Абдулла Орипов нега Колумбга жаҳл қилган?

Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг шундай мисрaлари бор:

 

Америка — сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди, илк бор,
Берунийнинг ақл машъали!
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон, ватаним маним!

 

Бу мисра бежизга битилмаган. Гап шундаки, буюк бобокалонимиз, қомусшунос олим Абу Райҳон Беруний ўз асарларида бугунги кундаги Америка борлигини ёзиб қолдирганлигидир. Гарчи Берунийнинг бу изланишлари турли талқин қилинса-да, аксарият олимлар уни Американи кашф этган олимлардан бири сифатида билишади.

 

Американи Христофор Колумб кашф этганлигини кўпчилик билади. Бу ҳақда мактаб дарсликларида ҳам ёзилган. Колумб 1492-1503 йиллар мобайнида, денгизда  Ҳиндистонни излаб юрган пайтда, тасодифан Америка қитъасида жойлашган  Кариб соҳилининг жанубий қисмини ҳамда Антил оролларига биринчи бўлиб қадам қўйган. Аммо Колумб янги қитъа кашф қилганлигини тасаввур ҳам қилолмайди. Кейинчалик, флоренциялик Америко Веспуччи Колумб дунёнинг янги, ҳали ҳеч бир кимсага маълум бўлмаган ер қисмини кашф этди, деб айтган. Яъни Америка Веспуччи бу янги қитъа эканлигини биринчи бўлиб айтади ва бу қитъа Америка номи билан аталган.

 Яна бир маълумотларга кўра, Америкага биринчи бўлиб Х асрда скандинавиялик денгиз саёҳлари қадам қўйишган екан. Шу ҳақда ҳам кўп қўлёзмалар мавжуд. Албатта, унинг қайси бири афсона ва қайси бири ҳақиқат? Буёғи энди олимларнинг иши.

 Ўзбекистонлик шарқшунос олим, Фанлар Академияси ҳузуридаги Тошкент давлат шарқшунослик институтининг директори Баҳром Абдуҳамитов ўз интервьюсида шундай деган эди:

 — Американи буюк олимимиз Абу Райҳон Беруний кашф этган деб айтсак муболағага йўл қўймаймиз. Хитойнинг XVIII асрга тегишли бўлган жўғрофий харитаси Европа, АҚШ ва Хитой уламоларининг ичида катта баҳслар туғдирмоқда. Хитойликларнинг сўзларига кўра, ушбу харита 1421 йилда чизилган асл нусхадан олинган кўчирма бўлиб, Колумбдан 71 йил аввал, Америкага хитойликлар биринчи бўлиб қадам қўйганлигининг исботи ҳисобланади.  Бизнинг олимимиз Абу Райҳон Беруний эса, бу воқеа содир бўлишидан 400 йил муқаддам,  у ерда қитъа борлигини тахмин қилган ва бу ҳақда кўпгина уламолар билан баҳс сурган. Асосан у ўзининг 1030 ва 1036 йилларда ёзган “Ҳиндистон” ва “Маъсуд қонуни” деб номланган илмий асарларида шундай дейди: “Ўраб олган денгиз, яъни Атлантик уммони, шу инсонлар яшайдиган оролни ҳар бир қитъалардан ёки бошқа Ғарб ва Шарқда жойлашган ороллардан ажратиб туради.” Шу сабаб аждодимиз Американинг биринчи кашф етган буюк инсонлар сафига киради. Чунки Беруний тахминан бундан 1000 йил муқаддам Атлантика уммонидан Ғарб йўналишида қитъа ва ороллар борлигини айтиб ўтган”.

Албатта, бугун олимларимизнинг Беруний асарларини янада чуқур ўрганиши, у ҳақда Ғарб мамлакатларида мунтазам илмий рисолалар, мақолалар беришни кўпайтириши Беруний бобомиз ҳақиқатини тиклашга, уни  Американи кашф қилган олимлардан бири сифатида тан олишга ундаши турган гап.

 

Равшан МУҲИДДИНОВ  

SHARE