Муҳаммад Юсуф билан сўнгги суҳбат…

 

Рафиқангиз билан қандай танишгансиз?

Тасодифан. Тўғрисини айтсам, ўша кунларда мен учун энг гўзал аёл шеър эди. Қизлар билан ишим йўқ эди. Аммо ҳаёт қизиқ экан. Нимагадир Назирани кўрган заҳотимдаёқ «Ана шу қиз менинг хотиним бўлади», деб ўйлаганман. Қолгани ўз-ўзидан бўлди. Мана орадан салкам йигирма йил ўтибди.

Ораларингиздан ҳеч «оламушук» ўтганми?

– Аҳён-аҳёнда менинг айбим билан «оламушук» ҳам ўтиб туради. Яхшики, Назира мени ҳамиша тўғри тушунади.
– Машҳурларни қизлар яхши кўради, сизга бирор чиройли қиз севги изҳор қилиб қолса, нима деган бўлардингиз?
– «Раҳмат, синглим» дердим. Ёшимиз қирқдан ошди. Энди бу ёғи хайр севги, салом рўзғор”.
Сизни бирор киши ғийбат қилаётган бўлса, нима қилардингиз?

– Улар аёл киши бўлса индамай, парво қилмай кетаверардим. Мабодо эркак бўлса, нима қилишни ўзим билардим.

Севги бўлмаганда нима ҳақда ёзган бўлардингиз?

– Онам ҳақида. Балки бутун ижодимни унга бағишлаган бўлардим.

– Онангизга ҳам шеърларингиздан ўқиб берасизми? Волидангизга қайси шеърларингиз ёқади?

– Онангизга ҳам шеърларингиздан ўқиб берасизми? Волидангизга қайси шеърларингиз ёқади?

– Волидамга менинг Улуғбек ҳақидаги шеърим ёқади. Ёзсанг шунақа шеърлар ёзгин, “Қўйнимда бир ёр…” деб одамни уялтирмагин, дейдилар.

– Сиз учун энг қадрли сўз нима?

– Энг қадрли сўз — Она!

Марҳаматни, уйингизни соғинасизми?

– Соғинмай бўладими! Бу ҳақда шеърим бор, ўқиб берақолай:

Шоирлик мен учун асло орзумас,
Шу ҳам иш бўлдими йигит бошимга.
Ҳамма шоир зотин йиғса арзимас
Онамни соғиниб тўккан ёшимга… 

Онамнинг исми Энахон. Ниҳоятда кўнгилчан, заҳматкаш бир аёл.Гоҳи ростдан шу аёлнинг фарзандиманми, деб қоламан. Чунки жиззаки, қайсар, дангасалигимнинг чегараси йўқ. Онам етмишга кириб, қишлоғимиз гузаридаги озиқ-овқат дўконининг қаердалигини ҳам билмайди, мен эса мактабни битирибоқ, дайдиб яшаганман. Мен қандайдир бемеҳрроқ ўсдим, унинг эса меҳрибончилигидан зерикиб кетасан гоҳо: Жон болам, бировга озор берма, қўлингдан келса фақат яхшилик қил!…

Ҳовли тўла ўрдак, ғоз товуқ. Етти рангдаги жўжалар. Қўй, сигир. Ҳаммасини боқиш, яна набиралар инжиқликларини кўтариш, келинга қарашиш — ҳаммаси шу бир озғингина аёл бошида. Биров ёрдам берайин демайди. Ўғиллар улфатларини эргаштириб келади. Қизлар келишиб «талаб» кетишади. Бу аёлнинг жони тошдан, дейишади қўшнилар. Мен Тошкентдан борган кунларим — уйимиз карвонсарой. Мен кетсам биров ҳол сўрамайди. Мен машҳур шоир эмас — машҳур бешафқат. Оғайниларим ҳам ўзимга яраша.

Телевизорда шеър ўқисам йиғлайди. Китобим чиқса яна кўз ёш қилади. Биров мақтаса йиғлайди. Ғийбат қилса яна йиғлайди.

Оналар болаларини дунёга келтиради. Болалари эса уни ўртаб, адойи тамом қиладилар. Кейин йиғлаб ҳам қўйишади.

Қишлоқ аёллари келинларини авайлашади. Келинлари эса фақат ишлайдиган жойларини авайлашади. Унинг коллективи олдида обрўси бўлиши керак. Қайнонаси олдида — шарт эмас.

Онамни ёшлигида ниҳоятда гўзал бўлган дейишади. Билмадим. Мен мактабни битириб онамга разм солсам анча кексайиб қолган эди. Юзи, пешонасидаги ажинлари орасидан мен жилмайиб турардим. Ўзим қаритгандим-да бу бояқишни.

Волидам гоҳи узун қиш кечалари чилдирма чертиб хиргойи қилса, уялардим. Биров эшитмасин дердим. Энди ўйласам майин овози бор экан. Шунча шеърим қўшиқ бўлиб, қанчадан-қанча хонишларни тинглаб, энди виждонан тан олсам, биронта хонанда унинг ёнига йўлолмас экан.

Отам умрининг охирларида онамга жуда меҳрибон бўлиб қолдилар. Биз эса отамиз оламдан ўтгачгина онамиз ҳам борлигини эсга олдик. Мана энди у муштдайгина, касалманд бўлиб қолганида ҳаммамиз атрофида парвонамиз. Йўқ ердан айтган дорисини топиб келамиз, энг тоза кўйлаклар совға қиламиз, у эса кетишимиз билан биз берган матоҳни келинига, қизларига тарқатиб, яна ўша оддий, енги узун кўйлакда юраверади. Нафақа пулларини тўплаб юриб набираларига улашади. Хуллас, болали қарғага дон тегмас!… Кеча туш кўрдим. Тушимда отам билан ўтирибмиз. Отам менга «Бор, болам, онанг ёлғиз қолди, кўнглини олгин», дермиш.  Шунақа гаплар. Азиз ўқувчи, айтадиган гапим тугади. Боринг, Сиз ҳам (агар тирик бўлса) онангизнинг кўнглини олинг! Эртага кеч қолиб кўз ёш қилиб юрманг!..

Суҳбатдош Малик Боймуҳаммад.

SHARE