Кутилмаган футбол…

Тўғрисини айтсам, бунчалик куюнаман деб ўйламангандим. Бу ҳақда ачиниб, танқидий мулоҳаза қиламан деб режа қилмагандим. Аслида ёзишни ҳам истамасдим. Аммо, юрак қурғур қўймади. Сукут сақлаб туролмадим. Ичимдаги гапларимни, қийнаётган саволларни тўкиб сочгим келди сиз билан. “Нимани?” – деяпсизми. Ҳозир билиб оласиз. Ҳаммасини бир бошдан бошлайман.

Бу мавсум жамоаларимизнинг тайёргарлик йиғинларини, трансфер сиёсатларини, мавсумга жиддий ёндошаётганларини кўриб, ўзаро жиддий рақобат кўриш илинжи пайдо бўлгани рост. Ҳам миллий чемпионатларда, ҳам қитъа биринчиликларида. Мана, миллий чемпионат 8 тури ва Осиёкубокларининг 5та тури ҳам ортда қолди. Хўш, нима ўзгарибди кўрдингизми? Ҳеч нима! Жамоаларимиздан бу даражадаги паст савиядаги футболни кўраман деб кутмагандим. Жамоаларимизнинг бу йилги потенциали аслида юқори. “Банияс”, “Ал-Жазира” ва “Истиқлол” жамоаларини бемалол ютиб, ғалаба қиладиган вазиятлар бўлган эди. Тўғри, “Аделаида Юнайтед” ва “Ал-Иттиҳод” тажриба борасида биздан кучлидир. Лекин, ўз уйимизда ютиб кетадиган даражада кучли эмасди. Чемпионат энди бошланганда: “Осиёнинг тарқоқ зона эканлигини, унда ўтказилаётган чемпионатлар тизими турлича эканлигини ва бизда энди мавсум бошланганлигини ҳисобга олиб, бу мағлубиятлар ўткинчи ҳолат бўлиб туюлиши мумкин” – деган назарияни илгари сургандим, ўзимга бундан бошқа тасалли гап тополмай. Агар шундай бўлса, тангани икки тарафа бор. Унда мавсумга тайёргарлик учун ташкил қилинган икки босқичдаги йиғинлар нима учун эди? “Мавсум бошланишида шунақа мағлубиятлар бўлиб туради-да” дейиладиган бўлса, ҳориж давлатларида йиғинлар ва назорат ўйинларини ўтказишдан мақсад нима эди?

Бу мавсум билан боғлиқ муаммо эмас, манимча. Аввалари ҳам биз Осиё чемпионлар лигасида қатнашиб келганмиз. Бу нуфузли турнир ташкил қилингандан бери “Пахтакор” жамоаси иштирок этиб келади. Дастлабки йилларда қаторисига ярим финалгача етиб борган. “Энг кучли жамоа” номини олган. Ўша пайтлари ҳам мавсум шундай бўлганди-ку. Йўқ! Чемпионатнинг “бахор-куз” тизимида бўлиши, бизда мавсум энди бошланганда бошқа жамоаларнинг спорт формаси айни авжида бўлиши сабаб бўлолмайди. Бу баҳона холос. Ҳаммаси жамоаларимизнинг ўзларини ички муҳитларида, жамоанинг иштирок этадиган барча турнирларига ёндашадиган муносабатларида, мураббий ва ўйинчиларнинг ижро маҳоратларида. Юқорида айтиб ўтганимдек, жамоаларимизнинг селекция борасидаги ишларини кўриб анча кўнгил хотиржам эди. Наоя Шибамура, Санибал Ораховац, Ян Козак, Давид Карни, Эмил Кенжисариев каби таниқли ва кучли легионерларни жамоаларимиз таркибига келиб қўшилиши, Деян Журжевич ва Игорь Криушенко каби ҳорижий мураббийларнинг эса юртимизда фаолиятини давом эттириши шундай хотиржамликни тақдим қилганди. Қолаверса, маҳаллий ёш ва маҳоратли ўйинчиларни етишиб чиқиши, олимпиячиларимизнинг ўз жамоаларида асосий таркибга киритилиши ҳамда аввалдан ўйнаб анча тажриба орттирган футболчиларнинг борлиги ҳам бу йил жамоаларимизни кучайтириши зарурдек эди.

