3 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Навбатдаги етакчиси қўлга олинди

НАТОнинг Афғонистондаги халқаро коалиция кучлари ҳамда маҳаллий ҳарбийлар Қундуз музофотида ўтказилган ҳарбий операция чоғида Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчисини қўлга олган. ISAF бирлашган қўмондонлиги ахборотида келтирилишича, террор ташкилот етакчиси минтақанинг барча ҳудудларида Афғонистон ва халқаро коалиция кучларига қарши террор ҳужумларини режалаштириш ва уюштириш, юқори мартабали афғон амалдорлари жонига суиқасд қилиш мақсадида хатти-ҳаракатлар қилганликда айбланаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, 26 март куни ўзини Ўзбекистон исломий ҳаракати деб таъкидлайдиган ташкилот етакчиси Маҳдум Нусрат ўлдирилган эди, кейинчалик унинг ўрнига ташкилотни бошқариб турган Усмони Соҳибни ҳам йўқ қилишга муваффақ бўлишган эди.


 

 

Тезлик етишмаяпти

2011 йилнинг тўртинчи чорагида бутун дунё бўйича Интернетга уланишнинг ўртача тезлиги сониясига 2,3 мегабитдан ошмади.
Ушбу кўрсаткич 2010 йилнинг шу даврига қараганда 14 фоизга паст. Олам. ўзнинг ёзишича, 2011 йил охирига қадар 93 та мамлакатда уланиш тезлиги пасайган, 41 та мамлакатда эса ошган.
Умуман олганда, агар бутун ўтган йил ҳисобга олинадиган бўлса, дунёдаги тармоққа ўртача уланиш тезлиги 2011 йилда 19 фоизга ошган. Ўсиш бўйича етакчилик, олдингидай Жанубий Кореяда бўлиб, унда уланиш тезлиги 29 фоизга (17,5 мбит/с) га ошган. АҚШда эса ўсиш 14% (5,8 мбит/с)ни ташкил этган. Ушбу ҳисоботни чоп этган Akamai статистика компаниясига кўра, Ўзбекистонда бу борада кўрсаткич бор-йўғи 620 кб/с.ни ташкил қилади.


 

 

Маҳбус эсдан чиқди

АҚШ ҳукумати қамоқхонада унутиб қолдирилган фуқародан кечирим сўради. АҚШ гиёҳвандликка қарши курашиш бошқармасининг Сан-Диего бўлими раҳбари Уильям Шерман маҳаллий талаба Дэниел Чонгдан “чуқур кечирим” сўраган. Гап шундаки, Шерман қўл остидаги ходимлар талабани беш кун давомида қамоқхонанинг ёлғиз сақланадиган камерасида унутиб қолдиришган. Бошқарма бошлиғи, ўз навбатида, ушбу ҳодиса ҳар томонлама тергов қилинишини ва бундай ҳолатлар қайта такрорланмаслигини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Дэниел Чонг бошқа бир қатор талабалар билан бирга гиёҳвандликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ҳисбга олинади. Қолган талабалар кейинчалик қўйиб юборилса-да, Чонг хаёлдан кўтарилади. Беш кун давомида овқат, сувсиз ҳамда ҳожатсиз ўтказишга мажбур бўлган. Талабанинг айтишича, у ташналикдан ўлиб қолмаслик учун ўз пешобини ичишга мажбур бўлган.


 

 

Дунёнинг энг яхши банклари Осиё ва Канадада

Bloomberg дунёдаги энг ишончли банклар рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, Сингапурнинг Oversea-Chinese (OCBC) банки етакчиликни сақлаб қолди. Кейинги ўринни эса Гонг-Конгнинг ВОС банки эгаллаган. Умуман, биринчи ўнталикдан Сингапурнинг яна иккита, Канаданинг 4 кредит ташкилоти ўрин олган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биринчи ўнталикнинг ярмини Канада банклари эгаллади. Уларнинг акциялари, эътиборли жиҳати, биржаларда олди-бердиларга қўйилган. Канада банкларининг бундай юксак эътирофига, аввало, маблағларнинг етарли даражада эканлиги, қарз ва кредит беришда консерватив ғояларнинг устунлиги, қолаверса, молия бозорининг қаттиқ назорат қилиниши сабаб бўлган. Маҳаллий ваколатли органлар банклардан халқаро стандартлардан ҳам кўпроқ капиталга эга бўлишни талаб қилишади.
Американинг биронта ҳам етакчи банклари ушбу рўйхатнинг биринчи ўнталигидан жой олмади. JP Morgan 13-ўринга, PNC эса 18-ўринга лойиқ кўрилган.


 

 

Францияда сайлов олди дебат бўлиб ўтди

Францияда президент сайлови олдидан асосий номзодлар ўртасида теле-дебатлар бўлиб ўтди. Қарийб уч соат давом этган “дуэл”да номзодлар ўртасида муҳокама қилинган масалалар, экспертлар фикрича, сўнгги чорак аср давомидаги энг қизғин ва оғриқли масалалар бўлди. Амалдаги президент Николя Саркози инқирозга қарамасдан Францияда вазиятдан ижобий тарафга яхшиланаётганини, мамлакат Европа мамлакатлари ичида инқирозга бас келолган камдан-кам давлатлардан бири бўлганини қайд этди. У ўз рақиби Франсуа Олланд томонидан таклиф этилаётган “бойлар учун солиқ” ҳақида гапириб, агар бир миллион евродан ортиқ даромад топаётган Франция фуқаросига 70 фоизлик солиқ жорий этилса, Франция “бойлар қочадиган мамлакат”га айланиб қолишидан огоҳлантирган.
Ўз навбатида, Франсуа Олланд Николя Саркози президентлиги даврида Францияда ишсизлар сони 1 миллион нафарга кўпайиб, 4 миллион кишини ташкил қилгани, “бу кўрсаткич Саркози сиёсатининг самарасиз бўлганини” кўрсатади, деб қайд этди. У агар ғолиб бўлса, йил охиригача француз аскарлари ватанига қайтарилишини айтиб ўтди. Теле-дебатларни 18 миллион нафардан ортиқ франциялик тўғридан-тўғри томоша қилишди.
Эслатиб ўтамиз, Францияда президент сайловларининг иккинчи тури келаётган якшанба куни ўтказилади. Ҳозирча ижтимоий сўров натижалари Франсуа Олланднинг ғалаба қозонишини кўрсатмоқда.

 

SHARE