23 апрелнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Николя Саркози иккинчи бўлиб келди

 

Францияда президент сайлови бўлиб ўтди. Унга кўра, амалдаги президент Николя Саркози ва социалистлар етакчиси Франсуа Олланд иккинчи турда қатнашади. Сайлов натижаларининг дастлабки ҳисоб-китобларига қараганда, Олланд 28 фоиз, Саркози 26 фоиз овоз йиққан.

6 май куни иккинчи тур сайловлари бўлиб ўтади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, 1958 йилдан, яъни Бешинчи республика ўрнатилгандан бери амалдаги президент биринчи марта дастлабки сайлов турида иккинчи ўрин билан якунламоқда. Франция иқтисодиётида кузатилаётган турғунлик, ишсизлар сонининг муттасил ошиб бораётгани, қолаверса, иммиграция билан боғлиқ муаммоларнинг чуқурлашаётгани Саркози обрўси тушишига сабаб бўлди.

Таҳлилчиларга кўра, иккинчи турда Саркозининг ғалаба қозониши эҳтимоли йўқ эмас. Аммо Франсуа Олланд президентликка сайланадиган бўлса, нафақат Францияда, балки Европа Иттифоқида ҳам жиддий ўзгаришлар юз бериши мумкин. Сайловда французлар анча фаол иштирок этишди. Ҳисоб-китобларга қараганда, бу кўрсаткич 80 фоизга етиши мумкин. Бу Франция учун ниҳоятда катта натижадир.


 

 

Биринчи чорак якунлари ҳисоб-китоб қилинди

 

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,1 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми – 6,6 фоизга ўсди. Бу ҳақда ҳукумат мажлисида айтиб ўтилган.

Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.
Ички талабни рағбатлантириш, истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 5,4 фоизга, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми – 19,4 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми – 11 фоизга ва хизматлар ҳажми – 12,5 фоизга ўсишига кўмаклашди. Ялпи ички маҳсулотда хизматлар соҳаси улуши бир йил олдинги 48,5 фоизга нисбатан 52,1 фоизгача ўсди.


 

 

Ўзбекистон рад қилди

 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” ахборот агентлиги ўз сайтида мамлакатда аёлларни стерилизация қилинаётгани ҳақида ахборотларни рад этди.

Агентлик хабарида келтирилишича, аёллар ва оилавий жуфтликларнинг фарзанд кўриш борасидаги эркин ва масъулиятли қарорни қабул қилиш каби асосий ҳуқуқини тан олган ҳолда, давлат уларни соғлом оилани шакллантириш учун зарур бўлган хизматлар билан таъминлаяпти, хусусан контрацепция воситаларининг замонавий турлари билан бепул таъминлаш ишлари олиб бориляпти.
Республика аҳолиси ҳомиладорликнинг олдини олиш бўйича турли усуллар билан таниш: бачадон ичига спираль қўйиш, орал ва инъекцион гормонал контрацепция воситалари, жарроҳлик йўли билан амалга ошириладиган контрацепция, ушбу усул эр-хотин кўнгилли равишда рози бўлганидан кейин амалга оширилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, ЮНФПА каби халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотларга кўра, репродуктив ёшдаги аёлларнинг 90,9 фоизи замонавий контрацепция воситалари билан таниш.
Республикада кўнгилли жарроҳлик контрацепцияси усулининг қўлланилиши бошқа усуллар орасида етакчи ҳисобланмайди. У фақат кўнгилли асосда мутахассис билан маслаҳатлашувдан сўнг, эр-хотиннинг ёзма розилиги олиниб, хабардорлик тўғрисидаги шакл тўлдирилганидан кейин амалга оширилади, дейилади “Жаҳон” ахборот агентлиги хабарида.


 

 

Эронликлар нусха олади

 

Эронлик муҳандислар Америка ҳарбий учувчисиз ҳаракатланадиган ҳаво кемасининг нусхасини ишлаб чиқилишини маълум қилишди. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари Аэрокосмик бўлими бошлиғи, генерал Амир Али Хожизоданинг айтишича, Эрон ҳарбийлари томонидан қўлга туширилган “RQ-170 Sentinel” учоғининг ишлаш принциплари, махсус дастурлари тўлиқ ўрганиб чиқилган.

Генерал, шунингдек, эронлик олимлар мазкур ҳарбий қурилма ичидаги компьютер тизимларида сақланаётган маълумотларни ҳам аниқлаб, уни ўрганиш имконига эга бўлган. Бундан олдинроқ АҚШ ҳарбийлари ҳарбий учоқ Эрон ҳудудида уриб туширилганини тан олиб, лекин ундан фойдаланиб бўлмаслигини қайд этган эди.

Ушбу ҳарбий учоқни ўрганиш учун Россия ва Хитой ҳам қизиқиш билдиргани оммавий ахборот воситаларида қайд этилади. Эслатиб ўтамиз, 2011 йил 4 декабрда Теҳрон ўта маҳфий ҳарбий учоқ — “RQ-170 Sentinel” қўлга олингани билдирган эди.


 

 

Руслан Чагаевнинг ишончли ғалабаси

 

Профессионал бокснинг WBA таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев америкалик рақиби Билли Зумбрунни учинчи раундда мағлубиятга учратди.

Чапақай Русланнинг учинчи раундда рақибига берган кескин зарбаси жанг тақдирини ҳал қилди. Билли Зумбрун ушбу зарбадан сўнг ўзини ўнглаб ололмади ва нокаутга учраганини тан олди. Саккиз раундлик жанг 21 апрел куни Германиянинг Шверин шаҳрида бўлиб ўтди.

 

SHARE