МТС Туркманистон бозорига қайтмоқда

Россиянинг энг йирик уяли алоқа оператори – МТС Туркманистон бозоридаги ўз фаолиятини қайта тикламоқда. Бу ҳақда “Коммерсанть” нашри хабар қилган. Бироқ, МТСнинг ўзи бу борада ҳеч қандай расмий хабарнома билан чиққанича йўқ.

“ТУРКМЕНинформ” нашрининг ёзишича, 2 май куни МТС расмийлари ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Музокаралар чоғида томонлар МТС алоқа операторининг Туркманистон бозорига қайтиш имкониятларини кўриб чиқишган.

Эслатиб ўтамиз, МТСнинг Туркманистондаги шўъба компанияси – “Barash Communications Technologies” (“BCTI”) 2010 йилнинг декабрь ойида ўз фаолиятини тўхтатган эди. Бунга сабаб ўшанда Туркманистоннинг Алоқа вазирлиги “BCTI”нинг лицензиясини бир ойга тўхтатиб қўйган эди. Бу воқеадан сўнг МТС Туркманистондаги фаолиятини қайта тикламаган эди.

“BCTI” лицензияси тўхтатилганидан сўнг. МТС Туркманистоннинг Алоқа вазирлиги устидан икки жойга суд даъвоси билан чиққан – Халқаро савдо палатаси қошидаги Халқаро арбитраж суди ва Туркманистоннинг Арбитраж судига. Бундан ташқари МТС Жаҳон банки ҳузуридаги арбитражга ҳам бу масалада ариза қилмоқчи бўлган.

МТСнинг ҳисоб-китобларига кўра, “BCTI” фаолиятининг тўхтатилиши натижасида компанияга 585 миллион доллар миқдорида зарар келтирилган.

2010 йилнинг декабрь ойигача Туркманистоннинг телекоммуникация бозорида иккита мобил алоқа оператори фаолият кўрсатаётган эди – “BCTI” ва “Олтин Аср” миллий уяли алоқа оператори. Бунда, “BCTI” абонентлар сони (2,3 миллион) бўйича “Олтин Аср”дан анча олдинда эди. “BCTI” лицензияси тўхтатилганидан сўнг Туркманистоннинг мобил алоқа бозорида “Олтин Аср” монопол бўлиб қолган эди. Бироқ, кўрсатилаётган хизмат сифати талаб даражасида эмас эди.

SHARE