“Forbes” энди бадавлат кишиларнинг бойлигини реал вақт режимида кузатиб боради

Американинг нуфузли “Forbes” журнали эндиликда ўзининг сайтида дунёдаги энг бадавлат кишилар рейтингига кирган бизнесменларнинг бойлигини уларнинг активлари қийматининг ўзгаришига қараб, реал вақт режимида рўйхатни янгилаб борадиган бўлди.

Шундай қилиб, “Forbes” журнали бу борада 2012 йил бошларида “Billionaires Index” деб номланган ҳамда реал вақт режимида энг бадавлат бизнесменларнинг бойлигини кузатиб борадиган рейтингни ишга туширган “Bloomberg” агентлиги билан рақобат қилади. Дастлаб, “Billionaires Index”да дунёдаги энг бадавлат 20 та бизнесменнинг бойлиги онлайн равишда кузатилган бўлса, ҳозирда ушбу рўйхат 40 тагача кенгайган.

“Forbes”нинг янги ишга туширган лойиҳасида унинг миллиардерлар рўйxатига кирган барча бизнесменларни ҳам кузатиш мумкин эмас. Сабаби, бу борада маълум чекловлар мавжуд бўлиб, рейтингда фақатгина молиявий ҳолати очиқ эълон қилинган бизнесменларнигина кузатиш мумкин xолос.

Масалан, ушбу реал вақт режимидаги миллиардерлар рейтинггига Россиянинг энг бадавлат кишилари – Алишер Усмонов (молиявий ҳолати – 18,1 миллиард доллар; “Forbes”даги ўрни – 28) ва Владимир Лисин (15,9 миллиард доллар; 41-ўрин) кирмаган.