Бруклинда ватандошлар учрашди

“Ватандош”нинг аввалги сонларидан бирида ўзбек тилида газета чоп этиш зарурати мушоҳада юритган эдик. Дарҳақиқат, одамзод руҳи, моҳияти, иймони, тили ва ватани билан бошқа мавжудотлардан ажралиб туради. Шул боис ҳам дунёнинг қайси нуқтасида яшамайлик, ўзлигимиз, ўтмишимиз каби миллий риштага боғланиб турамиз. Қаерда бўлмайлик, қалбимизнинг бир бурчи киндик қонимиз тўкилган ёки ота-бобомиз яшаган тупроқ билан бўлади, унга интилади.

Барчага маълумки, бугун Америкада 300 минг нафарга яқин ўзбек диаспораси истиқомат қилади, турмуш кечиради, хизмат қилади. Бугун улар нафақат АҚШ жамиятининг бир қисми, балки ўзбек миллий маданияти, қадрияти ва одатларининг муҳим бўғини сифатида ҳаёт кечиришмоқда. Бунда, албатта, миллатимиз, халқимиз равнақи, миллий маданиятимиз тарғиботига бағишлаб ўтказилаётган турли тадбирларнинг аҳамияти жуда катта.

Хусусан, яқинда Бруклинда бир қанча ҳамюртларимиз Америкадаги ўзбек жамиятидаги муаммолар хусусида фикр алмашиш учун йиғилишди. Лутфулла Тўра таклифи билан ташкил этилган мазкур тадбирда Жўра Бўтакўз, Норхўжа Содиқов, Абдулвоҳид Сабри, Абдураҳим Ҳамидов, Абдураҳмон Мамажонов, Убайдулла Нурота, Ҳикмат Султон, Мақсуд Тожибоев иштирок этди. Тадбирда, аввало, она тилимизни асраб-авайлаш, айниқса, ушбу тилни ривожлантириш учун тинимсиз меҳнат қилган бобокалонларимиз — Маҳмуд Қошғорий ва Алишер Навоийнинг ишлари ҳақида Лутфулла Тўра фикр юритди. Абдураҳим Ҳамидов эса ўзбек мумтоз куй-қўшиқлари, уларнинг аҳамияти хусусида сўзлади.

Шундан сўнг “Ватандош” газетаси фаолияти ҳақида нашр муассиси Фарҳод Султон ахборот берди. Таъкидланганидек, “Ватандош” Америка диёрида биринчи ягона ўзбек газетаси сифатида ўз фаолиятини бошлаганига ҳам бир йил тўлди. Газета, аввало, АҚШга кўчиб келаётган иммигрантларга ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий ва бошқа бир қатор йўналишларда ахборот бериш орқали ёрдам беришни ўз олдига мақсад қилиб олган. Шу билан бир қаторда, “Ватандош” узоқ йиллардан бери АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг турмуш-тарзи, уларнинг ҳаёти, бу оилаларда тилимиз, урф-одатларимиз, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Айни чоғда газета саҳифаларида тарихимиз, адабиётимиз, маданиятимиз ва санъатимизга оид турли мавзуда мақолалар бериб борилмоқда.
Ўтган давр мобайнида “Ватандош” газетасини оммалаштириш, уни хориждаги ҳамюртларимизга янада яқинлаштириш мақсадида таҳририят томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Бугун газета Нью-Йоркнинг 130 дан ортиқ жойларида тарқатилмоқда. “Ватандош”га АҚШнинг барча штатларида, шу билан бир қаторда, дунё бошқа мамлакатларида ҳам обуналар йўлга қўйилди. Чунончи, бугун газета Германия, Туркия, Саудия Арабистони, Канада, Англия сингари мамлакатлардаги обуначиларимизга етказиб берилмоқда. Газетанинг интернетдаги веб-сайти – www.vatandosh.uz ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборига тушди. Бугунги кунда сайтимизга жойлаштирилган мақолалар кунига ўртача 800-1000 мартагача ўқилмоқда. Умуман, сўнгги етти ой давомида сайтдаги мақолаларни 126 минг маротабадан зиёд ўқилгани фикримизни тасдиқлайди.

Газетанинг интернет сайтига мақолалар билан танишиш учун АҚШ, Ўзбекистон, Россия, Туркия, Англия сингари 44 мамлакатдан интернет фойдаланувчилари кирган. “Ватандош” муассиси газета олдида турган мақсадлар хусусида фикр юритди. АҚШдаги ўзбекларнинг кундалик турмуши учун зарур аҳамиятга эга бўлган турли мақолаларни бериб бориш, айни чоғда Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларини изчил ёритиш, маданият, санъат ва бошқа йўналишларда ўқувчиларни қизиқтирган материалларни кўпайтириш, интернетдаги веб-сайтимизни чет элдаги ўзбеклар учун ҳақиқий ахборот порталига айлантириш шулар жумласидандир.

Тадбирда, шунингдек, миллий таомлар тортилиб, ўзбек миллий мумтоз куй ва қўшиқларидан ижро этилди.

SHARE