2 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Тошкентда уй-жой нархлари яна ошди

Жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида тураржой кўчмас мулкининг ўртача таклиф нархи бир метр квадрат учун 534 долларни ташкил этди. Олам.ўз сайтининг ёзишича, бу март ойидаги кўрсаткичдан 1,7 фоизга юқоридир. Айни пайтда ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 11 фоизга ошди. Буни агар 48 квадарт метрли икки хонали уйга нисбатан ҳисоблаганда, унинг нархи 25632 долларни ташкил этади.
Риэлторлар орасида ўтказилган сўровларга кўра, шу йил апрель ойида олди-сотти шартномасини тузишда берилган чегирманинг ўртача қиймати ўтган ойга нисбатан камайди: апрелда ушбу кўрсаткич 3 фоизни ёки тураржой кўчмас мулкининг ўртача реал сотилиш нархи бир метр квадрат учун 518 долларни ташкил этди.
Апрел ойида сотувчилар харидорларнинг фаоллигини ҳис қилган ҳолда сотиладиган тураржой кўчмас мулкининг нархларини оширяпти. Доимий яшаш учун республикадан ташқарига чиқиб кетаётган ва шу боис уйини сотаётган фуқаролар вақтлари чекланган бўлса ҳам нархларни туширишни истамаяпти: улар қариндошлари ва яқинларига сотиш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни қолдиришмоқда ёки квартирани ижарага беришяпти ё сотувни “музлатиб” қўйишяпти.
2012 йил апрелида ғишт уйлардаги квартиралар нархининг ўсиши барча турдаги уй-жойлар бўйича кузатилди. Хусусан, замонавий усулдаги ғишт уйларда жойлашган квартираларнинг бир метр квадрати учун таклиф нархи ўтган ойга нисбатан 101,7 фоизга, намунавий планировкадаги ғиш уйларда ва махсус планли уйларда – 101,6 фоизга, монолит-ғишт уйларда – 101,5 фоизга ошди.


 

 

Президентнинг кутилмаган сафари

 

АҚШ президенти Барак Обама кутилмаганда Афғонистон пойтахти Кобулга ташриф буюриб, мамлакат президенти Ҳамид Карзай билан учрашди. Учрашув чоғида икки давлат ўртасида сўнгги 10 йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. “Ал-Қоида” етакчиси Усома бин Лоден йўқ қилинганидан бир йил ўтиб амалга оширилган мазкур ташриф хафсизлик нуқтаи назаридан кенг жамоатчиликдан сир тутилган. Шартномада 2014 йилдан, яъни НАТО кучлари Афғонистонни тарк этгандан сўнг Американинг мавқеи ўз аксини топди.
Обама, шунингдек, Баграмдаги АҚШ ҳарбий базасидан тўғридан-тўғри эфирга чиқиб, АҚШда прайм-вақтда ўз халқига мурожаат қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Афғонистон операциясининг АҚШ аҳолиси орасида нуфузи борган сари тушиб бормоқда. Шу боис Обама “Миллий хавфсизлигимиз учун керак бўлмаса, мен америкаликлар ҳаёти билан бир кун ҳам ортиқча таваккал қилмайман”, дея ўз сайловчиларини ишонтиришга уриниб кўрди. “Биз бошлаган ишимизни охиригача етказишимиз зарур ва табиийки, урушни охиригача етказишга масъулмиз”, деди у, жумладан. Шу йилнинг ёзига қадар 88 минг кишилик АҚШ ҳарбийларидан 23 минг нафари шу йил ёзига қадар Афғонистонни тарк этишлари керак. 2014 йилнинг охирига бориб эса барча НАТО кучлари олиб чиқиб кетилиши лозим.
Обама Ҳамид Карзай билан имзолаган шартнома ҳақида ҳам фикр билдириб, унда афғон ҳарбийларини тайёрлаш, террорга қарши кураш тадбирларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Афғонистоннинг “шаффофлик ва ҳисобдорлик” тамойилларига содиқлиги ўз инъикосини топганлигини қайд этди. Президент ўз чиқишида, шу билан бирга, агар толиблар “Ал-Қоида” билан алоқаларини тўхтатишиб, тинчлик йўлига ўтишса, келишиш мумкинлигини ҳам истисно қилмади. Президент ташрифидан сўнг Кобулнинг турли нуқталаридан портлашлар қайд этилди, оқибатда, 6 киши қурбон бўлди.


 

 

The Wall Street Journal энг кўп тиражли газета

АҚШ тираж бюросига маълумотларига қараганда, The Wall Street Journal газетаси сўнгги олти ой (2012 йилнинг 21 мартига қадар) давомида АҚШда энг кўп ўқувчига нашр сифатида ўз мавқеини сақлаб қолди. Ўтган давр мобайнида жиддий ўзгаришларсиз ҳар куни ўртача 2,1 миллион нусхада чоп этиб келинди. Бу ўтган йил кўрсаткичлари билан солиштирганда ҳам жиддий ўзгармаган. “USA Today” газетаси 1,8 миллион нусха билан иккинчи ўринда турибди. Бу 1 фоизга кам деганидир. The New York Times тиражи эса 71 фоизга ўсиб, 1,6 миллион нусхани ташкил қилди.


 

 

Хитой ва АҚШ муносабатлари таранглашди

Шу кунларда дунё оммавий ахборот воситаларининг бош мавзуси бўлиб турган хитойлик мухолиф ёзувчи Чэнь Гуанчэн даволаниш мақсадида АҚШ элчихонасини тарк этган. Эслатиб ўтамиз, у бир неча кун бурун тўсатдан йўқолиб қолганди ва кейинчалик аниқланишича, АҚШ элчихонасига яшириниб олган. Кўзи ожиз ёзувчи Хитой пойтахтида даволанади, деб хабар беради “Рейтерс” ахборот агентлиги. “Associated Press” хабарида қайд этилишича, касалхонагача диссидентни АҚШнинг Хитойдаги элчиси Гери Лок ҳамда Давлат котиби ёрдамчиси Курт Кемпбелл ҳамроҳлик қилиб борган. Бу ҳодиса АҚШ ва Хитой ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг таранглашишига олиб келди. Чунончи, “Синьхуа” ахборот агентлиги АҚШдан расман кечирим сўрашни талаб қилган. Ушбу масала, айниқса, бугун Хитойга ташриф буюрган АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон миссиясини танг аҳволда қўяди.


 

 

Шаҳзоданинг бир ҳафталик концерти бошланди

Кеча “Истиқлол” санъат саройида хушовоз хонанда Шаҳзода ўзининг бир ҳафталик концерт дастури бошланди. Ҳар куни алоҳида дастур намойишини ваъда қилган ёшларнинг севимли артисти Шаҳзода 20 дан ортиқ қўшиқларни томошабинлар эътиборига ҳавола этган. Улар орасида ўзбекча, русча, инглизча, миллий ва замонавий услубда куйланганлари ҳам бор. Сайёд.ўз сайтининг ёзишича, концертнинг декорацияси, композицияси жуда чиройли яратилган, айниқса, турли рақсларни ижро этган гуруҳнинг фаолияти кўпчиликда қизиқиш уйғотган.

SHARE