АҚШдаги стартап-компаниялар сони рекорд даражада минимумга тушиб кетди

АҚШдаги стартап-компаниялар сони 2008-2010 йиллардаги молиявий инқироз пайтида рекорд даражада минимумга тушиб кетган. 2010 йил якунларига кўра, Америкадаги барча компаниялар ичида янги бизнесларнинг сони 7,87 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда АҚШнинг Аҳолини рўйхатга олиш бюроси (US Census Bureau) томонидан чиқарилган ҳисоботда таъкидланган. Идора 2011 ва 2012 йиллар учун маълумотларни ҳали чиқарганича йўқ.

АҚШда 2010 йилда жами 394 мингта янги стартап-компания пайдо бўлган. Йил охирига келиб, Америка компанияларининг 35 фоизи “ёш компаниялар” (ташкил қилинганига беш йилдан ортмаган) категориясига мансуб бўлган. 1980 йилларда ушбу кўрсаткич 50 фоиздан ошарди.

АҚШ идорасининг тадқиқотида айтилишича, сўнгги бир неча йиллардан бери мамлакатда янги компанияларнинг улуши тинмай пасайиб бормоқда. Бу ҳолат, айниқса, жаҳон молиявий инқирози даврида тезлашиб кетган. Мисол учун 2009 йилда бу кўрсаткич 8,1 фоизни ташкил қилган бўлса, энг юқори натижага 1987 йилда эришилган – 13,02 фоиз.

АҚШ иқтисодиётида унчалик катта бўлмаган стартап-компанияларнинг пайдо бўлиши мамлакатда янги иш ўринларини яратишдаги асосий куч саналади. 1980 йилларда стартап-компанияларда ишлаётган америкаликларнинг жами ишчи кучидаги улуши 40 фоизга тенг бўлган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 12 фоиздан иборат бўлди.

АҚШ ҳукумати мамлакатдаги ишсизлик даражасини пасайтириш борасида бир неча марта чора-тадбирлар қўллашига қарамай, ҳали бери Оқ Уй маъмурияти кераклича миқдордаги янги ишчи ўринларини ярата олмаяпти. 2012 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра АҚШда ишсизлик даражаси 8,3 фоизни ташкил қилди.

 

SHARE