“Одноклассники” ўз фойдаланувчиларига Георгий ленталарини тарқатмоқда

“Одноклассники” ижтимоий тармоғи Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 67-йиллигига бағишлаб “Георгий лентаси” деб номланган халқаро акцияни ишга туширди. Унда ижтимоий тармоқнинг хоҳлаган аъзоси иштирок этиши мумкин.

Компания чиқарган расмий хабарномага кўра, фойдаланувчилар 5-10 май кунлари давомида ўзларининг “Одноклассники” сайтидаги фотографияларига виртуал Георгий ленталарини бириктириб қўйишлари мумкин. Бунда, лента етти кундан сўнг автоматик равишда йўқолади.

Ленталарни ижтимоий тармоқнинг барча 150 миллион аъзоси олишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, “Георгий лентаси” акцияси 2005 йил мартидан бери Россиянинг “Студенческая община” жамоат ташкилоти ҳамда “РИА Новости” агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилиб келинади. Ушбу акция доирасида кийимларга, сумкаларга ёки автомобиль антенналарига тақиладиган ленталар тарқатилади.

Ташкилотчилар бу йили Москва шаҳрида жами 3 миллион дона Георгий лентаси тарқатишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, ленталар Россиянинг 92 та давлатдаги элчихоналарига ҳам юборилади.

SHARE