Яна бир иқтисодий зона… Нега айнан Ангренда?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Тошкент вилоятида “Ангрен” махсус индустриал зонаси ташкил этиладиган бўлди. Фармонга кўра, зона юқори қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитларни шакллантириш, шунингдек, Тошкент вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш жойларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида ташкил этилади.

“Ангрен” махсус индустриал зонасининг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этади ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкин. “Ангрен” МИЗ фаолият юритадиган муддат мобайнида унинг ҳудудида махсус солиқ тартиби ва божхона имтиёзлари амал қилади.

“Ангрен” махсус индустриал зонасида қатнашадиган инвесторлар, корхоналар қуйидаги имтиёзлардан фойдаланишади:

• юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан, кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан;
• республикада ишлаб чиқарилмайдиган, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида “Ангрен” МИЗ ҳудудига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар бож тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган имтиёзлар киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб 3 йилдан 7 йилгача муддатга берилади, шу жумладан эквиваленти:

• 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 3 йил муддатга;
• 3 миллион АҚШ долларидан ортиб 10 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 5 йил муддатга;
• 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 7 йил муддатга берилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон учун эркин иқтисодий зона ташкил этиш янгилик эмас. 2008 йилда ҳам Навоий вилояти аэропорти ҳудудида “Навоий” эркин иқтисодий-индустриал зонаси ташкил этилган эди.

Бугунги кунда ушбу ҳудудда хорижий инвестициялар иштирокида корхоналарда импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқараётир. Ҳар хил ўлчам ва диаметрли, турли мақсадлар учун мўлжалланган полиэтилен ва полипропилен қувурлар, автомобил симлари, компрессорлар, спидометр цингари “GM Uzbekistan” корхонаси автомобиллари учун бутловчи қисмлар, рангли телевизион сигналларни рақамли форматда қабул қилиш учун махсус ускуналар ишлаб чиқарилмоқда ва йиғилмоқда, хорижий технологиялар асосида лосёнлар, крем, туш ва бошқа косметика воситалари ишлаб чиқарилади.

Қолаверса, Навоий вилоятида ташкил этилган халқаро интермодаль логистика марказидаги қулайликлардан унумли фойдаланиш Ўзбекистонни транспорт йўлагининг марказига айлантиради. Кўпчилик бу лойиҳани самарали қўллаш Навоий вилоятини Марказий Осиёнинг Дубайига айланиши мумкинлини қайд этишмоқда.

Хўш, мамлакат нега айнан Тошкент вилоятида “Ангрен” махсус индустриал зонасини ташкил этишга ҳаракат қиляпти?

Биринчидан, Тошкент вилояти Ўзбекистонда энг саноатлашган ҳудудлардан бири бўлиб, янги махсус индустриал зона ҳудуднинг ушбу салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш имкониятини беради;

Иккинчидан, сир эмас, бугунги кунда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри республикада қайта тикланишга, ривожлантиришга жуда катта эҳтиёж сезаётган шаҳарлардан ҳисобланади. Махсус зона эса шаҳарнинг бир пайтлардаги нуфузи ва фаровонлигини тиклаш, шаҳарда аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади;

Учинчидан,  Фарғона водийси вилоятлари билан боғлайдиган транспорт йўлакларидан бири айнан Қамчиқ довони орқали, яъни Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтади. Биласиз,Тожикистон билан муносабатларнинг яхши эмаслиги водий вилоятларига етказиб бериладиган барча турдаги юкларнинг Қамчиқ довони орқали жўнатишга тўғри келяпти. Бу вазифани ҳозирча “Ангрен” логистика маркази бажармоқда. Юклар, аввало, логистика марказида йиғилади ва у ердан оғир юк ташувчи автомобилларга юкланиб, водий вилоятларига жўнатилмоқда.

Умуман, Ўзбекистонда ташкил этилаётган иқтисодий зона тўғридан-тўғри хориж инвестициясини жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш ҳамда янги иш ўринларини ташкил қилишга хизмат қилади. Бу, айниқса, бир пайтлар “кончилар”, “нурчилар” шаҳри бўлган Ангренни ривожлантириш учун айни муддаодир.водийга юборилади Ўтган йили 2,6 миллион тонна юк ташилгани ушбу ҳудуднинг аҳамиятини кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, янги махсус марказ бу борада ҳам муҳим роль эгаллаши турган гап.

SHARE