Афғонистон “қарғиши”. НАТО ўз миссиясини бажара оладими?

Дунёга машҳур италиялик ёзувчи Умберто Эко ўз интервьюларидан бирида “Агар Жорж Буш Афғонистон ҳақида рус ёки инглизлар ёзган бир-иккита китобни ўқиганида борми, ушбу мамлакатга умуман бостириб кирмасди. У тоғларда ҳатто Искандар Зулқарнайн ҳам мағлубиятга учраганини англаб етармиди?”, деб ёзганди. Дарҳақиқат, Афғонистон билан шундай тарихий ҳақиқатлар борки, уларни инкор қилиб бўлмайди. Улардан бири, шубҳасиз, Афғонистонда олиб бориладиган ҳарбий ҳаракатлар алал-оқибатда мағлубият билан якунланишидир.

Маълумки, 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШ бошчилигидаги халқаро ҳарбий кучлар Афғонистонга бостириб кирди. Толиблар ҳокимиятига барҳам бериш, террор ўчоғи — “Ал-Қоида”ни бутунлай йўқ қилиш, Афғонистонда демократик, қонунларга асосланган давлатни барпо этиш мақсад қилинди, афғон халқига фаровон турмуш ваъда қилинди.

Орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтдики, ушбу мақсадлар ҳали тўлиқ рўёбга чиқарилмади. Биринчидан, толибонлар ҳокимиятига барҳам берилган бўлса-да, улар минтақада хавфсизликка асосий таҳдид бўлиб қолмоқда. Қолаверса, янгидан тузилган Афғонистон ҳукумати ҳам мамлакатни оёққа турғазишда жиддий муаммоларга дуч келаётир.

Афғонистондаги тинчликни сақлаш ва терроризмга қарши курашишда НАТО шафелигида Халқаро хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш кучлари фаол иштирок этиб келмоқда. Ушбу тузилма таркибида 46 мамлакат ҳарбийлари ва ҳарбий техникалари жалб қилинган бўлиб, урушнинг ҳаддан ташқари узоқ муддат мобайнида давом этаётгани, қолаверса, глобал молиявий-иқтисодий инқироз туфайли аксарият мамлакатларда ҳарбий харажатлар миқдори кескин қисқартирилаётгани улар сафидан чиқмоқчи бўлган давлатлар сонининг камайишига олиб келмоқда.

Кўпчиликка маълумки, 2014 йилда Афғонистондан асосий халқаро ҳарбий кучлар олиб чиқиб кетилиши мўлжалланмоқда. Бироқ, аксарият мамлакатларда (Ғарб мамлакатлари) ҳокимиятга сўл кучлар келаётгани ушбу муддат бўйича ҳам вазифаларни охирига етказишга ҳалақит бермоқда.

Хусусан, шу кунларда авжига чиққан Франция сайловолди кампаниясида  амалдаги президент Николя Саркозининг асосий рақиби Франсуа Олланд агар мамлакат президенти этиб сайланса, белгиланган муддатни янада жадаллаштиришини ваъда қилди. Шуни айтиб ўтиш керакки, шу йилнинг 12 апрель куни француз ҳарбийлари ўзлари назорат қилиб турган Суруб воҳасида ҳарбий назоратни маҳаллий ҳарбийларга топширишди. Француз ҳарбийлари 2013 йилда тўлиқ олиб чиқиб кетилиши керак. Аммо логистика, яъни ҳарбий техника ва юкларни олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ муаммолар ушбу жараённинг ўз вақтида бажарилишини шубҳа остигу қўймоқда.

