24 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Калифорнияда ўлим жазоси бекор қилиниши мумкин

Шу йилнинг 6 ноябрь куни Калифорнияда АҚШ президенти сайловлари билан бир вақтда референдум ҳам бўлиб ўтади. Унда калифорнияликлар штат ҳудудида ўлим жазосини бекор қилишга овоз берадилар. Бунинг учун ўлим жазосини бекор қилиш тарафдорлари томонидан 500 минг атрофида имзо йиғилган. Агар штатда ўлим жазоси бекор қилинадиган бўлса, йилига 100 миллион доллар миқдорида маблағ иқтисодид қилиниши мумкин экан. Калифорнияда охирги марта ўлим жазоси 2006 йилда амалга оширилган. Айни пайтда штат бюджетида ўлим жазосини амалга ошириш инфратузилмаси харажатларини қоплаш учун йилига миллионлаб доллар маблағ сарфланади.
Ҳозирги пайтда Калифорнияда 725 беш нафар маҳкум ўз ўлим жазосини амалга оширишларини кутмоқда. Агар ноябрда штат аҳолиси ўлим жазосини бекор қилишни маъқуллаб овоз берса, ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, АҚШнинг 35 штатида ўлим жазоси қўлланилади.


 

 

АҚШ Афғонистонни ҳали-бери тарк этмайди

АҚШ 2014 йил охирида ҳарбий қўшинлар олиб чиқиб кетилгач ҳам Афғонистонда чекланган миқдорда ҳарбийларини сақлаб қолади. Бу икки давлат ўртасида имзоланган стретегик шериклик тўғрисида шартномада ўз аксини топган. Расмий Вашингтон, ўз навбатида, сўнгги ўн йил давомида афғон армияси ва полициясини қўллаб-қувватлаш учун 2,7 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратиб боради. Шунингдек, мамлакатда ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш давом эттирилади. Бунинг эвазига АҚШ асосий ҳарбий базаларини 2024 йилга қадар сақлаб қолиш имконига эга бўлади. Гарчи ушбу шартнома шартлари эълон қилинмаса-да, унда мана шундай талаблар ўз аксини топгани таъкидланмоқда. Шу билан бир қаторда, АҚШ Давлат департаменти ва USAID ташкилоти Афғонистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширади.

Ушбу шартнома имзоланганидан бир неча соат ўтиб толибонлар ҳаракати ўз муносабатини билдириб, Афғонистон ҳукуматини мамлакат манфаатларига хилоф иш тутганликда айблади.


 

 

Қозоғистон “Борат”дан миннатдор

Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири британиялик Саша Барон Коэннинг Қозоғистон ҳақида фильмидан миннатдор. Унинг сўзларига кўра, “Борат” фильмидан кейин мамлакатга ташриф буюрувчилар сони бирмунча ошган. “Мен “Борат” фильмига фалсафий ёндашган бўлар эдим”, деди вазир Ержан Қозихонов парламент аъзолари олдида миллий рамзлар масаласида чиқиш қилган чоғида.
Вазирга кўра, Қозоғистоннинг хориждаги барча элчихона ва консулликлари ўзлари жойлашган давлатлар ташқи ишлар вазирликларига Қозоғистон миллий рамзлари ҳақида тўлиқ ахборот бериш тўғрисида кўрсатма олган. У, шунингдек, “Борат” фильмидан сўнг Қозоғистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 10 баробар ошганини қайд этган. “Бу биз учун катта ғалаба. Мен шунинг учун “Борат”га Қозоғистонда туризмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун ташаккур айтган бўлардим”, деб қайд этган ташқи ишлар вазири.
Эслатиб ўтамиз, “Борат” фильми намойиши Қозоғистон ва бошқа кўплаб мамлакатларда тақиқланган.


 

 

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” энг хавфсиз команиялардан бири

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Парвозлар хавфсизлигини таъминлашда эришган буюк ютуқлари учун” номинациясида 2012 йил совриндори бўлди. Миллий компания сайтининг ёзишича, Россия ва МДҲ мамлакатларининг авиакорхоналари томонидан 1999 йили таъсис этилган “Парвозлар хавфсизлиги” нотижорат ҳамкорлигининг асосий мақсади фуқаролик авиациясидаги парвозлар хавфсизлигини ошириш ва ҳалокатларнинг олдини олишдан иборат.
Россия, МДҲ ва узоқ хориж мамлакатларида фаолият кўрсатувчи авиакомпаниялар, аэронавигация корхоналари, саноат ва фан корхоналари ва ташкилотлари, ўқув муассасалари, суғурта компаниялари ва бошқалар Ҳамкорлик аъзолари ҳисобланади.


 

 

Озодбек Назарбеков океанортига йўл олди

Маълумки, Америка Қўшма Штатларидаги биринчи ўзбекча газета — «Ватандош» ташаббуси билан Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳамда моҳир кулгу устаси Шукрулло Исроилов Америкада биринчи марта «Хуш келдингиз» деб номланган концерт дастурини тақдим этади.
Хонанда кеча “Тошкент” халқаро аэропортидан Туркия орқали Америкага йўл олган.
Эслатиб ўтамиз, «Хуш келдингиз» деб номланган мазкур концерт уч кун давомида Фладельфиядаги «Самарқанд» ресторанида, Бруклиндаги «Millinuim Theatre»да ҳамда Квинсдаги (Нью-Йорк) «Da Mikielli Palace» концерт залларида 26, 27, 29 апрель кунлари бўлиб ўтади.

SHARE