“Нью-Йорк Таймс” контентни монетизация қилиш бўйича янги платформани ишга туширди

Дунёдаги энг нуфузли нашрлардан бири онлайн медиа-реклама технологиялари соҳасига ўзининг ҳиссасини қўшишга қарор қилди: “The New York Times R&D Lab” (нашриётнинг янги контент-технологиялар ва медиа-платформалар учун ечимларни ишлаб чиқувчи бўлинмаси) янгиликлар ва мақолаларга оид контентларни тўлиғича монетизация қилиш учун ўзининг янги воситасини ишлаб чиқди. Ушбу платформа “Ricochet” деб номланиб, у бренд эгалари ва компанияларга янги мижозларни жалб қилишда ёрдам беради. Бунинг учун у турли сайтларга ўша компания ёки бренд рекламаси қўшилган алоқадор янгиликлар ва таҳлилий мақолаларни жойлайди, дея ёзади “AdAge” нашри.

“Ricochet” имкониятларидан фойдаланиш учун мижоз компаниянинг маркетологлари “Times Co.” холдингига кирувчи нашрлардан бирига (масалан, “The New York Times” ёки “The Boston Globe”) чоп қилиниши лозим бўлган мақолалар тематикасини танлаши лозим бўлади. Шундан сўнг, ўша компания ҳақида чоп қилинадиган мақолалар учун ноёб URL ҳосил қилинади. Mижоз компания ушбу URLни ижтимоий тармоқлар, блоглар ва сайтлардаги профилларига киритиб қўйишади. Mижоз компаниянинг “Twitter”даги микроблогига, “Facebook”даги саҳифасига ёки сайтга обуна бўлган одамлар ўша ноёб URL устига босишганда, улар “Times Co.” нашрларидаги мақолага ўтишади (реклама мазмунига эга эмас), бу мақолада мижоз компаниянинг реклама линклари ва баннерлари бўлади.

Онлайн-рекламанинг бундай ёндашувини экспертлар онлайн-маркетингнинг янгича концепцияси дея баҳо беришмоқда. Бунда ҳам контент, ҳам контекст, ҳам ижтимоий медиа иштирок этмоқда.

Ҳозирча “Ricochet” тизими кимдир томонидан бошқарилиб туриши шарт, келажакда уни тўлиғича автоматлаштирилган тизимга ўтказишмоқчи. Ўшанда ўз брендини реклама қилишни хоҳлаган компаниялар махсус параметрларни киритса бўлди, қолганини “Ricochet”нинг ўзи бажарадиган бўлади.