Боз устига, ўтган ҳафта бошланган толибонларнинг кенг миқёсли террор ҳужумлари ҳам айрим давлатларни ушбу “жаҳаннам”ни тезроқ тарк этишга ундамоқда. Бугун Австралия ҳукумати раҳбари Жулиа Гиллард ўз мамлакати ҳарбийларининг асосий қисмини муддатидан олиб чиқиш вақти етганлиги ҳақида айтиб ўтгани фикримизга яққол далилдир. Маълумки, шу йилнинг 15,16 апрель кунлари Афғонистон бўйлаб содир этилган мислсиз террорчилик ҳаракатлари  2001 йилдан бери кузатилмаган эди. Бу гал НАТОнинг Афғонистондаги бош қароргоҳи, Президент ва парламент бинолари, элчихоналар мана шундай ҳужумлар қуршовида қолди. 40 нафарга яқин киши ҳаётига зомин бўлган мазкур террорчилик ҳаракатлари Афғонистондаги вазиятни янада чуқурлаштиришга хизмат қилди. Аввало, бу НАТО ўз миссиясини давом эттириши керак, деганлар учун айни муддао бўлса, айни пайтда ўз давлатининг бошқа бир мамлакатда, айниқса, “ўзига тааллуқли бўлмаган урушда ўз ўғлонларини қурбон қилаётган”лар учун ҳам яхшигина сабаб бўлаётир.

Шу билан бирга, халқаро кучлар томонидан тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар содир этилаётгани, чунончи, яқинда АҚШ ҳарбийсининг асосан болалар ва аёлларни ўққа тутгани афғонларда ҳам халқаро кучларнинг тезроқ чиқиб кетишини талаб қилишга туртки бермоқда. Бу, айниқса, толибонлар учун айни муддао бўлаётир.
Умуман, НАТОнинг ўз олдига қўйган вазифаларни тўлиқ бажармасдан Афғонистонни тарк этиши (аслида шундай бўлиш эҳтимоли юқори) бир қатор муаммоларнинг янада илдиз отишига сабаб бўлади:

Аввало, Афғонистонда беқарорлик сақланиб, толибонларнинг кучайиши, улар томонидан турли террор ҳаракатларининг кўпайишига олиб келади. Шу боис ҳам Афғонистонни тарк этишдан олдин толибонлар билан музокара столига ўтириш, агар зарур бўлса, уларга нисбатан ялпи афв эълон қилиш, толибонларнинг ҳокимият учун курашишини қонуний асослар орқали амалга оширишга кўндириш ва энг муҳими, шу йўл орқали миллий бирдамликка эришиш лозим. Бунда “6+3” мулоқот ташаббуси қўл келиши мумкин;

Иккинчидан, Афғонистонда беқарорлик ва уруш ҳолатининг сақланиб қолиши ушбу мамлакат билан чегарадош — Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон учун хавфсизлик билан боғлиқ муаммоларни юзага келтиради. Энг ёмони, Афғонистондаги вазиятни “на уёқли, на буёқли” қилмасдан ташлаб чиқиб кетиш унга қўшни бўлган давлатлар учун жиддий хавф туғдиради;

Учинчидан, Афғонистондаги вазифалар охирига қадар рўёбга чиқарилмас экан, ўтган 10 йилдан ортиқ муддат давомида олиб борилган урушга мантиқсиз хотима бўлади. Чунки терроризм, гиёҳвандлик муаммоси сақланиб, глобал хавфсизликка таҳдид бўлиб қолаверади;

Тўртинчидан, Афғонистон халқини уруш ва терроризм, гиёҳвандлик балосидан сақлаб қолиш бўйича бугунги кунда кўрилаётган чора-тадбирларни бутунлай йўққа чиқаради. Чунки ҳозирда афғонларга таълим бериш, уларни иш билан таъминлаш, рўзғор тебратиш учун имкон қадар қулай шарт-шароит яратиш, мамлакатда таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш инфратузилмасини барпо этиш бўйича жуда катта ишлар амалга ошириляпти. Шундай экан, НАТО ўз миссиясини охиригача адо этмоғи ҳам фарз, ҳам қарздир.

Хулоса қилиб айтганда, сўзимиз аввалида таъкидлаганимиздек, афғон “қарғиши” такрорланмаслиги, яъни бу галги вазифалар ҳам йўққа чиқмаслиги ўта зарурдир. Афғонистонда заминида тинчлик бўлиши, аввало, унинг қўшнилари учун, сўнгра бутун дунё учун фақат ва фақат ижобий ҳолатдир.

SHARE