“Samsung” ўзининг янги “Galaxy S III” смартфонини намойиш қилди

“Samsung” компанияси 3 май куни Лондонда бўлиб ўтган тадбирда ўзининг янги “Galaxy S III” смартфонини намойиш қилди. Бу модел ҳам ўзининг олдинги версиялари – “Galaxy S” ва “Galaxy S II” каби компаниянинг байроқдор маҳсулоти бўлади.

Смартфонга 4,8-дюмлик “Super AMOLED” экран қўйилган бўлиб, унинг ажрата олиш кўрсаткичи 1280 х 720 га тенг. Аппарат уч хил – 16, 32 ва 64 гигабайтлик ҳамда икки хил – оқиш ва қорамтир рангларда ишлаб чиқарилади.

Аппарат “Android 4.0 Ice Cream Sandwich” операцион тизими базасида ишлайди. Унинг орқа камераси 8 мегапикселлик бўлиб, унинг ёрдамида 1080p сифатидаги “Full HD” видеоларни тасвирга олиш мумкин. Олд камера эса 1,9 мегапикселлик бўлиб, унинг ёрдамида ҳам 720p сифатидаги HD-видеоларни олиш мумкин.

Смартфоннинг олд камераси экраннинг ёруғлик даражасини бошқаришда ҳам иштирок этади. Масалан, телефон эгаси экранга қараса, экран ёруғлашади.

“Samsung” ҳам ниҳоят ўзининг йирик рақобатчиси “Apple” томонидан ишлаб чиқилган “Siri” технологияисга жавобан ўзининг “S Voice” технологиясини ишлаб чиқди. Унинг ёрдамида смартфонга турли буйруқларни бериш, саволлар бериш мумкин. Масалан, “S Voice” ёрдамида мусиқа плеери ва будильникни бошқариш, овозни пасайтириш ёки кўтариш, SMS ёки e-mail юбориш, камерани ёқиб, суратга олиш мумкин.

Аппаратга NFC-чипи ўрнатилган бўлиб, у “Android Beam” симсиз маълумотларни алмашиш технологиясини қўллаб-қувватлайди. “Samsung” бу технологияни ўзида қайта ишлаб, унга “S Beam” деб ном берган. “S Beam” технологияси 2 сония ичида 10 мегабайтлик файлни бир телефондан иккинчисига ўтказиш имконини беради. Бироқ, бунда ҳар иккала телефон ҳам “Galaxy S III” бўлиши лозим.

Енг муҳим янгиликлардан бири – “Galaxy S III” смартфони 4G (LTE) алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайди. Бироқ, смартфоннинг 4G модификацияли версияси фақатгина олдиндан танланган мамлакатлар учунгина ишлаб чиқарилади.

“Galaxy S III”нинг вазни 133 грамм бўлиб, корпусининг қалинлиги 8,6 миллиметрга тенг. Аппаратга тўрт ядроли, 1,4 Ггс частотали “Exynos 4 Quad” процессори қўйилган.

Смартфон Европа дўконларига шу май ойининг охирларигача сотувга чиқарилади. Умумий ҳисобда эса, у бутун дунё бўйлаб 145 та мамлакатда расмий сотувга чиқарилади.