“Apple” мобил телефонлар бозоридаги 8,8 фоиз улуши билан жами фойданинг 73 фоизини олмоқда

“Asymco” тадқиқот компаниясининг 2011 йил тўртинчи чораги бўйича мобил телефонлар бозоридаги фойда тўғрисида чиқарган ҳисоботига кўра, АҚШнинг “Apple” компанияси соҳадаги жами фойданинг 73 фоизини ўзиники қилиб олган. Бунда, бозорга мобил телефонларни етказиб бериш бўйича унинг улуши атиги 8,8 фоизни ташкил қилади холос.

Яқинда мобил телефонлар бозорида етакчига айланган Жанубий Кореянинг “Samsung” компанияси эса ушбу даврда соҳадаги фойданинг 26 фоизига эгалик қилган. Шундай қилиб, “Apple” ва “Samsung” биргаликда жаҳон мобил телефонлар бозоридаги фойданинг 99 фоизига эгалик қилишмоқда.

Қолган 1 фоиз фойдани “HTC”, “RIM”, “Nokia”, “Sony”, “Motorola” ва “LG” каби мобил телефон ишлаб чиқарувчи компаниялар бўлишиб олишган.

Смартфон бўлмаган, яъни оддий мобил телефонлар бозорини оладиган бўлсак, сотилаётган телефонлар сони бўйича “Nokia” ҳамон етакчи. Ундан кейинги ўринда эса “Samsung” турибди. Шундай бўлса-да, оддий мобил телефонлар савдосида фойда маржаси жудаям камни ташкил қилади.

SHARE