БУНЁДКОР

Жамоа Осиё чемпионлар лигасининг 2- ва 5-тур ўйинларини сафарда ўтказди. Ўтган йилги финалчи “Поханг Стилерс” майдонида кечган қийин учрашувда муҳим 3 очколик бўлишди. Олис австралиядан эса 1 очко билан қайтишди. Бу “жамоа муаммолардан ҳоли” дегани эмас. Ўз майдонида австралияликлардан мағлуб бўлгани ҳам буни исботи. Жамоада майдон марказини ўзига оладиган, масъулиятдан қочмайдиган кучли ярим ҳимоячи етишмаяпти. Сервер, Азиз ва Темурлар давридагидек “ўткир” ярим ҳимоячилар йўқ. Лутфулло янги. Жамоага киришиб кетиши учун вақт керак. Давид Карни ҳаракат қиляпти, фақат ўзини қўллай оладиган шерик тополмаяпти. Ҳимояда анча ишлар қилиш кераклиги кўриняпти. Ҳайруллонинг нисбатан жисмоний ҳолати, Саҳобнинг техник ҳатоларини кўплиги, рақиб босими вақтда ҳимоядагиларнинг довдираши каби иллатлар учраб турибди. Натижада Қосимов таркибда экспримент қилишга мажбур бўлмоқда. Лекин, барибир таркибда ёшлар ва тажрибали, ёши катта ўйинчилар қоришмасидан иборат кучли таркиб бўлса ҳам, жамоа очила олмаётганлиги кишини таажжубга солмоқда.
Факт: “Бунёдкор” 5 ўйинда ўз дарвозасидан 7та тўп ўтказиб юборган. Биргина шу жамоамизда (қолган икки жамоамизга нисбатан) ишлар салгина яхши. Тўплар нисбати 0.

“ПАХТАКОР”

Бугунги мавзу аслида мана шу жамоанинг, халқ жамоасининг кўрсатаётган ўйинлари сабаб пайдо бўлганди. Юртимизнинг байроқдор жамоасини бугунги аҳволи қўлга қалам олишга мажбур қилди. Жамоанинг номи, ундаги ўйинчиларнинг номини эшитиб рақиб хавотирга тушиши турган гап. Аммо, ҳозир эмас. Жамоанинг олдинги салоҳияти анча йўқолганлиги, ўзининг анъаналарига зид равишда ёндошилаётганлиги, жамоадаги жипслик, бирдамлик йўқлиги айниҳақиқат. Ўйинчиларнинг ўз савиясида эмаслиги, ҳорижий легионерларни жамоага ҳали киришиб кетмаганлиги, жамоа ўйинига мос тактик таркибнинг аниқлай олмаётганлиги жамоа “авторитети”ни тобора тушириб бормоқда. Қани матбуотда овоза қилиб, мақтанилган легионерлар? Наоя Шибамура ва Санибал Ораховац қайси “топилмас” хусусиятлари билан ўзимизнинг ўйинчилардан устун экан? Қолганлар-чи? Ираклини олдинги ўйинлари деярли йўқ, “Стас” қишки мавсумда дам олишни жойига қўйган шекилли, жисмоний ҳолат қониқарсиз. Бахриддин тажриба ва маҳорат бобида ҳалқаро ўйинлар даражасида эмас экан, заҳирага михланди. Марказда нималардир қилинганга ўхшаяпти. Ойбек Қиличев, Дилшод ва Каха Махарадзелар марказдан қанотларга очилишяпти. Аммо, хужум чизиғи деярли йўқ ҳисоби. Темур-чи? – дедингизми. Бу дарвозабон ҳақида умуман гапириш ниятим йўқ. Жамоа гўёки “Бошсиз чавандоз”га ўхшайди, жамоанинг “мияси”ми ёки “юраги”ми(жамоада “юрак” йўқолганига анча бўлган) йўқ. Алалоқибат, аввалдан ўйланган комбинациялар, позицион хужумлар, кучли босим уюштириш каби характерлар жамоадан бегоналашиб кетмоқда.
p.s.: Яхшиям “пахтакорчилар” бахтига “Ал-Араби” бор экан, 6 очко туҳфа этди.
Факт: “Пахтакор” ҳозирча 5 ўйинда жами 8та гол ўтказилган. Тўплар нисбати -2. (Шунинг ўзи жамоада ҳимоя ва хужумга қандай баҳо бериш кераклиги кўрсатиб турибди.)

