7 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Италия ташқи ишлар вазири ўринбосари Тошкентга келди

Италия Республикаси мудофаа вазири ўринбосари Филиппо Милоне Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида учрашув ўтказди. “Жаҳон” АА тарқатган хабарда келтирилишича, унда Ўзбекистон — Италия мулоқотининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Икки томонлама ҳамкорликнинг барча соҳаларида ижобий жараёнларни кенгайтиришдан ҳар икки давлат манфаатдор эканлиги билдирилди. Томонлар, шунингдек, ўзларини қизиқтирган халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашди. Учрашувда Италия Республикаси Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Риккардо Манара ҳам иштирок этди. Ушбу учрашув чоғида Афғонистондаги вазият ҳақида ҳам сўз борган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Италия НАТО шафелигидаги ҳарбий кучлар таркибида Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда ўз контингенти билан иштирок этмоқда.


 

 

Юнонлар партияларни жазолашди

Кеча Грецияда муддатидан аввал парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда иштирок этган биронта ҳам сиёсий партия мутлоқ кўпчилик ўринни қўлга кирита олмади. Мамлакат сайлов қонунчилигига биноан, сўнгги 10 кун ичида сиёсий партиялар ўзаро музокара қилишиб, коалиция тузишлари лозим.
Сайлов натижаларига кўра, “Янги демократия” партияси 19,18 фоиз (109 та ўрин), Радикал сўл кучлар коалицияси 16,3 фоиз (50 ўрин), Бутунюнон социалистик ҳаракати 13,63 фоиз (42 ўрин) олган.
Ҳозирда энг кўп овоз олган “Янги демократия” партияси раиси Антонис Самарас коалицияда ҳукумат тузиш учун музокараларни бошлаб юборган. Агар у уч кун ичида ҳукуматни шакллантира олмаса, мамлакат президенти коалиция тузиш ҳуқуқини иккинчи ўринни олган партияга беради. Антонис Самарас аллақачон янги ҳукумат тузишнинг тамойилларини эълон қилди. Унга кўра, коалиция тузишнинг асосий талаби, биринчидан, мамлакатнинг евроҳудудда қолиши; иккинчидан, ёрдам ҳақидаги шартнома шартларини ўзгартириш киради. Таҳлилчилар фикрича, янги коалицион ҳукумат “Янги демократия” “ПАСОК” ўртасида тузилиши мумкин. Греция парламенти 300 ўринли бўлиб, ҳукумат тузиш учун 154 нафар ўрин қўлга киритилган бўлиши лозим.


 

 

Путин қасамёд қилди

Шу йилнинг 4 март куни бўлиб ўтган сайловларда ғалаб қозонган Владимир Путин бугундан Россия Федерацияси Президенти сифатида ўз вазифасини бажаришга киришди. Кремлда бўлиб ўтган инаугурация маросимида қасамёд қилган Путин учинчи марта дунёдаги энг йирик мамлакатнинг раҳбари бўлди.
Путин бош вазир ўринбосари Викр Зубковни вақтинча бош вазир вазифасини бажаришга тайинлаган. У мамлакат парламенти (ДУМА) янги ҳукуматни тасдиқлагунча, ҳукуматни бошқариб туради. Янги ҳукуматни собиқ президент Дмитрий Медведев тузиши кутилмоқда.


 

 

Либертарианлар марихуанани қонунийлаштирмоқчи

АҚШнинг Либертариан партияси мамлакат президентлиги учун ўз номзодини эълон қилди. Reutersнинг ёзишича, унда делегатларнинг 70 фоизи қўллаб-қувватлашишига эришган Гэри Жонсон номзоди илгари сурилган. 59 яшар Гэри илгари Нью-Мексико штатининг губернатори бўлган. Жонсоннинг сайловолди дастури давлат харажатларини кескин қисқартириш, шунингдек, марихуанани қонунийлаштириш сингари вазифаларни ўзида акс эттирган. Ушбу партиянинг шиори “минимум давлат, максимум эркинлик”дир. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, АҚШда республикачилар ва демократлардан бошқа партиялар кўрсатган номзодлар жуда кам овоз олади. Масалан, либертарианлар партияси ўз тарихида энг кўп 1,1 фоиз олган. У ҳам бўлса 1980 йилда қайд этилган.


 

 

Тўпроққалъа меҳмон кутди

Қорақалпоғистон Республикасининг Тупроққалъа туманида анъанавий “Асрлар садоси — 2012” маданият фестивали бўлиб ўтди. “Ўзбекистон санъати ва маданияти форуми” жамғармаси, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан уюштирилган мазкур тадбирда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан меҳмонлар ташриф буюрди, Ўзбекистон санъат ва маданият аҳли Қорақалпоқ заминида йиғилди. Бутун тадбир давомида иштирокчилар очиқ осмон остида қад рослаган ўтовларда яшашди. Фестиваль доирасида от пойгалари, халқ сайллари, кураш мусобақаси, миллий таомлар фестивали ва бошқа кўплаб қизиқарли томошалар ўтказилди.

 

SHARE