8 майнинг беш хабари

Дунёда ҳар куни шу даражада кўп воқеалар содир бўладики, уларнинг қайси бирини ўқишниям, қайси бирига ишонишниям билмайсан киши. “Ватандош” — душанбадан жумагача — куннинг энг муҳим бешта ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий хабарларини бериб боради.

 


 

Ўзбекистон Путинни табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Владимир Путинни унинг расман Россия Федерацияси Президенти лавозимини бажаришга киришгани муносабати билан муборакбод этди. Маълумки, Владимир Путиннинг тантанали инаугурация маросими кеча Кремлда бўлиб ўтган эди.
Путин 2012 йил 4 мартда ўтказилган президентлик сайловларининг биринчи турида ғолиб чиқди. Унга сайловчиларнинг 63,6 фоизи овоз берди.


 

 

Россияга бормоқчимисиз? Рус тили ва тарихини ўрганинг!

Янги сайланган Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 10 дан ортиқ фармонларга имзо чекди. Улардан бири Россияда иммиграция масалаларини тартибга солишга бағишланади. Хусусан, фармонга кўра, шу йилнинг ноябрига қадар Россияда чет эллик иммигрантлар учун рус тили, Россия тарихи ва мамлакатнинг асосий қонунчилиги бўйича имтиҳон жорий этиладиган бўлди. Бу тартибда юқори малакали кадрларга татбиқ этилмайди. Президент, шунингдек, иммиграция қонунчилигини бузганлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш тўғрисида ҳам кўрсатма берган.


 

 

Санторум расман Ромнини қўллаб-қувватлади

Республикачилар партиясидан праймеризда иштирок этган ва кейинчалик сайловолди пойгадан чиқиб кетган Рик Санторум расман Массачусетс штатининг собиқ губернатори Митт Ромнини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ўз ҳаммасликларига йўллаган махсус электрон мактубида Санторум Ромни билан бир қанча масалаларда қарама-қаршиликларга эга бўлса-да, Ромни мамлакат олдида турган иқтисодий муаммолар бўйича “чуқур мушоҳада”га эга эканлигини қайд этган.
У, шунингдек, Обама, албатта, мағлуб этилиши лозимлигини, аммо бу вазифа осон бўлмаслигини таъкидлаган. Республикачилар партиясидан Митт Ромнининг асосий рақибларидан эди. Аммо кейинчалик қизининг соғлиғи ёмонлиги туфайли пойгада қатнашмаслигини маълум қилганди. Шу кунларда Ромнига қарши республикачилар партиясидан фақатгина Рон Пол кураш олиб бормоқда. У муддатидан аввал номзод бўлиш учун курашни тўхтатмаслигини қайд этди.


 

 

Прокуратура 7 йил сўради

Германия прокуратураси “Ал-Қоида” ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда айбланаётган 37 яшар, асли келиб чиқиши афғонистонлик бўлган Аҳмад Вали Сиддиқийни етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўрашган. 2010 йилда Афғонистонда Америка ҳарбий кучлари томонидан қўлга олинган Сиддиқий Германия ва бошқа жойларда террор ҳужумлар уюштиришни режалаган. У “Ал-Қоида”нинг Европадаги бир қатор шаҳарларда террорчилик ҳужумларини режалаштиргани ҳақида ахборот берган. Аҳмад Вали Сиддиқий Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳарбий лагерларида тайёргарликдан ўтганлиги таъкидланади. У айнан Германияда террор ҳужумларни режалаштиргани учун АҚШ ҳарбийлари томонидан немис ҳарбий тузилмасига топширилган.


 

 

Яҳудийлар муддатидан олдин сайловга боришмайди

Куни кеча дунё оммавий ахборот воситаларида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу шу йилнинг сентябрь ойида навбатдан ташқари сайловлар ўтказилиши ҳақида баёнот берганлиги хусусида ахборотлар пайдо бўлганди. “РИА Новости” ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, мамлакатдаги асосий сиёсий партиялар ушбу масалада ўзаро келишишга муваффақ бўлишган. Чунончи, “Ликуд” партияси асосий мухолифат партияси “Кадима” билан “миллий бирдамлик ҳукумати”ни шакллантиришга ҳамда сентябрь ойида мўлжалланаётган сайловларни бекор қилишга келишган.

SHARE