиқарди. Сўнгги бир неча давомида АҚШ ҳукумати бир қатор идораларда ходимларнинг ижтимоий тармоқ ва электрон почтадан фойдаланиши давлат ёки тижорат аҳамиятига эга сирларнинг, патент ахборотларининг ўғирланиши ва суиистеъмол қилинишидан ҳавотир билдириб, буни тақиқлаш бўйича иш олиб бораётган эди.

 

SHARE