Американинг энг жозибадор ижтимоий тармоғи қайси?

Америкдаги энг жозибадор, одамларни ўзига тортувчи ижтимоий тармоқ қайсилигини биласизми? Facebook? Нотўғри. Twitter? Нотўғри. Pinterest? Яна нотўғри.

“comScore” тадқиқот компанияси томонидан яқинда ўтказилган тадқиқотда маълум бўлишича, Сан-Франсискода ташкил қилинган “Tagged” ижтимоий тармоқ сайти фойдаланувчиларни ўзига жалб қилишда ҳаммадан олдинда экан.

“comScore” статистикасига кўра, 2012 йилнинг март ойида ҳар бир “Tagged” фойдаланувчиси сайтга ўртача 18 марта ташриф буюрган ва ҳар сафар кирганда сайтда ўртача 12,1 дақиқа ушланиб қолган. Дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ – “Facebook” фойдаланувчиси бир ойда ўртача сайтга 36 марта ташриф буюришига қарамасдан, унинг ҳар бир ташрифи 10,9 дақиқа давом этган. Фойдаланувчилар вақтини ўзида ушлаб қолиш бўйича етакчи “Tumblr” микроблоглар сервиси экан, ҳар бир ташриф ўртача 14,7 дақиқа давом этади.

“Tagged” ижтимоий тармоғи Грег Ценг (Greg Tseng) ва Ёханн Шлейр-Смит (Johan Schleier-Smith) томонидан 2004 йилда ташкил қилинган бўлса, унинг муваффақият даври 2008 йиллардан бошланган.

“Facebook” каби сайтлар одатда одамларга реал ҳаётда таниган-билган кишилари билан онлайн мулоқотни ўрнатишга ҳамда алоқаларни ривожлантиришга мўлжалланган бўлса, “Tagged” эса сиз умуман танимаган, кўрмаган одамлар билан шунчаки дўстлик, романтика каби алоқаларни ўрнатиш учун ёрдам беради. Сайт алгоритми фойдаланувчи ўз анкетасига киритган қизиқишлари, диди ва хоббиларига қараб дунёнинг турли бурчакларидан янги дўстларни топиб беради. Сайтнинг бу функсияси “Social Discovery” деб номланади.

“Tagged” ҳозирда 10 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчига эга бўлиб, компанияда 170 дан ортиқ ходим меҳнат қилади.

Дунбар назариясига кўра, одамлар бир пайтнинг ўзида ўртача 150 киши билан алоқаларни юритиши мумкин экан. Грег Ценгнинг таъкидлашича, “Facebook” сиз билган 150 киши билан алоқаларингизни ўрнатишга ёрдам берса, “Tagged” эса сиз танимаган 150 та кишини сиз билан яқинлаштиради.