4 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси

Тошкентда 3 май куни Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар V Республика ярмаркаси очилди.

Анъанавий инновациялар ярмаркаси давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июльда қабул қилинган “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йил бешинчи марта ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу ярмаркада ўтган йиллардаги каби, вазирликлар, идоралар, банклар, иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси корхоналари, фермер хўжаликлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси институтлари, олий ўқув юртлари, илмий марказлар ҳамда тажриба-конструкторлик ташкилотлари кенг иштирок этмоқда.

Ярмарка доирасида “Ўзбекистонда муқобил энергетика ва уни ривожлантириш истиқболлари”, “Инновацион фаолиятни ривожлантиришда илмий-техник ахборотнинг роли” мавзуида семинарлар ўтказилади. Ярмарка якунида эса “Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш: муаммолар ва истиқболлар” мавзуида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтади.


 

Хорижда “Ангрен” махсус индустриал зонасининг тақдимоти

Хитойнинг Цзянсу провинциясида Ўзбекистон савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Цзянсу провинциясининг Саноат ва савдо федерацияси, Савдо-саноат палатаси ва Тижорат департаменти вакиллари иштирокида ўтган ушбу тадбирда мамлакатимизда хорижлик сармоядорлар учун яратилган қулай имкониятлар билан боғлиқ масалалар мулоқотларнинг асосий мавзуи бўлди.

Тақдимотда, шунингдек, Жиззах вилоятида Юқори технологиялар саноат парки қурилиши доирасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳамда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий ҳудуди ва “Ангрен” махсус индустриал зонасида худди шундай ишлаб чиқариш корхоналарини бунёд қилиш имкониятлари ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Ҳозирги вақтда Цзянсу компаниялари Ўзбекистонда умумий қиймати 9 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 6 та лойиҳани амалга оширмоқда, 2012 йилнинг 2 ойи ичида савдо айланмаси 66 миллион АҚШ долларига етган.


 

Путиннинг инаугурациясини олтита телеканал кўрсатади

Шу йилнинг 7-май куни Россияда Владимир Путиннинг мамлакат президентлиги учун бўлиб ўтадиган инаугурация маросимини бир пайтнинг ўзида олтита телеканал – “Биринчи канал”, “Россия 1”, “ТВ Центр”, “Бешинчи канал” ва “Россия 24” тўғридан-тўғри трансляция қиалди.

Шу пайтгача бундай маросимларни максимум учта канал тўғридан-тўғри эфирга узатган эди. Дмитрий Медведевнинг 2008 йилдаги инаугурациясини “Биринчи канал”, “ВГТРК” ва “ТВ Центр” жонли эфирда ёритган эди.

Маросим 7-май куни Москва вақти билан 11:30 дан 12:30 гача бўлиб ўтади.

Бўлажак президентнинг янги матбуот котиби – Дмитрий Песковнинг “Коммерсанть” нашрига билдиришича, телеканалларнинг ўзлари бундай хоҳиш билан чиқишган.

Владимир Путин ўзининг сиёсий каръераси мобайнида учинчи марта Россия президенти этиб сайланди. У бунгача 2000-2008 йилларда мамлакатни бошқарган эди. Охирги тўрт йил мобайнида у Россия ҳукуматига раҳбарлик қилди. Путин президентлик лавозимига ўтиргач, Дмитрий Медведевнинг ҳукумат раҳбари этиб тайинланиши кутилмоқда.


 

Иккала Судан тинчлик йўлида

Судан ҳукумати Жанубий Судан билан кечаётган низоларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилди. Ушбу режа Африка иттифоқи томонидан таклиф қилинган эди.

“Йўл харитаси”га мувофиқ низолашувчи томонлар 8 майгача музокаралар столи атрофига йиғилиши лозим қилиб белгиланган. Келаси уч ой ичида эса Хартум ва Жуба тинчлик келишувини имзолаши лозим. Хусусан, чегарани демаркация қилиш, фуқаролик, нефть қазиб олиш ва экспорт қилишга оид масалалар ҳам ушбу стол атрофида ҳал қилиниши кутилмоқда.

Жанубий Судан 2011 йилнинг ёзида Судан давлатидан ажралиб чиққан эди. Ўшандан бери икки мамлакат ўртасида ҳудуд ҳамда бой нефть конлари масаласида турли қуролли тўқнашувлар кузатилмоқда. Шу пайтгача тўқнашувлар чоғида камида минг киши ҳалок бўлган.


 

Рунининг голи Англия премьер лигаси тарихидаги энг яхши гол деб топилди

Англиянинг “Манчестер Юнайтед” футбол клуби ҳужумчиси Уейн Рунининг “Манчестер Сити” дарвозасига урган голи Англия премьер лигаси (АПЛ) тарихидаги энг яхши гол деб топилди. Бу ҳақда АПЛнинг расмий сайти хабар берган. Ушбу ўйин 2011 йилнинг 12 февраль куни бўлиб ўтган эди.

Руннинг ушбу голини мана бу жойдан кўришингиз мумкин.

Иккинчи ўринни Лондоннинг “Арсенал” клуби ҳужумчиси Деннис Бергкампнинг 2002 йил мартида бўлиб ўтган “Ньюкасл” билан ўйинда киритган голи киритди.

Учинчи ўринни ҳам “Арсенал”нинг яна бир ўйинчиси – Тьерри Анри қўлга киритди. Унинг 2000 йилда “Манчестер Юнайтед” дарвозасига киритган голи франсуз ҳужумчисига учинчи ўринни қўлга киритишига кўмак берди.

SHARE