Абдухолиқовнинг юбилей голи “Пахтакор”га Қатарнинг “Ал Араби” жамоаси устидан ғалаба келтирди

Бугун Осиё чемпионлар лигасининг “В” гуруҳи 4-тури доирасида Қатарда “Ал Араби” ва “Пахтакор” учрашуви бўлиб ўтди. Ўйин бошиданоқ майдон эгалари катта куч билан олдинга ўтишди. 2-дақиқада Буалим Кхуки шериклари томонидан ошириб берилган тўпни дарвозага йўллай олмади, унинг қаршисида фақат Темур Жўраев бор эди. 4-дақиқада чап қанотдан ошириб берилган тўпни Кукхи боши билан дарвозага йўллади, зарба ноаниқ кетди. 9-дақиқада “Пахтакор” учрашувдаги илк ҳужумни ташкил қилди. Абдухолиқов тўпни Шарофетдиновга етказиб берди, унинг зарбасини дарвозабон қайтара олди. Қайтган тўпни Каримов дарвозага йўллади, тўп йўлига ҳимоячилар тўғаноқ бўлишди. 12-дақиқада Кукхи ўнг қанотдан олдинга борди ва жарима майдони ичига тўпни оширишга эришди, Арафат Жаконинг яқин масофадан берган зарбаси ноаниқ кетди. 15-дақиқада Николаевнинг қўпол хатосидан сўнг рақиблар вазиятдан фойдалана олишмади. Бу ерда Темур Жўраев, Кримец ва Махарадзелар тўпни дарвозага киришига тўсқинлик қилишди. 25-дақиқада Буалим Кхуки 22 метрлардан Темур Жўраевни синаб кўрди. Кейинги дақиқада Андреевга нисбатан қўполлик ишлатилди. Каримовнинг жаримадан берган зарбасини рақиб посбони ушлаб олди. 29-дақиқада 20 метрлардан белгиланган жарима тўпини Андреев тўғри дарвозага йўллади, зарба озгина ноаниқ бўлди. 38-дақиқада рақиблар футболчиси Абдулазиз Хатим бирга-бир вазиятга чиқиб борди, аммо Жўраев совуққонлик билан тўпга чиқиб уни ушлаб олди. 41-дақиқада Ойбек Қиличев рақиб ҳимоячиси билан тўп учун курашиб тўпни ютиб олди ва дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди, Абдухолиқов дарвозабондан тўпни олиб қўйди ва бўш дарвозага гол урди. Бу “Пахтакор”нинг ОЧЛдаги юбилей 100-голи бўлди.    Иккинчи бўлимда ҳар иккала жамоада кўплаб имкониятлар бўлди, аммо ҳисоб ўзгармай колди. Таъкидлаш лозимки, 75-дақиқадан бошлаб “Пахтакор” 10 киши бўлиб ҳаракат қилди. Ойбек Қиличев 20 дақиқа оралиғида икки марта сариқ карточка олди ва майдонни тарк этди. Лекин юқорида айтганимиздек ўйиндаги ҳисоб сақланиб қолди. Кейинги ўйинда Дилшод Шарофетдинов ва Ойбек Қиличев майдонга туша олишмайди.

Гуруҳнинг иккинчи учрашувида “Банияс” ва “Ал Иттиҳод” ўзаро дуранг ўйнашди – 0:0.

Нодирхўжа  Йўлдошев.

SHARE