Брейвик синдроми ёки Европанинг кўзи очилдими?

Шу кунларда жаҳон оммавий ахборот воситаларининг нигоҳи дунёдаги энг фаровон мамлакатлар ўнлигини бошқарадиган, тинчлик ва аҳолиси турмуш даражаси ҳавас қилишга арзигулик Норвегияда бўлиб ўтаётган суд жараёнига қаратилган. содир этган қилмишларини тан олса-да, бунинг учун ўзини айбдор, деб билмаслигини қайд этган Андерс Брейвик Норвегия тарихидаги энг катта қатли омлардан бирини уюштиргани учун суд олдида жавоб бермоқда.

Маълумки, шу йилнинг июль ойида у Утойя оролида Ишчилар партиясининг ёшлар лагерида 69 нафар кишини ўққа тутди, мамлакат пойтахтида бир қатор портлашни амалга оширди. Натижада, 77 кишининг ҳаётига зомин бўлиб, юзлаб хонадонлар қалбини вайрон қилди. Ўз хатти-ҳаракатини мамлакатнинг мультикултурлашиб, яъни маданияти хилма-хиллашиб бораётганига эътироз сифатида билдирган Брейвик жинояти устидан тергов жараёнлари қарийб тўққиз ой давом этди.

Шу йилнинг 16 февраль куни бошланган суд эшитувида Брейвик сўз олиб, ўз ҳаракати билан мамлакатини исломлашишдан сақлаб қолишга ният қилганини, агар яна бир марта имконият туғилса, албатта, ушбу жиноятни содир этишини айтиб ўтди.

Ушбу муддат давомида нафақат Норвегияда, балки жуда кўп жамиятларда Брейвик билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида кескин баҳс-мунозаралар кетди. Чунончи, аксарият оммавий ахборот воситаларида у билан интервью уюштириш ёки уюштирмаслик хусусида жиддий тортишувлар борди. Бир гуруҳ таҳлилчилар, журналистлар Брейвик содир этган жиноят шунчаки қотиллик эмас, балки жамиятдаги социал-маданий муаммо, шу боис у билан интервью масаланинг моҳиятини тушунишга ёрдам беришини қайд этишса, бошқа бир гуруҳ журналистлар эса Брейвик билан интервью қилиш минглаб кишиларнинг қалбини вайрон қилади, шу маънода айтганда, улар ОАВ жамият тарафида бўлиши керак, деган иддоани илгари суришмоқда.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, Норвегияда биринчи марта қонун нормалари ва ахлоқ меъёрлари ўртасида кескин жанг кетди. Чунки аксарият одамлар, сиёсатчилар Брейвикни қатл қилиш керак, дея таъкидлашса-да, Норвегия ҳуқуқ-тартибот идоралари Брейвикнинг қонун билан ҳимояланган барча ҳуқуқларини таъминлашга мажбур. Буни суд эшитувининг иккинчи куни суд ходими Томас Индребни мазкур процессдан четлатишгани ҳам тасдиқлайди. Негаки, у ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Андерс Брейвик ўлим жазосига лойиқ, деб ёзади.

Умуман, Норвегия суди ҳали Брейвик иши бўйича жуда кўплаб гувоҳларни эшитиши, далилларни ўрганиб чиқиши керак бўлади. Балки унга энг оғир жазони ҳам тайинлашар. Лекин ушбу жиноят янги бир тушунчани — Брейвик синдромини юзага келтирди. Бу синдромнинг хавфи шу даражада каттаки, айрим таҳлилчилар бу Европа учун катта таҳдид эканлигини айтишмоқда.

Гап шундаки, Брейвик ўз қилмишини “Европанинг кўзини очиб қўймоқчи бўлиб”, “мамлакатнинг исломлашишидан сақлаб қолиш” мақсадида қилганини қайд этмоқда. Бу, ўз навбатида, Европа мамлакатларидаги радикал гуруҳлар, хусусан, ёшлар орасида унинг фаолиятини қўллаб-қувватловчиларнинг кўпайишига хизмат қилмоқда. Олимлар ушбу синдром фашизмнинг янги кўриниши бўлиши мумкинлигини қайд этишмоқда.

Умуман, Андерс Брейвик содир этган жиноят шунчаки Европа мамлакатларида иммиграцияга нисбатан шаклланаётган ахлоқ эмас, балки ушбу мамлакат маданий қарашларининг, ахлоқий мезонларининг емирилаётганидир. Чунки Ғарб жамияти учун хос бўлган турмуш тарзи, ҳаёт қадриятлари, индивидуализм охир–оқибат пуч бўлиб чиқаяпти. Қўлига автомат ола туриб, бир йўла саксон кишини отиши маданий емирилишнинг, маънавий тубанликнинг, коллектив (жамоавий) тарбиянинг йўқлиги оқибатидир. Негаки, хоҳлаймизми-йўқми, жамиятдаги барқарорликни, мувозанатни ахлоқий меъёрлар, маънавий қадриятлар таъминлаб туради. Агар Европа бугун ўз тарбия мактабини қайта кўриб чиқмас, “катта жамият” ғоясини илгари сурмас экан, бундай ваҳший қотилликларга ҳали жуда кўп марта дуч келиш мумкин. Брейвик синдромининг ягона давоси, шубҳасиз, маънавий тарбиядир.

SHARE