13 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Ўзбекистон Хитой билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Ўзбекистон Қуролли Кучлари бирлашган штаби бошлиғи Виктор Маҳмудов Пекинда Хитой Марказий ҳарбий кенгаши раиси ўринбосари Сюй Цайхоу билан музокаралар ўтказган.
“Женьмин Жибао” газетасининг ёзишича, юқори мартабали ҳарбийлар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг бугунги аҳволи, истиқболи, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлаш масалаларида ўзаро мулоқот олиб боришган. Хусусан, икки давлат ҳарбий тузилмалари ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.


 

 

Шимолий Кореянинг баллистик ракета синови муваффақиятсизликка учради

Шимолий Корея томонидан узоқ муддат давомида фазога учирилиши айтиб келинаётган илмий сунъий йўлдош синови муваффақиятсизликка учради. Ҳавода бор-йўғи бир минут атрофида турган ушбу ҳаво кемаси расмий Пхеньянга халқаро ҳамжамият томонидан янги санкцияларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки дунё ҳамжамияти Шимолий Корея раҳбариятидан ушбу синовни ўтказмасликни талаб қилиб келаётган эди.
Жумага ўтар кечаси «Ынха-3» баллистик ракетаси бортида сунъий йўлдош билан ҳаво кўтарилди. Аммо Япония ва Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, ракета осмонда узоғи билан бир дақиқа турган, холос.
Пентагон маълумотларига қараганда, ракета ҳатто атмосфера қобиғини ҳам кесиб ўтмаган. Ракета қолдиқлари, сўнгги маълумотларга кўра, Жанубий Кореянинг ғарбий қисмидаги Кунсан шаҳридан 200 километр йироққа келиб тушган. Корея Халқ Демократик Республикасининг ушбу хатти-ҳаракатларидан нафақат Ғарб мамлакатлари, айни пайтда Россия ва Хитой ҳам ўз ташвишини билдириб ўтган.


 

 

Телефонда порнография маҳсулотларини сақламанг

Ўзбекистонда порнография билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликлар кучайтирилди. Бу борада “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бугундан кучга кирди.
Кун.ўз сайтининг сайтининг ёзишича, мазкур Қонунга кўра, порнографик маҳсулотлар муомаласи учун жавобгарлик кучайтирилди ҳамда эндиликда нафақат 21 ёшга тўлмаган шахслар ўртасида, балки умуман порнографик маҳсулотларни намойиш қилганлик, тарқатганлик, шу билан бирга, уни реклама қилганлик ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланди.
Унга биноан, бундай хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек, уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб қилиш уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қонун билан, шунингдек, порнографик маҳсулот тушунчасига ҳам изоҳ берилди. Унга кўра, порнография маҳсулотлари бадиий қимматга эга бўлмаган ва илмий, тиббий ёки ўқув мақсадлари учун мўлжалланмаган, одам жинсий аъзоларининг ёхуд одам томонидан ҳақиқатда содир этилаётган ёки шунга ўхшатилган жинсий алоқанинг тавсифини ёхуд фото, видео тасвирини ёки бошқа тасвирини ўз ичига олган материаллар ва нарсалар ҳисобланади.


 

 

Темир йўлларда ZТE технологияларидан кенг фойдаланилади

ZТE корпорацияси вице-президенти Ян Цзюн “Ўзбекистон темир йўллари” темирйўл компанияси ZТE корпорациясининг стратегик ҳамкори ҳисобланишини таъкидлаб, корпорация алоқа соҳасидаги энг илғор ва самарали технологиялардан фойдаланган ҳолда, юқори самарали, тезюрар темир йўллар тармоқларини қуришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёрлигини билдирди.
У бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда маълум қилган. ЎзА ахборот агентлиги хабарига кўра, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ZТE корпорацияси кўмагида Тошкент-Ангрен участкасида барпо этган темир йўл сигнализацияси тизими бенуқсон ва узлуксиз ишламоқда. Мазкур янги тизим ишга туширилгандан буён ушбу участкада темир йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти 50 фоизга ошди. Бу, ўз навбатида, Ангрен ҳудудида саноатни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатди.


 

 

Ўзбекистон футбол федерацияси олимпия жамоаси мураббийлар штабини тарқатиб юборди

Мураббийлар Вадим Абрамов, Марат Мифтахуддинов, Тохир Кападзе Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан шартнотмаси апрель ойида ўз кучини йўқотди. Шу сабабли мураббийлар штаби тарқатиб юборилди, деб хабар ЎФФ сайти.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Вьетнамда бўлиб ўтган Лондон-2012 минтақавий саралаш турнирида муваффақиятсиз иштирок этиб, ХХХ ёзги олимпияда ўйинларига бориш имкониятини йўққа чиқарганди. Бу борада Уммон олимпия терма жамоасига қарши ўйин Лондон-2012 йўлидаги энг сўнгги расмий учрашув сифатида тарихда қолди.
Энди Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Ўзбекистон футбол федерацияси терма жамоалар маркази олдидаги вазифасини адо этиб бўлди. Натижада мазкур терма жамоа мураббийлар штаби тарқатиб юборилди. Бош мураббий Вадим Абрамов бир вақтнинг ўзида миллий терма жамоа бошқарувида ҳам экани сабаб, мутахассис Ўзбекистон футбол федерацияси билан ҳамкорликни давом эттиради. Унинг олимпия терма жамоасидаги ёрдамчилари – Тохир Кападзе ва Марат Мифтахуддинов ўз вазифасидан озод этилди.

 

SHARE