“НАСАФ”

Бошқа жамоаларимизга қараганда озгина бўлса-да, мазмунли, шиддатли ва ишончли ўйин кўрсатаётган “Насаф”деб ўйлагандим. Тўғри, уларда ҳам муаммолар бор эди. Лекин, уларни ўйиндан ўйинга, турдан турга ўтиб, бартараф этса бўладиган хатолар эди. Амалда эса, биринчилардан бўлиб “play-off”дан ҳайрлашишди. Ишонган жамоам ишончни оқлай олмади. Бу мавсумни янги мураббий қўл остида бошлаган қаршиликлар Осиё чемпионлар лигасида дебютант эканликлари барибир билиб қолмоқда. 1-турда айнан тажрибасизлик панд берди дейиш мумкин. Қолаверса, Рўзиқул Бердиев тактик таркибни алмаштиришда бироз шошилиши натижасида, ўз майдонларида нақд ғалабани қўлдан бой беришди. Бу жамоада ҳам марказда имправизация қиладиган ўйинчи йўқ. Лутфулло кетиши таъсир қилмаслиги керак, албатта. Қанотларда Геворкян ва Переплеткинс фаол. Натижаларга эътибор берилса, ҳимоя чизиғида ишлар сустлигини кўрамиз. 2-турни ҳисобга олмаса, жамоа умуман сочилиб кетганлигини айтишимиз мумкин. Умумий баҳо бериладиган бўлса, жамоада концентрация етишмаяпти. Олдин фақат ҳужум чизиғига эътирозим бор эди. Бугун эса, барча чизиқларда муаммолар етарли эканлиги яққол кўзга ташланмоқда. Ҳимоя билан ҳужумни ўзаро боғловчи ўйинчиларга эхтиёжи бор “Насаф”ни.
Факт: Жамоа 5 ўйинда ўз дарвозасидан 12та тўп ўтказиб юборган. Тўплар нисбати -8. “Насаф” ҳозирча “энг кўп тўп ўтказганлар” орасида иккинчилардан. (Кўряпсизми, “Насаф”да ҳам хужум ва ҳимоядаги ишлари “ноль”.) 

“НЕФТЧИ”

“Нефтчи”га ҳам алоҳида тўҳталиб, ўтириш шарт эмасдир. Фарғоналикларда ҳам юқоридаги вазиятларни ўзи. Камчиликлар, хатолар, техник ва тактик муаммолар бу жамоамизда ҳам борлиги ОФК кубогининг тур ўйинлари кўрсатиб бермоқда. Аммо, ОФКнинг даражасига мос келади. 3та сафардаги ўйиндан 4 очко олишни уддалаган фағоналиклар, уй учрашувларини яхши ўтказиб келишяпти. Бу йил энди, Юрий Саркисян ОФК кубогини олиб берамикин-а!
Факт: Жамоа 5 ўйинда ўз дарвозасидан 7та тўп ўтказиб юборган. Тўплар нисбати +1. (Тохир Копадзенинг таъбири билан айтганда: “ҳимояга жичча ишлов ва эътибор бериш керак”а ўхшаяпти. Ҳа манимча шундай.)

 

Майдонда марказий ҳудудни эгаллаш стратегик жиҳатдан жуда муҳим саналади. Бунга мураббийлар катта эътибор қаратиб, асосий урғуни айнан марказдаги ижрочиларни маҳоратига таянишади. “МЮ”ни аҳволини эсланг: мавсум ярмида жамоа билан хайрлашган Пол Скоулзнинг қайтиши(comeback). “Арсенал”ни ёдга олинг: деярли марказдаги ижрочиларидан айрилган жамоа, охир–оқибат Терри Анрини олиб келди(2-comeback). Демак, бугунги замонавий футболда марказий ярим ҳимоя жуда ҳам аҳамиятли ва масъулиятли ҳисобланади. Бу еврокубок ўйинларида ушбу жамоаларда яққол сезилиб қолди. Натижаси ўзингизга маълум. Иккала “супержамоа” ҳам ички биринчилик билан чекланишга мажбур бўлишди. Шунинг учун марказда хужум билан ўзаро боғловчи ижрочилар бўлмас экан, ўрта чизиқ кучаймас экан ҳалқаро майдонларда муваффақиятли иштирок этиш мушкул. Ўзи жамоаларимиздан бундай футболни кутиб ҳам кутмагандим. 

Шуҳратбек Парпиев.

SHARE