АҚШда Наврўз байрами ҳануз нишонланмоқда

АҚШда ҳам Наврўз байрами анча йиллардан бери юртдошларимизни руҳан бирлаштириш, ватан ҳиссини уларга улашишдек эзгу мақсад йўлида хизмат қилиб келмоқда. Нью-Йорк шаҳрининг Манҳэттен мавзесида жойлашган АСА коллежида ҳам Наврўз ўзгача тантана ила нишонланди. Ушбу тадбирда олтмишдан зиёд меҳмон иштирок этди.

Меҳмонларнинг катта қисмини Ўрта Осиёнинг турли мамлакатларидан келиб ушбу коллежда таҳсил олаётган ўқувчилар ва уларнинг дўстлари ҳамда оила аъъзолари ташкил етди. Уларнинг асосий қисми ўзбекистонлик юртдошларимиздан иборат бўлса-да, тадбирда бизнинг урф-одатларимиз, анъаналаримиз, ўйинларимиз ва айнан бошқа халқларда учрамайдиган бир-биридан қизиқ байрам маросимларимизнинг шахсан гувоҳи бўлиш учун ташриф буюрган бошқа халқ вакиллари ҳам кам емас эди.

Тадбирда меҳмонлар учун махсус тайёрланган сомса, палов каби бир қатор ўзбек миллий таомлари, турли туман ширинликлар ва сумалак тортиқ этилди. Сумалакни АҚШдаги Ўзбеклар жамияти раҳбари Санобар опа Бобохонова томонидан айнан ушбу тадбир учун тайёрланди.

Тадбир давомида меҳмонларга янада хуш кайфият улашиш мақсадида турли хил миллий ўйинлар ижро этилди. Айниқса, “Ким олади-ё” ўйинини АСА коллежда таҳсил олаётган тенгдошларимиз, бир қатор ўзбек йигитлари усталик билан ижро этиб беришди. Шу билан биргаликда, юқори мактабнинг 12-синф битирувчиси Меҳрибон Саидмуродова “Самарқандча келин салом” маросимида келин ролини маҳорат билан кўрсатиб берди. Иқтидорли раққоса Нилуфар Иргашева эса ўзининг бетакрор рақслари билан барчани мафтун этди.

Меҳмонлар ўйинларда фаол қатнашиб, турли-туман совғаларга ҳам эга бўлишди. Ана шундай гўзал тадбирда бошчилик қилган ташаббускор оқила опамиз, АСА коллежининг махсус тадбирлар бўлими раҳбари Фотима опа Муқимовага катта миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз. Уларнинг айтишларича, “Ушбу кунги тадбирдан кўзланган мақсад ҳам айнан юртдошларимизни бирлаштириш, буюк маданиятимизга мансуб бўлган юксак фазилатлар ила оз бўлса-да маънавий озуқа улашиш ҳамда азалдан мерос бўлиб келаётган урф-одат, анъаналаримизга содиқ қолишдир”. Тадбир охирида айрим меҳмонларимиздан байрам ҳақидаги таассуротлари борасида ўз фикрларини улашишларини сўрадик.

Маҳбуба Эргашева, Ҳунтер коллежи ўқувчиси: — АСА коллежида бўлиб ўтган Навруз байрами жуда яхши ҳамда мароқли бўлди. Мен бу тадбирдан жуда кўп таассуротларга эга бўлиб қайтдим. Айниқса, раққоса Нилуфар Эргашеванинг гўзал ва бетакрор рақслари байрам кўркига кўрк қўшди. Қолаверса, байрамда бўлиб ўтган турли-туман ва қизиқарли ўйинлар томошабинлар фаоллигини янада оширди. Америка коллеж ва институтларида ҳам Нилуфар Салимовага ўхшаган фаол тенгдошларимиз, Фотима опа Муқимова каби йетакчи раҳбарларимиз ёрдамида мана шунақа тадбирлар ўтказиб турилишини жудаям хоҳлардим. Бунақанги тадбирлар орқали биз ўзлигимизни, маданиятимизни, ўзбек байрамларини ва урф-одатларини янақа мустаҳкамлаб, чет элликларга намоён қилиб, ўзга элларда яшаётган ёшларимизга жуда катта ибрат бўлишини истардим!

Ситора Ашрафова, АСА коллежининг 2010-йил битирувчиси, ҳозирда CUNY талабаси: — “Гарчи АСА коллежини битирган бўлсам-да, Наврўзни нишонлаётганларини эшитиб айнан шу кун учун алоҳида вақт ажратдим. Ўзга юртларда бўла туриб ҳам ўзлигимизга содиқ бўлиб келаётган халқимизга қойил қолмай иложимиз йўқ, албатта. Ана шундай миллийлик руҳида чархланган байрамлар кўпроқ бўлаверса, нафақат меҳмонлар, балки бошқа юртларда, бошқа тилда таҳсил олаётган ёшларимизнинг ўз тилларига, маданиятларига бўлган дунёқарашларлари ҳам ўзгаради, деган фикрдаман. АСА коллежига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан”.

Нигина Салимова, Абраҳам Линкольн мактаби 12-синф битирувчиси:— “Бугунги байрамга мен ўзим билан биргаликда ўз дўстларимни, синфдошларимни ҳам олиб келган едим. Жуда-жуда хурсанд бўлиб қайтишди. Шахсан ўзимга ҳам байрам жуда ҳам ёқди. Энг асосийси, ҳаммамиз ўзимизни худди ўз юртимизда байрам нишонлаётгандек ҳис қилдик. Ҳалигача байрамда тортиқ қилинган сумалакнинг таъми оғзимиздан, гўзал рақслар, ўйинлар ва ҳатто келинсалом каби ижролар кўз ўнгимиздан кетиб улгурмади”.   Яна бир бор барчангизни Наврўзи айём билан чин юракдан табриклаймиз. Баҳор ҳаммангизга енг аввало, тинчлик, бегъъуборлик, табассум, қут-барака, ва албатта оилавий бахт келтирсин. Hар онингиз байрам кайфиятига тўлсин. Зеро, бизнинг халққа Наврўз каби байрамлар ярашади.

Нилуфар Салимова,

АСА Коллежининг 2011-йил битирувчиси

SHARE